Истиқболли тармоққа инвестиция киритиб, уни янада ривожлантириш амалиёти дунё тажрибасида оммалашган. Табиийки, маблағ киритаётган инвестор келгусида бундан яхшигина наф кўришни чамалайди. Манфаатдор ташкилот ҳам қўшимча маблағ ҳисобига ишини янада кенгайтириб, даромадини оширади. “Сиздан угина, биздан бугина” тамойилига асосланган бундай ҳамкорликни содда қилиб икки ёки кўп томонлама манфаатли келишув, дейиш мумкин.
Жорий йилнинг 25—27 апрель кунлари пойтахтимизнинг “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро кўргазмаси ана шундай манфаатли келишувларга бой бўлди. Юртимизда иккинчи бор ўтказилган жорий йилги кўргазманинг кўлами янада кенгайганига гувоҳ бўлдик. Бу гал Тошкент хорижлик йирик инвестор ва юқори даражадаги меҳмонларга нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасининг инвестициявий ҳамда иқтисодий салоҳияти билан танишиш, ўзаро конструктив мулоқот учун қулай майдон яратиб берди.
Йирик саноат ҳафталигида дунёнинг ўндан зиёд мамлакатидан 700 дан ошиқ ишлаб чиқариш компаниялари ва бизнес делегациялари иштирок этди. Қатнашчилар кўргазма майдонининг турли бўлимларида ўз стендларини ўрнатиб, маҳсулотларини намойиш этиш баробарида, B2B учрашувларда ўзаро мулоқот қилиб, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Суҳбатлар давомида саноатни ривожлантиришнинг устувор вазифалари ва истиқболли механизмлари, савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш йўллари, иқтисодий ўсишнинг омили сифатида саноат инновацияларини жорий қилиш имкониятлари белгилаб олинди. Тадбирлар ва бизнес учрашувлар натижасида инвестициявий битимлар, экспорт ва импорт шартномалари ҳамда келишувларга эришилгани кўргазманинг асосий жиҳатларидандир.
Меҳмонлар ҳафталик доирасида юртимизнинг турли ҳудудлари, қатор корхона ва ташкилотларда бўлиб, иқтисодий, саноат ва инвестициявий имкониятларимиз билан бевосита танишди. Инвесторлар учун яратиб берилган шароит ва имкониятлар уларда катта қизиқиш уйғотди. Мамлакатимизнинг сўнгги йиллардаги иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини ҳам юқори баҳолашди. Бу жиҳатлар ташқи ҳамкорлик алоқаларимиз кенгайиб, юртимизнинг хориж давлатлари билан савдо айланмаси ўсиб бораётганида ҳам кўзга ташланаётгани таъкидланди.
Саноат кўргазмасининг илк куниданоқ Россия ва Ўзбекистон томон янги ҳамкорлик келишувлари ўрнатишга киришди. Хусусан, Россиянинг Омск вилояти ва Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”, Навоий ва Нижний Новгород вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ва бошқа қатор битимлар имзоланди.
Меҳмонлар электротехника саноатига ҳам катта қизиқиш билдирди. Шу йўналишдаги маҳаллий корхоналар МДҲ мамлакатлари, Россия, Беларусь ва Татаристон каби республикаларнинг компаниялари билан истиқболли лойиҳалар бўйича келишувга эришди.
Мирзиёд ЮНУСОВ,
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси:
— Нуфузли кўргазма доирасида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан электротехника саноатини ривожлантириш, ушбу йўналишда қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, пировардида, янги экспорт бозорларига чиқиш мақсадида йирик саноат компаниялари билан икки томонлама битимлар имзоланди. Биргина Россиянинг “Энергоразвитие” бошқарув компанияси билан умумий қиймати 15 миллион долларлик 2 та келишув шартномаси туздик. Унга кўра, томонлар электромобиллар учун қувватлаш ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган янги лойиҳани амалга оширадилар.
Биламизки, охирги йилларда электромобилларга талаб ошиб боряпти. Бундай автомобиллар нафақат экологик тоза, балки анчайин камхаржлиги билан харидорларни ўзига жалб этмоқда. Қолаверса, “яшил энергетика”га ўтиб, атроф-муҳитга чиқаётган заҳарли газлар кўрсаткичини максимал даражада камайтиришни мақсад қилган дунё мамлакатлари кўпроқ электрон транспорт воситаларидан фойдаланиш тарафдори.
