Тадбирда университет ректори Улуғбек Азизов, инглиз тили бўйича мутахассислар, профессор-ўқитувчи ва талабалар иштирок этди. Илмий анжумандан кўзланган мақсад талабалар ўртасида тилга бўлган қизиқишни янада ошириш ва хорижий тилларни осон ҳамда тез ўрганиш.

Тадбир давомида 1-курс магистранти Мавлонбек Сапаров IT технологияларидан фойдаланиб, болаларнинг чет тилларини самарали ва қизиқарли ўрганиши учун махсус робот-устоз тақдимоти билан таништирди.

Кўп йиллик изланишлар натижасида яратилган "Angelfaces" номли ушбу ихтиро таркибига 3 китоб, 1 электрон қурилмали ручка, яъни робот-устоз ва 8 тилни жамлаган.

– Ҳозирги кунда чет тилларига бўлган эҳтиёж янада ортиб бормоқда. Айнан ҳамма ўзи учун қулай бўлган йўлни танлайди. Мен ҳам ушбу жиҳатларни ҳисобга олиб, бу қурилмани яратишга қарор қилдим. Мазкур қўлланма инглиз, рус, корейс, хитой, француз, испан, ўзбек ва араб тилларини қизиқарли машқлар, диалоглар, интеллектуал ўйинлар, расмли луғатлар ва қувноқ ашулалар орқали осон ва тез ўрганиш имконини беради, – дейди ихтиро муаллифи.

Бундан ташқари, университет томонидан "Ted talk" лойиҳаси ташкил этилган бўлиб, бу ҳам айнан тилни осон ўрганишга ёрдам беради. Анжуманда бу лойиҳалар ҳам тақдимот қилинди. 

Тадбир сўнггида инглиз тилида чоп этилиши режалаштирилган мақола муаллифлари тақдирланди.           

Улуғбек Камолов