Халқимиз қадимдан илм аҳлига, олиму фузалоларга юксак ҳурмат кўрсатган. Илм-маърифат билан машғул бўлганларни устоз, раҳнамо, мураббий деб улуғлаган. Ушбу анъана Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ҳам асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Президентимиз ташаббуси билан илмий фаолият билан шуғулланаётганларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш тизими шаклланди. Янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланди. Бу ташаббуснинг тарихий, илмий ва зарурий асослари мавжуд.
Илм-фаннинг мана шу улкан ва муҳташам, ноёб асосига таяниб, юртимизда замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш устувор вазифалардан бирига айланди. Жумладан, 2019 йил 29 октябрдаги “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун ўзбек илм-фани тараққиётида ҳақиқий тарихий воқеа бўлди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 октябрдаги “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида илмий-инновацион фаолиятни ташкил этиш, илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш ва тижорийлаштириш имкониятини оширишга оид устувор вазифалар белгилаб берилди.
Илмий тадқиқотлар ҳақида фикр юритганда Scopus, Science Direct, “Хирш” индекси ( hиндекс), “халқаро SсiVal ахбороттаҳлил тизими”, “технопарк”, “форсайт”, “технологиялар трансфери”, “стартап”, “акселератор марказлар”, “Университет 3.0” каби кўплаб инновацион тушунчаларга дуч келяпмиз. Бу тушунчаларни нафақат англаш, балки улардан амалда фойдаланишга лаёқатли кадрларни тарбиялаш долзарб муаммолардан бири бўлиб турибди.
Мазкур ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида Тошкент давлат педагогика университетида ҳам профессор-ўқитувчилар, докторантлар, магистрантлар ва талабаларнинг илмий ижодий фаоллигини оширишга қаратилган илмий тўгараклар ва семинарлар фаолиятини тубдан яхшилаш, конференциялар фаолияти самарадорлигини ошириш, илмий тадқиқотлар ва лойиҳаларнинг сифатли бажарилишига эришиш, ёш олимлар фаолиятини мувофиқлаштириш каби устувор йўналишлар долзарб аҳамият касб этмоқда.
Президентимизнинг шу йил 21 июндаги “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нафақат педагоглар, балки юртимизда ёш авлод тарбияси билан шуғулланаётган барча зиёлилар учун катта туҳфа бўлди. Мазкур ҳужжатда университетнинг илмий журналини Scopus, Web of Science ёки бошқа халқаро маълумотлар базасига киритиш, олий таълим муассасасининг Times Higher Education ёки Quacquarelli Symonds халқаро рейтинг агентликларининг соҳавий, ҳудудий ёхуд тематик рейтингларига киришини таъминлашга доир вазифалар белгилаб берилган.
Шунингдек, қарордан ўқув даргоҳи фаолиятини халқаро талабларга мувофиқ такомиллаштириш, унинг жаҳонда эътироф этилган олий таълим муассасалари рейтингига кириши борасидаги мавжуд муаммоларни тадқиқ қилиш ва натижалари юзасидан таклифлар киритиш каби йирик ижтимоий аҳамиятга молик чора-тадбирлар ҳам ўрин олган. Ушбу топшириқлардан келиб чиққан ҳолда, Тошкент давлат педагогика университетида фаолият юритаётган ҳар бир профессор-ўқитувчининг индивидуал ва педагогик жамоа билан истиқболда бажарадиган амалий ҳаракат дастури ишлаб чиқилди. Белгиланган вазифаларни бажариш учун университетнинг барча моддий-техник ва илмий-методик салоҳияти сафарбар этилмоқда.
