Унинг асарларида фарзанд тарбияси масаласи алоҳида боб сифатида ажратиб кўрсатилмаган бўлса-да, деярли барча ахлоқий, фалсафий ва ижтимоий қарашлари айнан тарбия мавзусига бориб тақалади. Шоир наздида тарбияли авлод — адолатли жамият ва барқарор давлатнинг асосий кафолати. Комил инсонни вояга етказиш — жамиятни ислоҳ қилишнинг энг ишончли ва узоқ муддатли йўли. Шу маънода, Навоийнинг қарашлари янги Ўзбекистоннинг инсон қадрига асосланган тараққиёт ғоялари билан ҳамоҳанг.

Алишер Навоий назарида тарбия — ин­сон ҳаётидаги энг муҳим жараён. Шоир болаликда берилган тарбия инсоннинг феъл-атвори, дунёқараши ва жамиятдаги ўрнини бутун умр давомида белгилаб бери­шини чуқур англаган. Шу сабабли тарбия­ни кечиктириб бўлмайдиган ва бепарволик­ка йўл қўйилмайдиган масъулиятли вазифа деб билади. Алломанинг фикрича, инсон туғилибоқ яхши ёки ёмон бўлиб қолмайди, балки уни шакллантирадиган асосий омил муҳит ва тарбиядир. Агар бола меҳр, одоб ва ҳалоллик муҳитида улғайса, келажакда жамиятга фойдали инсон бўлиб етишади. Аксинча, бефарқлик ва қўпол муносабат ҳукмрон бўлган муҳит фарзанднинг дунёқарашини издан чиқаради.

Шунингдек, ҳазрат тарбияни ин­сон тақдирини белгиловчи асосий ме­зон сифатида талқин қилади. Унинг қарашларида тарбия шунчаки шахсий масала доирасидан чиқиб, ижтимоий масъулият даражасига кўтарилади. На­воий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида бундай ёзади: “Агар тарбия бўлмаса, табиат­даги яхши хислат ҳам сўнади”. Бу фикр инсондаги ижобий имкониятлар фақат тўғри тарбия орқалигина юзага чиқиши­ни англатади. Навоий фикрича, агар тар­бия кечиктирилса ёки эътиборсиз қолди­рилса, жамиятда ахлоқий инқироз юзага келиши муқаррар.

Буюк адиб ота-онани фарзанднинг на­фақат моддий таъминотчиси, балки унинг ахлоқий қиёфасини шакллантирувчи шахс сифатида кўради. Шоирнинг машҳур ҳик­матларидан бирида “Фарзанд кўрганини қилур, эшитганини эмас” деган фикр ил­гари сурилади. Мазкур қараш бугунги пе­дагогик психологияда илгари сурилаётган “ибрат орқали тарбиялаш” моделига тўлиқ мос келади. Зотан, Навоий ота-онанинг шахсий хулқи фарзанд тарбиясида ҳал қи­лувчи аҳамиятга эга эканини салкам олти аср олдин таъкидлаган эди.

Улуғ мутафаккир ота-онани ўз хулқи, сўзи ва муомаласига масъул бўлишга чақи­ради ҳамда болага панд-насиҳат қилишдан аввал ўзимиз тарбияли бўлишимиз лозим­лигини эслатади. Ота-онанинг ҳалоллиги фарзанднинг виждони, ота-онанинг сабри эса фарзанднинг матонати бўлиб шаклла­нади.

Ҳазрат Навоий илмни инсонни юксакка кўтарувчи энг буюк куч деб билган бўл­са-да, уни одоб-ахлоқдан айро ҳолда асло тасаввур қила олмаган. “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги “Илм бирла бўлмаса адаб, ул илм жаҳолатдин ёмон” деган пурмаъ­но сатрлари мутафаккирнинг бу борадаги қарашларини яққол ифодалайди. Навоийнинг уқтиришича, тарбиясиз олинган би­лим жамиятга фойда келтириш ўрнига хавф туғдириши мумкин. Шу боис, ёш авлодга нафақат зиё тарқатиш, балки маъ­навий жиҳатдан бутун ва етук инсон этиб вояга етказиш ғоят муҳим.

Шоир инсон хулқини тарбиянинг ўзаги ва пойдевори деб билади. Унинг наздида гўзал хулқ — инсоннинг энг олий зийна­ти. “Маҳбуб ул-қулуб” асарида бу ҳақда: “Яхши хулқ — инсон зийнати, ёмон хулқ — бало”, дея таъкидланади. Навоий кибр, манманлик ва нодонликни жамиятни ичидан емирувчи иллат сифатида қаттиқ қоралайди. Унинг эътирофича, болаликдан камтарлик ва гўзал одоб руҳида тарбия топ­ган фарзанд келажакда жамият мувозанати­ни сақловчи катта кучга айланади.

Аллома асарларида ҳалол меҳнат тар­биянинг энг мустаҳкам устуни сифатида улуғланади. Меҳнат инсон қадрини оши­ради ва жамиятда муносиб ўрин эгалла­шига хизмат қилади. Шоирнинг “Ҳалол меҳнат била топилган луқма жонни пок этур” деган ҳикмати фикримизнинг ёрқин исботидир. Навоий машаққатсиз ва меҳнатсиз бойлик орттиришни маъна­вий тубанлик деб баҳолайди. Шу сабабли фарзандни ёшлигиданоқ меҳнатсеварлик, масъулият ва сабр-тоқат руҳида чиниқти­риш зарурлигини таъкидлайди.

Тарбияда меҳр-муҳаббатнинг ўрни беқиёс эканини Навоий бот-бот уқтиради. Инсон қалбини жазо ёки зўравонлик билан эмас, фақат самимий муҳаббат билан забт этиш ва тарбиялаш мумкин. Унинг “Кўнгулни синдурма, кўнгул Худо уйидур” деган сўзлари тар­бияда инсонпарварлик ва руҳий назокат бирламчи бўлиши кераклигини англата­ди. Мутафаккир қўпол муносабат бола­нинг маънавий дунёсини жароҳатлаши­ни чуқур ҳис этган.

Бугунги глобаллашув ва шиддатли ах­борот асрида фарзанд тарбияси ҳар қачон­гидан ҳам мураккаб жараёнга айланди. Айни шу паллада Алишер Навоий ўгитла­ри миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этган маёқ сифатида бизга йўл кўрсатади. Унинг ғоялари замонавий педагогика ва маънавий қарашлар билан ҳамоҳанг. Янги Ўзбекистон тараққиёти­нинг марказида инсон қадри ва камолоти турган бир пайтда Навоийнинг тарбия ху­сусидаги ўлмас ғоялари бугунги маънавий ҳаётимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Нодир ҒАФФОРОВ,

филология фанлари доктори, профессор