Шу боис, бугун юртимизнинг турли ҳудудида йирик қуёш ва шамол электр станциялари барпо этиляпти. Бу салмоқли ишга хорижий инвесторлар жалб қилинмоқда. Замонавий технологиялар асосида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар эса Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда “яшил” энергетика бўйича етакчи давлатлардан бири бўлишини таъминлайди.
Ушбу ишларнинг мантиқий
давоми сифатида Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида ҳам
барча биноларимизни қамраб олувчи юқори қувватли қуёш электр станцияси ишга
туширилди. Ушбу тизим университетни арзон ва тоза энергия билан таъминлаш
баробарида талабалар ва ходимлар учун амалий таълим майдони бўлиб хизмат
қилмоқда.
Урганч давлат
университети 2023-2024 йилларда амалга оширилган йирик инфратузилма лойиҳаси
доирасида бутунлай янги энергетика тизимига ўтди. ОТМнинг барча асосий бинолари
ва академик мажмуаларига ўрнатилган қуёш панеллари комплекси бугун ҳудуддаги
энг йирик таълим энергетика тизимларидан.
Хусусан, 3764 та қуёш
панели ўрнатилган бўлиб, ҳар бирининг ўртача қуввати 0,55 киловаттдан иборат.
Натижада тизимнинг умумий қуввати 2070,2 киловаттни ташкил этади. Ушбу қувват
йилига тахминан 3,2 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш
имконини беради. Лойиҳа нафақат иқтисодий, балки экологик жиҳатдан ҳам муҳим
аҳамият касб этиб, йилига ўртача 2450 тонна углерод диоксиди гази атмосферага
тарқалишининг олдини олади. Тизимнинг амортизация муддати 25 йил этиб
белгиланган ва узоқ муддатли барқарор ишлашга мўлжалланган. Шу билан бирга,
лойиҳа тўлиқ автоматлаштирилган тўр тизими асосида ишлайди ва университетдаги
ҳамма бинони қамраб олган ҳолда ягона энергия инфратузилмасини шакллантиради.
Бу тизим университетга иқтисодий жиҳатдан ҳам сезиларли фойда келтирмоқда.
Бундан ташқари, Урганч
давлат университети талабалари, магистрлари ва ёш мутахассислари муқобил
энергетика манбасига доир катта инновацион тадқиқотлар лойиҳаси устида
ишламоқда. Бу лойиҳа Хоразм вилоятининг ўзига хос географик ва табиий иқлим
шароитидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ҳамда ҳудуднинг барқарор энергетик
мустақиллигига эришишига йўналтирилган.
Хоразм вилояти Марказий
Осиёнинг энг зич ирмоқ ва каналлар тармоғига эга ҳудудларидан. Амударё
ҳавзасида жойлашган минглаб километрли очиқ каналлар анъанавий қишлоқ
хўжалигини суғориш учун хизмат қилади. Аммо бу улкан сув оқимининг энергетик
салоҳиятидан ҳозиргача амалда тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Университет
тадқиқотчилари “Тўғонсиз микроГЭС” концепциясини ишлаб чиқмоқда. Бу
технологиянинг асосий афзаллиги шундаки, у катта тўғон қурмай, очиқ каналлар
оқимининг кинетик энергиясидан фойдаланишга хизмат қилади. Натижада экологик
бузилиш минималлаштирилади, инвестиция харажати кескин камаяди ва маҳаллий
аҳоли учун қулай бўлган энергия таъминоти тизими шаклланади.
Иккинчи инновацион
йўналиш — сунъий шамол ҳосил қилиш технологиясини энергетика мақсадларида
қўллаш. Бу ғоя анъанавий шамол турбиналаридан тубдан фарқ қилади: табиий шамол
интенсивлиги етарли бўлмаган ҳудудларда ёки ихтиёрий муҳандислик тузилмалари
ёрдамида йўналтирилган ҳаво оқими яратиб, кичик турбиналар орқали электр
энергияси ишлаб чиқаришни кўзда тутади.
Хоразм ўртача шамол
тезлиги жиҳатидан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига нисбатан паст кўрсаткичга
эга. Шу сабабли университет тадқиқотчилари Вентури эффекти ва аэродинамик
найлар ёрдамида ҳаво оқимини кескин тезлаштириб, кичик автоном турбиналарга
етказиб бериш концепциясини ўрганмоқда.
ОТМда ўтказилаётган
барча тадқиқотлар кўп босқичли илмий методологияга асосланади. Талабалар ва
магистрлар лаборатория тажрибаларидан бошлаб, реал муҳандислик прототипларини
яратиш ва пилот лойиҳаларни амалда синашгача бўлган тўлиқ тадқиқот циклини
бажаради.
Қолаверса, Урганч
давлат университети Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон Миллий
университети ва Хоразм Маъмун академияси билан ҳамкорликда тадқиқотлар
ўтказмоқда. Хорижий ҳамкорлар қаторида Германия, Жанубий Корея, Малайзия ва
Нидерландия университетлари билан меморандумлар имзоланган бўлиб, қўшма
грантлар ва халқаро тадқиқотлар имкониятлари фаол ўрганилмоқда.
Университетнинг қуёш энергетикаси,
микроГЭС ва сунъий шамол бўйича комплекс илмий фаолияти Хоразм вилояти ва
бутун Марказий Осиё учун намуна бўлмоқда. ОТМга келган вилоят ҳокимлари, бизнес
вакиллари ва қўшни давлатлар мутахассислари тажриба алмашиш ва лойиҳани ўз
ҳудудида татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Бу кўпайтирувчи таъсирнинг аниқ
намунаси бўлиб, битта муваффақиятли муассаса ўнлаб ёки юзлаб бошқа
ташкилотларга илҳом бериши мумкин.
Талабалар
ва ўқитувчилар “яшил” энергетика соҳасида халқаро сертификатлаштириш дастурларида
иштирок этмоқда. Бу кадрлар мамлакатимизнинг барча ҳудудига бориб, “яшил
иқтисодиёт”нинг ҳақиқий элчилари ва муҳандислари бўлиб хизмат қилади. Улар
фақат билимдон мутахассислар эмас, балки амалий муаммоларни ҳам ҳал қила
оладиган инноваторлар бўлиб етишмоқда.
Феруза
МАДРАҲИМОВА,
Урганч давлат университети ректори,
педагогика фанлари
доктори, профессор