Анжуманда Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий таълим вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги Ёшлар академияси, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика ёш олимлар кенгаши фаоллари иштирок этди.

Анжуманни академия бошлиғи, генерал-полковник Қобул Бердиев очиб, Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда инновацион ривожланиш стратегияси изчил амалга оширилаётгани, олий таълим муассасаларида инновацион ва технологик ғояларни ҳар томонлама ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани, ёш олимларнинг инновацион технологияларни яратиш борасидаги ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, янги ғоялар устида ишлаш ва халқаро тажрибалар асосида яратилаётган ихтироларини амалиётга кенг татбиқ этиш йўлида олиб борилаётган изланишларни алоҳида таъкидлади. 

Шунингдек, анжуман иштирокчилари томонидан давлатимиз раҳбарининг “Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз” деган сўзлари эътироф этилди.

Анжуманнинг амалий қисмида ихтирочилар, ёш олимлар ва тадқиқотчилар томонидан яратилган ихтироларнинг намойиши ўтказилди. Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар ва Мудофаа вазирлиги ҳамда тегишли вазирликларнинг замонавий техникалари ва махсус-авария қутқарув машиналари, асбоб-анжомлари ва воситалари билан таништириш ҳамда бадиий ва махсус адабиётлар ярмаркаси ташкил этилди.

Анжуман якунида ташкилотчилар томонидан “Энг яхши мақола”, “Энг яхши илмий ишланма”, “Энг яхши инновацион ғоя” каби номинациялар бўйича ғолибларга сертификат ва ташаккурномалар топширилди.

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

Фавулодда вазиятлар вазирлиги

академияси катта ўқитувчиси, майор