Учрашувда томонлар Ўзбекистон тўқимачилик саноати, хусусан, пахта-тўқимачилик кластерларини глобал ишлаб чиқариш занжирига улаш имкониятларини муҳокама қилдилар.

«Inditex» компанияси ижтимоий барқарорлик бўйича директори Индалесио Перес алоҳида таъкидлаганидек, дунё тўқимачилик саноатининг йирик вакиллари, хусусан, Испания компаниялари Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдирмоқда. Бунинг бир неча сабаблари бор. Аввало, юртимиз пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш борасида юқори салоҳиятга эга. Қолаверса, соҳада муносиб меҳнат шароити яратилиб, очилик ва шаффофлик таъминланяпти. Бу эса йирик брендларнинг Ўзбекистон бозорига киришга ундамоқда.     

Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда қулай бизнес ва инвестиция муҳити яратилиб, пахта-тўқимачилик саҳасини ривожлантиришнинг инновацион модели, яъни кластер тизимига ўтилди. Натижада энг сўнгги технологик ускуналар билан жиҳозланган замонавий тўқимачилик фабрикалари бунёд этилмоқда. Бу эса халқаро бренд ва ритейлерлар талаби даражасидаги юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беряпти. Айни шу жиҳат таркибида “Zara”, “Pull&Bear”, “Massimo Dutti”, “Bershka”, “Stradivarius”, “Oysho”, “Uterque” сингари брендларни бирлаштирган «Inditex» компанияси эътиборини тортмоқда.

Айтиш жоизки, эркак ва аёллар кийимларининг чакана савдосига ихтисослашган ушбу компания дунёнинг 96 давлатида 2 мингдан ортиқ савдо тармоқларига эга. Йиллик товар айланмаси қарийб 20 миллиард еврони ташкил этади. У буюртмаларининг маълум қисмини Ўзбекистонга жойлаштириши тикув-трикотаж ва тўқимачилик саноатимиз ривожида янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз.

— Чет эллик меҳмонлар пахта-тўқимачилик кластерлари ишлаб чиқариш салоҳияти, ишчилар меҳнат шароити, шунингдек, пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш жараёнининг атроф-муҳитга таъсири бор-йўқлиги билан қизиқди, — дейди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. — Уюшмамиз тизимидаги 134 та кластер халқаро брендлар буюртмасини қабул қилишга тайёр эканлиги, айниқса, биологик пахат етиштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар уларда катта таассурот қолдирди. Кластернинг саноат салоҳияти, экологик тоза маҳсулот етиштириш борасида эришаётган ютуқлари Қуйи Чирчиқ туманидаги “TCT Cluster” кўп тармоқли кластер фаолияти мисолида тушунтириб берилди.

Кластерлар имкониятлари билан яқиндан танишган «Inditex» компанияси делегацияси шу йили камида 200 миллион долларлик буюртмалар бериш истаги борлигини маълум қилди. Бу борада музокаралар давом эттирамиз.

Ўзбекистон бозорига «Inditex» компанияси сингари йирик брендларнинг кириб келиши туфайли келгуси йилнинг ўзида калава ипни чуқур қайта ишлаш ҳажми салкам икки баробарга ортиб, экспорт салоҳияти кескин ошиши кутилмоқда.