“Ўзагроинспекция”нинг Иштихон тумани бўлими соҳавий инспекторлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида оммавий ҳуқуқий тадбирлар ўтказилмоқда.
Унда чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар вакилларига ҳукумат қарори асосида берилган имтиёзлар батафсил тушунтирилмоқда. Қарорга кўра, хорижий давлатлардан импорт қилинган ҳар бир бош наслли қорамоллар учун 2 миллион сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган. Қарорда белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш мақсадида туманда чорвачиликда наслчиликни яхшилашга қаратилган ўнлаб лойиҳалар ишлаб чиқилди.
— Наслчиликка ихтисослашган “Қаҳрамон” ва “Хоматов Эльёр боғлари” фермер хўжаликлари ҳам ушбу қарор асосида имтиёзга эга бўлди. Гап шундаки, иккита фермер хўжалиги учун Австриядан келтирилган 50 бош наслли “Семментал” зотли қорамоллар учун 100 миллион сўм субсидия ажратилди, — дейди агроинспекциянинг Иштихон туман бўлими катта инспектори Алишер Рашидов.
Агроинспекциянинг туман бўлими томонидан келтирилган қорамолларнинг рўйхатга олиниши, ветеринария назоратидан ўтказиб карантин қоидаларига риоя этилиши юзасидан доимий равишда мониторинг ўрнатилди, деб хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.