Боку шаҳрида 19 июль куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз ҳукумати делегациясини қабул қилди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Ўз навбатида, Озарбайжон раҳбари мамлакатимиз етакчисини ва бутун халқимизни Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан яна бир бор самимий табриклаб, халқимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон Бош вазири мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловдан сўнг Шавкат Мирзиёевни биринчи бўлиб Президент Илҳом Aлиев табриклаганини билдириб, бу Давлатларимиз раҳбарлари ва мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик намунаси эканини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, Олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувлар изчил амалга ошириляпти. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётир. Нефт ва газ, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, ипакчилик ва тўқимачилик саноати ҳамда бошқа тармоқларда қўшма кооперация лойиҳалари ҳаётга мувафаққиятли татбиқ этилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда.
Бош вазир матбуот хизмати.