Бугунги глобаллашув вақтида ривожланган ва ривожланиш босқичида бўлган барча давлатлар дунё миқёсида ўзининг иқтисодий-ижтимоий ҳолатини янада яхшилаш, жаҳон бозорида тутган ролини мустаҳкамлашни ўз олдига мақсад қилиб олган. Шунингдек, йилдан йилга юксалиб бораётган мамлакатлар қаторида юртимизда ҳам илм-фан, таълим, иқтисодиёт, саноат, спорт, санъат, маданият сингари барча соҳаларда ўсишга эришиш ва бунинг натижасида илмий салоҳиятини ошириш, аҳоли турмуш тарзини бунданда яхшилаш мақсадида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келтиришимиз мумкин.

Ҳозирда юртимизни босқичма-босқич бозор иқтисодиётига олиб чиқиш ва ундаги ролини мустаҳкамлаш мақсад ва муддаомизга айланган. Айни пайтда дунё миқёсида кескин тус олиб бораётган шиддатли рақобатга фақат замонавий илм-фан, юқори технологиялар ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш орқалигина муносиб жавоб бера олишимиз мумкин.

Чунки дунёдаги ривожланган мамлакатлар ўз олдига нафақат маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уларни бозорга олиб чиқишни, балки чуқур билим ҳамда илмий ютуқларга асосланган инновацион иқтисодиётга ўтиш вазифасини қўймоқда. Яъни, ўз иқтисодиётини мавжуд табиий ресурсларни сарфлаш эвазига эмас, инновацион маҳсулотлар яратиш, ўзлаштириш ва илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш орқали ривожлантириш тараққиётнинг асосий омилига айланмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш мумкинки, мамлакатимизни инновацион ривожлантириш стратегияси ва механизмлари, энг аввало, шу давлатда яратилган интеллектуал, илмий-техникавий салоҳиятдан қанчалик самарали фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда уч юздан ортиқ илмий тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари, тажриба конструкторлик ташкилотлари, илмий ишлаб чиқариш корхоналари, кичик инновацион марказлар ва бошқа илмий техникавий тузилмалар фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон 2030 йилга қадар глобал инновацион индекс рейтингида дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киришдек улкан мақсадга эришишда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган стратегик режа эълон қилинди. Бизнинг мақсадимиз илм-фан соҳасини замонавий иқтисодиёт талабларига мослаштиришдан иборат бўлиб, илм-фандаги тегишли ҳуқуқий база билан тартибга солинадиган туб таркибий, ташкилий-молиявий инфратузилмага оид ислоҳотларни амалга оширишни талаб этади.

Эндиги вазифа нафақат илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш балки уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этишга қаратилган самарали механизмларни яратишдан иборат. Ушбу масалаларнинг асосий ечими илм-фан ва инновациялар соҳасида етакчи мамлакатлар қаторидан ўрин олиш, саноат инқилоби даврида халқаро рақобатбардошликка эришиш, тўпланган муаммоларнинг ечимларини излаб топпиш, шунингдек, глобаллашув туфайли юзага келаётган баҳсли масалаларни ҳал қилишдан иборат бўлиши керак. Зеро, дунёда юзага келаётган мана шундай мураккаб вазиятда ҳам мамлакатимиз жаҳонда тутган ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаб бормоғи лозим.

Зокир БАЗАРОВ,

Самарқанд давлат чет тиллар институти