Юртимизда ҳам бу жараён фаоллашиб боряпти. Бу йил илк бор пойтахтимиз кўчаларида электробуслар ҳаракатлана бошлади. Хориждан олиб келинаётган электромобиллар сони ҳам сезиларли ошган. Давлат статистика қўмитасининг сўнгги маълумотларига кўра, жорий йил январь-март ойида Ўзбекистон 9 та хориж давлатидан қиймати 13,5 миллион долларга тенг бўлган 455 та электромобиль импорт қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 баробар кўп. Электр токида ҳаракатланадиган транспорт воситаларини ўзимизда ишлаб чиқариш ишлари ҳам бошланган. Фарғонада Хитой компанияси билан ҳамкорликда электромобиль ишлаб чиқариш лойиҳаси якуний босқичга етиш арафасида. Тошкент шаҳри ва Қўқонда эса электр скутерлар ишлаб чиқариш тўлиқ ўзлаштирилди.
Бу жараён электр қувватлаш шаҳобчаларига бўлган талабни ҳам ошириб боряпти. Шунга мос равишда “Тошэлектроаппарат” ХК томонидан электромобилларни қувватлаш ускунаси маҳаллийлаштирилиб, 2021 йилдан ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Йиллик қуввати 200 донани ташкил этади. Ҳозирда ушбу қурилма Тошкент шаҳрининг 8 та нуқтасида ўрнатилган. Эндиликда, уларни махсус станция кўринишида Фарғона водийси йўли, Самарқанд ва Жиззах йўналишларидаги қатнов қисмига ўрнатиш режалаштирилган.
Аммо бу мавжуд талабни тўлиқ қоплаш учун ҳозирча етарли эмас. Россия томони билан имзоланган келишув асосида бу борадаги ҳажм янада ошади. Шунингдек, ҳамкорлар томонидан энергетика соҳасидаги объектларни комплекс лойиҳалаштиришни амалга ошириш бўйича лойиҳа ташкилоти тузилиб, соҳадаги техник ходимларни ўқитиш, қайта тайёрлаш маркази ҳам ташкил этилади. Ташкилот вакилларининг фикрича, кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар маҳсулотларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириб, янги бозорларга йўл очади.
Саноат кўргазмаси давомида, шунингдек, “Русэлектро” электр маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар миллий уюшмаси билан англашув меморандуми имзоладик. Мазкур уюшма ўз таркибида электр энергетика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик компанияларни бирлаштирган. Эндиликда, биз ана шу компания вакиллари билан янги истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишимиз мумкин. Бу борада дастлабки учрашувлар ўтказилиб, лойиҳаларни ишлаб чиқиш механизмлари юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Яқин ва узоқ муддатларга режалаштирилган лойиҳалар бирин-кетин ишга туширилади.
Халқаро кўргазмада “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг аъзо компаниялари ҳам фаол иштирок этди. Музокаралар давомида “Yuqori Chirchiq Energy Systems” МЧЖ билан Беларусь Республикасининг “Energokomplekt” ИЧБ МЧЖ ўртасида умумий қиймати 5 миллион долларлик, Татаристон Республикасининг “ТЭСК” корхонаси билан эса 1 миллион долларлик ҳамкорлик бўйича келишувларни имзолашга эришди. Беларусь ва Татаристон компанияларининг асосий фаолияти кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотишдан иборат. Улар мазкур бозорда узоқ йиллик тажрибага эга.
Бу борада юртимизда ҳам охирги йилларда ўсиш кўрсаткичлари ошиб бораётганини кузатиш мумкин. Жорий йил биринчи чораги якунларига кўра, “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига аъзо корхоналар томонидан 1,5 триллион сўмга яқин кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. 20 турдаги маҳсулотлар 30 дан ортиқ давлатларга экспорт қилинди. Экспорт ҳажми 106,3 миллион долларни ташкил этмоқда. Юқоридаги келишувга кўра эса, Ўзбек—Беларусь қўшма корхонаси ташкил этилади. Хорижий компания билан ҳамкорлик орқали иккала томоннинг ҳам савдо ҳажми ортиши кутилмоқда.
Умуман, “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” саноат ҳафталиги кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун хорижий ҳамкорлар топиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш каби имкониятлар майдонига айланди. Инвестицион лойиҳалар мамлакатимиз иқтисодий ривожи, аҳоли фаровонлиги ва бандлик даражасининг ортиши, саноат маҳсулотлари экспортининг сезиларли ўсишига хизмат қилади.