Ярмарка доирасида бир қатор манфаатли келишувларга эришилди. Жумладан, Индонезияда фаолият кўрсатувчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларнинг Ўзбекистонга саёҳатларини ташкил этиш ва улар томонидан юртимиз туризм имкониятлари ҳақида қизиқарли медиаконтентлар тайёрлаш масаласида бир нечта учрашувлар ташкил этилди.

Нафақат Индонезияда, балки Шарқий Осиё мамлакатларида таниқли бўлган киноактёр ва блогер Веррел Брамаста ҳамда унинг ижодий гуруҳи билан олиб борилган икки томонлама музокаралар жараёнида жорий йилнинг сентябрь ойида жамоанинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.

Веррел Брамаста бугунги кунда  Instagram ижтимоий тармоғида 27 миллиондан зиёд обуначига эга бўлса, YouTube платформасида уни 4,5 миллион нафарга яқин обуначи кузатиб боради. Эътиборлиси, обуначиларнинг 85 фоизини ёшлар ташкил этади.

Веррел Брамаста ва унинг жамоаси томонидан тайёрланган турли хил видеороликлар Индонезиядан ташқари Малайзия ва Сингапурда ҳам кўп марта томоша қилинган.

Шу боисдан блогерни Ўзбекистонга жалб қилган ҳолда мамлакатимизнинг тарихий масканлари ва тез ривожланиб бораётган қишки ҳамда тоғ туризми йўналишларида видеороликлар ишлаш бўйича келишиб олинди.