– Олий таълим муассасаларида инновацион фаолиятни олиб бориш масаласи юзасидан шуни айтиш мумкинки, барча илмий лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириб борилади. Қолаверса, олий таълим муассаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари бевосита айни вазирлик билан ишлайди. Шунингдек, мазкур лавозимга номзодлар Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда, тасдиқланади.
Инновацион фаолиятни тартибга солиш масаласида, менимча, қабул қилинаётган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонунда барча йўналишлар кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, вазир Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева томонидан берилган инновацион фаолиятни амалга оширилишида олий таълим тизимида белгиланадиган фаолият йўналишлари тўғрисидаги саволга ҳам тўхталиб ўтди.
– Олий таълим тизимидаги талабалардан тортиб, илмий педагогик кадрлар тайёрлашгача бўлган босқичдаги илмий ишларнинг барчаси инновацион мақсадларга йўналтирилади. Биринчидан барча илмий ишланмалар маълум натижалар билан, айниқса, ишлаб чиқариш билан боғланган ҳолда олиб боришга йўналтириляпти. Бу масалада ишлаб чиқаришга йўналтириш, мавзуларни реал эҳтиёжлардан келиб чиқиб белгилаш тегишли вазирлик билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Биз қонунда белгиланган йўналишларни янада чуқурлаштирамиз. Айниқса, инновацион фаолиятнинг аниқ платформаларини яратадиган технологик парклар ва бошқа механизмлар кўрсатиб ўтилган. Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда уларнинг ҳар бири бўйича ҳар бир йўналиш бўйича бир неча алоҳида дастур қабул қилинади.