Қувончли хабар Алишер акани таниган- билган инсонлар, у ташкил этган клиникада шифо топган кишиларни беҳад мамнун этди. Бу мукофот йиллар давомида эл саломатлиги йўлида қилинган машаққатли ва шарафли меҳнатнинг муносиб эътирофи бўлди.

Қашқадарёнинг олис Китоб туманида очилган “Саломатлик академияси” хусусий клиникаси қисқа вақт давомида одамлар оғзига тушди, эл меҳри ва ишончини қозонди. Шубҳасиз, бунинг замирида клиника жамоасининг бир ёқадан бош чиқариб қилган заҳматли меҳнати ётибди. Бу фидойи жамоа клиника фаолиятида дунё стандартлари даражасидаги юқори тиббий технологияларга асосланган малакали тиббий хизматни пойтахтдан олисдаги вилоят ва туманда ҳам йўлга қўйиш, аҳолига нисбатан арзон, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда тиббий туризмни ривожлантириш сингари улуғ мақсадни кўзлаган эди. Жамоа бу вазифани шараф билан уддаламоқда.

— Клиника бир кунда ўртача 450 дан ортиқ беморни қабул қилади, — дейди бош шифокор Ҳаким Саидов. — Ҳозирга қадар муассаса томонидан аҳолининг кам таъминланган, ҳимояга муҳтож, уруш фахрийлари ва ногиронлик бўйича нафақа оладиган тоифадаги бир қисмига 325 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги бепул тиббий хизматлар кўрсатилди. Бу ерда жами 107 нафар ходим ишлайди. Ўтган 20172021 йиллар давомида жами 1 262,7 минг АҚШ доллари ҳамда 1 миллиард 370 миллион сўм қийматидаги замонавий тиббиёт ускуналари олиб келиб ўрнатилди ва ишга туширилди. Бу ерда барча имконият,  шароит бор. Булар эса ишлашга ундайди, куч  беради.

2018 йилда эндоурология йўналиши бўйича халқаро маҳорат дарси ва 2019 йилда республикамизда биринчи маротаба халқаро миқёсдаги эндоурология форуми ташкил этилган. Форумда хориждан  100 дан зиёд, мамлакатимиздан 400 дан ортиқ мутахассис иштирок этди. Тадбир давомида телетиббиёт орқали чет эл мутахассислари томонидан замонавий усулда бажарилган 10 дан зиёд жарроҳлик амалиёти онлайн равишда иштирокчиларга трансляция қилинди.

Бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, клиникани ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўламини янада кенгайтириш ва сифатини ошириш мақсадида 50 ўринга мўлжалланган “DR BOBOYEV HEALTH CENTER” болалар ва катталар эндоурология ва лапороскопия жарроҳлик маркази ташкил этилди. Марказда энг замонавий услубда жиҳозланган 4 та жарроҳлик амалиёти хонаси очилди.  

— Бу каби муассасалар сони кўпайиши туфайли аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлиги янада ортиши шубҳасиз, — дейди Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош лиғи Равшан Тўлаков. — Айни пайтда воҳамизда фаолият кўрсатаётган хусусий тиббиёт муассасалари сони 550 тадан ошди. Жорий йил охирига қадар 570 тага етиши кутилмоқда.

2021 йил давомида тизимда умумий қиймати 242 миллиард сўмлик 72 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, 22 та хусусий тиббиёт муассасаси ўз фаолиятини кенгайтириши кўзда тутилган, 451 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

Акбар РАҲМОНОВ,

журналист