Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Ўзбекистон-Япония ёшлар инновацион маркази илмий-тадқиқот фаолияти салоҳиятини кучайтириш лойиҳаси бўйича Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон-Япония ёшлар инновацион марказининг 2019 йилдан ҳозирги вақтга қадар фаолияти натижалари таҳлил қилинди.
Шунингдек, Марказ томонидан Япониянинг нуфузли университетларига магистратура ва докторантурага ўқишга юборилган талаба ва ёш тадқиқотчиларнинг таълим олиши масалалари муҳокама қилинди.
Ҳамкорлик доирасида 2019-2024 йилларда Япониянинг нуфузли университетларида магистратура ва докторантурада ўқиш учун юборилган Ўзбекистон фуқароларининг дастлабки 4 нафари магистратура босқичини муваффақиятли тамомлаб келганлиги алоҳида қайд этилди.
Ўқишни тамомлаб қайтган фуқароларимизни Ўзбекистон-Япония ёшлар инновацион марказида илмий тадқиқотлар олиб боришга жалб қилиш, уларни олий таълим муассасаларига лавозимларга ишга таклиф қилиш, тажрибаси билан талабалар ва докторантларни таништириш бўйича таклифлар билдирилди.
Шу билан бирга, марказда илмий лабораторияларни жиҳозлаш ишларини охирига етказиш, олий таълим муассасалари талабалари ва докторантларининг илмий тадқиқотлари бўйича лаборатория синовларини ўтказишда марказ моддий-техник базасидан фойдаланиш бўйича фикр алмашилди, деб ёзмоқда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.