Кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қурилиш-таъмирлаш ишлари боис Ингичка шаҳарчасидаги кўплаб ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳа объектлари замонавий қиёфа акс этмоқда. Йўлларга асфальт ётқизилиб, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш муассасаларидаги шарт-шароитлар тубдан ўзгарди. Шаҳарчада аҳолига маънавий-маърифий хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида яна бир хайрли ишга қўл урилди. Яъни, шаҳарчадаги Маданият ва дам олиш маркази таъмирланиб, замонавий қиёфа акс этди. Ушбу масканнинг очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
21 октябрь - Ўзбек тили байрами арафасида бўлиб ўтган тадбир ҳақиқий халқ сайлига айланди. Халқимизнинг севимли санъаткорлари Ҳосила Раҳимова ҳамда Маҳмуд Намозовларнинг иштироки байрамга кўтаринкилик бағишлади.
Тадбирда сўзга чиққан Каттақурғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ингичкаликларни байрам билан қутлар экан, шаҳарчадаги бунёдкорлик ишлари, халқ турмуш шароитини яхшилашга йўлидаги ижобий ишлар ҳақида сўз юритди.
Ўз навбатида ингичкаликлар ҳам бугун шаҳарчада аҳоли фаровонлигини яхшилаш йўлидаги улкан бунёдкорлик ишлари, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун ўз миннатдорчиликларини билдирди, деб хабар беради Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.