Ташриф доирасида меҳмонлар вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашишди. Учрашув давомида Бухоро вилояти билан Индонезия ўзаро ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинди. Хусусан, бугунги кунга қадар Бухоро давлат университетида Индонезиянинг бир қатор университетлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланганлиги, улар орасида Гунадарма университети билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этиши, Индонезиянинг «Sahid Group» компанияси билан ҳамкорликда хорижий бренд бошқаруви жорий этилган «Sahid Zarafshon» номли меҳмонхона сифатида фаолият юритаётганлиги, келгусида Ўзбекистонда Индонезиянинг Жакарта шаҳридан авиақатновларни амалга оширилиши устида иш олиб борилиши, зиёрат туризми йўналишида зарур чора-тадбирларни амалга оширилиши билан боғлиқ масалалар муҳокамалар марказида бўлди.

Меҳмонлар ва Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов учрашувида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада яхшилаш, таълим тизимида алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Делегация аъзолари Бухоро давлат университетининг фаолияти, талаба ва профессор-ўқитувчиларга яратилган шароитлар, шунингдек, ўқув даргоҳининг бой тажрибаси билан таништирилди. Университетда ташкил этилган Индонезия маркази меҳмонларга катта таассурот қолдирди.

Қайд этиш жоиз, Бухоро давлат университетида 2019 йилдан бери «Рақамли туризм» қўшма магистратура таълим дастури йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилда ушбу дастурни 7 нафар ўзбекистонлик ва 11 нафар индонезиялик талаба тугаллаб, иккала университет дипломига эга бўлди. Ўтган йили Гунадарма университетидан архитектура йўналишида 100 нафарга яқин талаба ташриф буюриб, ўз лойиҳаларини тақдим этди. Бугунги кунда Гунадарма университетида Индонезиядаги энг тез ишловчи суперкомпьютер ўрнатилган бўлиб, унинг имкониятларидан БухДУ томонидан ҳам фойдаланиш бўйича маслаҳатлашувлар олиб бориляпти. Шунингдек, доимий тарзда қўшма конференциялар, семинар ва тренинглар ташкил қилинади. Гунадарма университети ҳудудида янги технопарк ташкил қилинган бўлиб, ушбу технопаркда БухДУ тадқиқотчилари илмий стажировкадан ўтишлари режалаштирилган.

БухДУ ҳузурида Гунадарма университети маблағлари ҳисобидан ташкил этилган Индонезия синф хонаси мавжуд.

Учрашувда элчи Сунарё Картадината Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.

Ташриф давомида меҳмонлар Б.Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилиб, «Poykent Bukhara» меҳмонхонасининг очилиш маросимида иштирок этди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.