Юртимиз вакиллари ташриф доирасида Рига шаҳрида жойлашган Латвия спорт таълими академияси раҳбарияти билан учрашди. Унда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, илмий тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, ёш олимларнинг ўзаро тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди ҳамда икки томонлама ҳамкорлик битими имзоланди.

Университетимиз делегацияси Литва спорт университети таркибидаги Спорт ва инновациялар тадқиқот институтида ҳам бўлди. У ердаги спортчилар ўқув-машғулот йиғинларида фойдаланиладиган мобиль лабораториялар, атлетларнинг сакраш кучини ўлчаб берадиган “БТС биоенгинееринг” ҳамда замонавий “биомеч” аппаратлари вакилларимизда катта қизиқиш уйғотди.

Лаборатория ходимлари томонидан замонавий техника воситаларининг қандай ишлатилиши, кунлик меъёрлари ҳақида тушунча берилди. Учрашув сўнгида Литва Спорт ва инновациялар тадқиқот институти билан ҳамкорликда фаолият олиб бориш масалалари келишиб олинди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур сафар Президентимиз раислигида 23 май куни спорт таълимини яхшилаш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларнинг захирасини яратиш, мураббийлар тайёрлашдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.

Ҳамюртларимизнинг Болтиқбўйи давлатларига ташрифи 24 июнгача давом этади.