Учкўприкликлар азалдан аскияга ўч, ўзлари ҳам унча-мунча воқеа-тафсилотларга тўн бичиб, ёқа кийгизиб, оммага етказишда аст бўлиб кетишган. Мана қаранг, Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг бир гуруҳ қаллоблар устидан чиқарган ҳукмининг сиёҳи қуримай туриб, воқеани пайровга солишгани бунинг исботи.

– Мансуржон.

– Лаббай, Абдулҳай ака.

– Тумандошингиз Муроджон инженерни жуда номи чиққан дейишади.

 – Шундай, у яхши инженер. Бордан йўқ қилади, йўқдан бор қиладиганлардан. Бу кишим сизни нега қизиқтириб қолди.

– Ие, қизиқ-да. У иш бошида туриб, Мамачол қишлоғига миллион-миллион сўм пул сарфлаб вертикал қудуқ қазиб сув чиқазибди.

– Яхши-ю ака, сув келтирган элда азиз дейишади-ку. Бола чақаларни олиб келинг, бўлмаса, бир сувидан тўйиб ичиб, камига чўмилиб кетасиз, Абдулҳай ака.

– Яхши таклиф, Мансуржон. Лекин бу Муроджон деганлари машҳур Алдаркўсани ҳам ярим йўлда эмас, ҳали йўлга чиқмай алдаб кетса керагов. Уддабуронлигини қаранг-а, қудуқни қоғозда қуриб, пулини чўнтакка уриб, кетибди азамат.

– Ўзи бу инженерни анча-мунча одам танирди, энди сиз ҳам билиб олибсиз. Замона зайли билан мана биз таниган одамлардан ҳам қўш дипломли – қўш мутахассислар чиқиб қолди. Номи “Инженер-коррупционер”. Уни аввал усталарнинг тўғриси деб чақирардик, энди бюджет пулининг ўғриси деб атарканмиз-да.

Пайровга тушган бу воқеа тафсилоти аслида бундай бўлганди.  Аввал бошдан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 февралдаги 109-сонли қарори Низом талабларига зид равишда Учкўприк тумани, “Оқсув” маҳалла фуқаролар йиғини, Момочол қишлоғидаги томорқа ер майдонида вертикал суғориш қудуғини бурғулаш лойиҳаси тўлиқ бажарилди. Яъни, электр насос келтирилди, неча ўн метрлаб қувурлар ўрнатилди, бошқариш станцияси ишга туширилди, тарзида дастлабки сохта ҳужжатлар ҳозирланди.

Бу ишга фермер Мирсобир Турдиев, тумандан масъул ходим Фазлиддин Жуманов, ва “Таваккал” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муроджон Ҳамробоев қўл уришди. Ўзаро келишиб, М.Ҳамробоевни “каттакон” қилиб сайлашди (исм-шарифлар ўзгартирилган).

Андин сўнг, шу ҳудуддаги 30 та аҳоли томорқа ерларига сув чиқазилди, ҳатто сув сероблигидан қақраб ётган ерлар “кўллаб кетди” деган йўсинда қалбаки дадолатномалар тузилиб, шунга боп ҳисоб-фактуралар ҳам ясалди. Эвини қилиб, туман ҳокимлиги қошидаги лойиҳаларни фойдаланишга қабул қилиш коммисияга тақдим қилиб, тасдиқлатиб ҳам олишди. Шу йўсинда катта миқдордаги 118 800 000 сўм бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинди.

Ушбу холат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман суди томонидан жиноят иши кўрилиб, суд мажлисида судланувчи “каттаконнинг” кўрсатмалари тингланди, жиноят иши ҳужжатлари обдон ўрганилди. Пировардида унинг жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан малакаланиб, айбдорга нисбатан тегишли жазо тайинланди.

Айтиш жоизки, М. Хамробоев суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлди, пишаймонлик чекди, қилмишидан бошини эгди, лекин халқ тилида айтганда “Поезд кетиб бўлганди”.

Аброр Омонов,

Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг раиси