«Россельхознадзор» маълумотига асосланиб «Верстов.инфо» интернет порталининг ёзишича, жорий йилнинг 8 ойи давомида Челябинск вилоятига 13 минг тоннадан ортиқ ҳўл мева, 2 минг 800 тонна қовун-тарвуз ва 9 минг 400 тоннага яқин сабзавот етказиб берилган.

Бундан ташқари, Жанубий Уралга қарийб 6 минг тонна кунгабоқар ва ошқовоқ уруғи, 900 тоннадан зиёд қуритилган сабзавот ва зираворлар, минг тоннадан ортиқ ерёнғоқ, 130 тоннага яқин қуритилган мева келтирилган.

Маълум қилинишича, мевалар умумий миқдорининг 40 фоизи, сабзавотларнинг 30 фоизи, зираворларнинг 50 фоизи Ўзбекистондан импорт қилинган, деб хабар беради «Дунё» АА.

Россияликлар қовун-тарвуз фақат Ўзбекистондан келтирилганини алоҳида қайд этган. Челябинск вилояти губернатори ўринбосари Сергей Сушков Ўзбекистондан импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини «экологик тоза» деб баҳолаган.

Ўзбекистон Челябинск областига ўрик, шафтоли, олма, олхўри, гилос, узум, хурмо ва анор экспорт қилган. Шунингдек хабарда қалампир, помидор, пиёз, саримсоқ, занжабил, бақлажон ва бошқа сабзавотлар ҳам айнан Ўзбекистондан келтирилгани таъкидланган.