Рақобатбардошлик ва рейтинг индикаторлари
Бугун шиддат билан ривожланаётган дунёда инсон капиталига эҳтиёж ва уни янада бойитиш тараққий этаётган мамлакатлар учун устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Олий таълим муассасасининг рейтингини аниқлаш бўйича янгича ёндашув шакллангани ҳам бу йўлдаги бир қадамдир. Бу жараёнда илмий тадқиқотлар билан боғлиқ индикаторлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Жумладан, профессор-ўқитувчиларнинг чоп эттирган материалларидан иқтибос олиниш даражаси, хорижий илмий журналларда нашр этилган илмий мақолалар, интеллектуал мулк воситаларига олинган сертификат (патент)лар, ёқланган докторлик диссертациялари, иқтисодиёт тармоқлари буюртмалари бўйича ўтказилган тадқиқотлар, шунингдек, давлат грантлари ҳисобидан олинган маблағлар салмоғи, хорижий илмий фондлар ва тадқиқот марказларининг грантлари ва буюртмалари ҳисобидан олинган даромад миқдорига катта эътибор берилган. Бундай ёндашув, ўз навбатида, илмий-тадқиқот ишлари кўламини янада кенгайтириш заруратини юзага келтиради.
Таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграцияси
Тошкент давлат педагогика университети фаолиятида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси самараси, асосан, ишлаб чиқилган интеллектуал маҳсулотларнинг узлуксиз таълим тизимига татбиқ этилганида ўз ифодасини топмоқда. Олий таълим муассасаси ҳамкорлик ўрнатган ташкилотларнинг умумий сони 193 та бўлиб, аксарияти таълим даргоҳларидир.
Ҳамкорларнинг 7 таси Фанлар академияси тизимидаги тармоқ институтлар бўлса, 49 таси олий, 56 таси профессионал, 58 таси умумий ўрта таълим муассасалари. Булардан ташқари, 23 та бошқа ташкилот билан ҳамкорлик асосида илмий-тадқиқот ишлари йўлга қўйилган. Хусусан, кафедралар Фанлар академиясининг Зоология, Ботаника, Умумий ва ноорганик кимё, Геология, Тарих институтлари билан инновацион ҳамкорликка устувор аҳамият қаратган.
Илмий фаолият рақамларда акс этганда...
Сўнгги бир йилда университетнинг илмий салоҳияти 42 фоиздан 45 фоизга ошгани бежиз эмас. Бунга 55 нафар фан доктори ва 326 нафар фан номзодидан иборат илмийпедагогик жамоаси катта ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, 2021/2022 йилларда университет изланувчилари 168 та диссертация ёқлаган. Жумладан, бу йил 43 та диссертация ҳимоя қилинди. Университетда педагогика, психология ва тарих ихтисосликлари бўйича диссертациялар ҳимоясини ўтказиш бўйича 3 та илмий кенгаш фаолият юритяпти.
Сўнгги икки йилда университет ходимларининг 8 нафари профессор, 45 нафари доцент илмий унвонини олди. Профессор-ўқитувчиларимизнинг халқаро илмий нашрларда мақолалар чоп эттириш самарадорлиги ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоиз кўпайганини таъкидлаш жоиз. Илмий ишларимиз давомчиси, шубҳасиз, ўсиб келаётган ёшлардир. Уларнинг тимсолида муассасамизнинг келгуси фаолиятини таъминловчи кучни кўрамиз. Шу боис, уларнинг униб ўсиши, иқтидорини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилади.
Ҳозир университетда 1 нафар Президент стипендиати ҳамда 9 нафар номдор давлат стипендиялари совриндори таҳсил олмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан икки баробар кўпайган. Бу йил Тошкент давлат педагогика университети барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда олий таълим муассасалари таъсирини баҳоловчи THE Impact Rankings халқаро рейтингидан жой олди. Университетнинг илмийпедагогик салоҳиятидан талабалар билан бирга ака-опаларига ҳавас қилган битирувчи синф ўқувчилари ҳам баҳраманд бўляпти.
Жумладан, Тошкент шаҳридаги ўқитиш сифати паст, муҳити оғир бўлган 30 та умумтаълим мактаби ўқитувчилари учун таълим сифатини ошириш ҳамда ўқитишнинг дидактик имкониятларини кенгайтириш бўйича семинартренинглар ўтказилмоқда. Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 50 та ва Қуйи Чирчиқ туманидаги 53 та мактабга Кембриж методикаси бўйича сертификатга эга мутахассислар илмий-методик ёрдам кўрсатяпти. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда университет профессор-ўқитувчилари информатика, математика ва физика фанларининг ўқув-методик таъминотини такомиллаштиришга қаратилган мақсадли ишларни амалга оширмоқда.
