Учрашувда Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясидан келиб чиққан ҳолда Қашқадарё вилоятининг инновацион ва илмий-тадқиқот салоҳиятини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар масаласи муҳокама қилинди.
– Бугунги кунда ривожланган давлатлар иқтисодиёти, куч-қудрати илм-фан тараққиёти ҳисобига юксалмоқда, – деди вазир. – Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам энг яхши ишланмалар, инновацион ғоялар, стартаплар ва инновацион лойиҳаларга, шунингдек ривожланган хорижий мамлакатларга стажировкаларга маблағларни йўналтирмоқда. Мана шу йўналишдаги вилоятдаги муаммоларни ўрганиш ва ечимини топиш, таклифларингиздан келиб чиқиб, амалий ишларни бажариш бизнинг вазифамиздир.
Йиғилишда Қашқадарё вилоятида қурилиши режалаштирилаётган «Ёшлар технопарки» Қарши давлат университети ҳудудида қурилиши маълум қилинди. Мазкур технопарк Қашқадарё вилоятидаги олимлар, тадқиқотчилар томонидан яратилган ишланмаларни тижоратлаштиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилади.
Ўз навбатида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтидан 10 нафар, Қарши давлат университетидан 20 нафар ёш тадқиқотчиларни 2021 йилда хорижий давлатларга илмий стажировкаларга юборилишига келишилди. Шунингдек, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан Қарши давлат университетига органик моддаларни синтез қилиш учун замонавий «инфрақизил спектр» ускунасини сотиб олиб бериш вазифаси юклатилди.
И.Абдураҳмонов илм-фан намоёндалари ва ёш олимларнинг таклифларини амалга ошириш юзасидан йиғилганлар томонидан берилган саволлар ва таклифлар асосида мутасадди ташкилот раҳбарларига топшириқлар берди, уларни тўғри ижро этиш бўйича доимий назорат олиб борилишини маълум қилди.