Учрашув аввалида вазир И.Абдураҳмонов элчи хонимни янги тайинлов билан қутлаб, Ўзбекистондаги фаолиятига муваффақият тилади. Шу билан бирга вазир юқори мартабали меҳмонни Инновацион ривожланиш вазирлигининг илм-фан, технологиялар ва инновациялар соҳасида сўнгги йилларда амалга ошираётган ишлари ва келажакдаги режалари билан таништирди.
Томонлар икки давлат илм-фан намоёндалари ўртасида ҳамкорликни ва тўғри-тўғри алоқаларни ривожлантириш мақсадида қўшма илмий лойиҳалар танловини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар. Ёш тадқиқотчи ва олимлар малакасини ошириш ҳамда Миср илм-фан соҳасидаги муҳит билан яқиндан танишиш мақсадида стажировкалар дастурларини ташкил этиш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, Мисрнинг инновациялар соҳасидаги компаниялари юқори технологик ишланмаларини Ўзбекистонга трансфер қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш зарурати қайд этилди.
Бундан ташқари Ўзбекистон инновацион инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Миср инвестицияларини жалб этиш зарурати долзарб экани таъкидланди. Венчур фондлар ва стартапларни молиялаштириш тизимларини ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш масаласига алоҳида урғу берилди.
Шу билан бирга, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасида машинасозлик, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, экология ва Оролбўйи муаммоларини ҳал этишда ўзаро ҳамкорлик олиб бориш имкониятлари кенг экани айтилиб, борада ҳам ҳамкорлик қилишга келишилди.
Элчи Амира Фахми хоним Инновацион ривожланиш вазирлигининг Миср билан ҳамкорликда амалга ошириш учун имкониятлар кўламини юқори баҳолади ва муҳокама этилган йўналишларда ҳамкорликда ишлаш бўйича вазирликка кўмакдош бўлишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар келажакда аниқ таклиф ва чора-тадбирларни муҳокама этиш учун доимий равишда учрашиб туришга келишиб олдилар.
Учрашув дўстона руҳда ўтди.