Ҳозир илм катта моддий манфаатдорлик келтирадиган даврда яшаяпмиз. Бу борада ҳам университет жамоаси муайян натижаларга эришаётганини қайд этиш лозим. Жумладан, ўтган йили илмийинновацион ишланмаларни тижорийлаштириш орқали қарийб 2,8 миллиард сўм маблағ ишланган бўлса, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида бу кўрсаткич 4 миллиард сўмдан ошиб кетди. Бу дегани ҳар бир профессор-ўқитувчига тўғри келадиган маблағ қарийб 5,5 миллион сўмни ташкил этади.
Университетда Жаҳон банки Академик инновациялар фондининг “Олий таълим муассасаларида педагогика ва психология фанини ўқитиш амалиёти ва онгости соҳасига доир таълим бериш жараёнини такомиллаштириш” номли гранти доирасида “Психофизиология” ва “Психологик хизмат” илмий лабораториялари ташкил этилди. ЭРАСМУС+ дастурлари доирасида тўртта ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг битта фундаментал, битта инновацион ва иккита амалий лойиҳаси муваффақиятли бажарилмоқда.
Бу натижаларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Бу борада профессор-ўқитувчиларимиз билим ва тажрибасини муттасил ошириб келаётгани муҳим омил бўлаётир. Жумладан, шу йилнинг олти ойи давомида 79 нафар профессорўқитувчи малака ошириш, 4 нафар педагог илмий стажировкадан ўтди. Бу саъй-ҳаракатлар билан чекланмай, қисқа муддатда университет илмий салоҳияти 70 фоизга оширилади. Шунингдек, халқаро илмий ҳамкорлик асосида илмийинновацион ишларда дунёдаги илғор тажрибаларни трансформация қилиш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий мақолаларини чоп эттиришдаги фаоллигини ошириш, илмий-тадқиқот натижаларини таълим жараёнига татбиқ этиш механизмларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Янги ташаббуслар
Тошкент давлат педагогика у ниверситети илмий-педагогик жамоаси ислоҳотлардан руҳланган ҳолда қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Жумладан, университет юз нафар профессор-ўқитувчисининг саккизта хорижий олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда коллобратив шаклда илмий мақолалар тайёрлашига тамал тоши қўйилди. Бунинг натижасида йил охирига қадар халқаро йирик ва нуфузли илмий журналларда 120 та илмий мақола нашр этилиши кутиляпти.
Университетда бажарилаётган грантларнинг тажрибасинов ишлари ва апробациясини Россия, Беларусь ва Латвия давлатлари таълим марказларида ўтказиш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасасида мавжуд илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда ташкил этилаётган докторлик диссертациялари ҳимоясига 17 та хорижий давлатнинг 21 нафар мутахассиси оппонент, тақризчи ва етакчи ташкилот вакили сифатида жалб қилинди.
Шу йилдан эътиборан университет илмий-инновацион фаолиятини ташкил этишда “Бир нафар педагог — бир инновацион ишланма” номли янги ҳаракат ташкил этилиб, 2022/2023 ўқув йилигача 400 дан ортиқ янги машғулот ишланмасини яратиш ва амалиётга татбиқ этиш кутилмоқда. Шунингдек, 2022 йил сентябрь октябрь ойларида университетнинг 20 нафар таянч докторантини хорижий давлатларнинг илмий ва таълим марказларига қисқа муддатли стажировкаларга юбориш режалаштирилган.
Бугунги глобаллашув шароитида ҳар қандай давлатнинг тараққиёти ва рақобатбардошлигини оширишда илм-фан ривожини таъминлаш ва илм аҳлининг фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Бу йўналишда юртимизда қилинаётган ишларни ўзанидан чиқмай, бир маромда шовуллаб оқаётган, теваракатрофни обод қилаётган зилол сувга қиёслаш мумкин.