Таълим муассасасининг биноси Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази (AKIS) ҳузурида жойлашади.
Қурилиш ишлари бошланишига бағишланган маросимда Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор елчиси Ким Ҳи Санг, “DICA” раҳбари Ли Динг Жин, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори Aлишер Тўраев, Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Aлишер Шукуров, KRC корпорацияси, “DICA” институти ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, Президентимизнинг 2022 йил 14 июлдаги “Корея Республикаси Ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобига Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2022-2026 йиллар давомида учта марказ: Ўзбекистон мева-сабзавотчилигида илғор технологиялар ўқув маркази, Ўзбекистон “ақлли қишлоқ хўжалиги” саноат технологиялари инновацион маркази ҳамда Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва унинг кўчатларини ишлаб чиқариш маркази қурилиши режалаштирилган.
– Ўзбекистон ва Корея қишлоқ хўжалигида катта ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича янги технологияларга босқичма-босқич ўтиляпти. Ҳозиргача Корея қишлоқ хўжалиги юртингизда “ақлли иссиқхоналар” технологиясини янада ривожлантириб, маҳсулот сифатини бузмасдан музлатгич омборларида узоқ сақлаш, боғдорчилик, сабзавотчилик соҳаларини янада такомиллаштириб келмоқдамиз. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида оддий фермердан соҳанинг илмли вакилигача, барча соҳа ходимларининг билим ва тажрибасини оширишни мақсад қилганмиз – деди “DICA” раҳбари Ли Динг Жин.
AKIS Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳудудида ташкил этиладиган ўқув маркази ҳамда Илғор боғдорчилик технологиялари намунавий хўжалиги негизида деҳқон ва фермерлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари вакиллари учун илғор боғдорчилик технологияси бўйича ўқув ва малака ошириш курслари ўтказилади. Замонавий технологияларни жорий этиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича ташкил этиладиган курсларда кореялик мутахассислар 2000 нафар фермерни ўқитишни режалаштирмоқда.
Корея қишлоқ хўжалиги тажрибасини ўрганиш мақсадида аграр соҳа мутахассислари тажриба ошириш учун Кореяга юборилиши ҳам ушбу лойиҳа доирасидаги вазифалардан ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати