Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан тизим корхоналари эҳтиёжлари учун илгари импортдан келтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий тадбиркорлик субъектлари билан мутлақо янгича усулда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Айнан шу ишларнинг натижасида жорий йилда «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг импортни қисқартириш дастури доирасида 47,5 миллион доллар эквивалентидаги (режага нисбатан 122,3 фоиз) импортни қисқартиришга эришилди.
Жумладан, 25,5 миллион доллар (режага нисбатан 147 фоиз) маҳаллийлаштириш дастурида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг илгари импортдан харид қилинган қисми бўйича ва 21,6 миллион доллар (101,7 фоиз) кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳисобига тўғри келади.
Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимида «тармоқ-ҳудуд» принципи асосида бевосита ишлаб чиқарувчи ва сотиб олувчи ўртасида энг қисқа фурсатларда, ўртада бирор-бир воситачиларсиз алоқаларни йўлга қўйиш масаласига жиддий эътибор бериляпти. Бунда республика ягона электрон кооперация портали, жамиятнинг расмий веб-сайтида харидлар, маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларига бағишланган бўлимлар, шунингдек бошқа харид порталлари асосида ҳамкорлик жараёнлари ташкил этиляпти.
Бунинг натижасида, 2022 йил январь-март ойларида электрон кооперация портали орқали «Ўзбекнефтгаз» АЖ умумий қиймати 206,8 миллиард сўмлик 472 та шартномалар имзолаган бўлиб, бунда республиканинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри бўйича жами 100 га яқин маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қамраб олинган.
Ҳозирда «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимида маҳаллийлаштириш, кооперация алоқаларини ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган ишлар суръати кучайтирилиб, манзилли ишлар амалга ошириб келиняпти, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.