Давлат раҳбари томонидан Олий Мажлисга тақдим этилган навбатдаги тўртинчи Мурожаатнома нафақат парламент, балки бевосита бутун халққа ва халқаро ҳамжамиятга йўналтирилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Дарвоқе, 2023 йил — «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилинганидан зиёлилар вакили сифатида беҳад қувондим. Ўқитувчи ва мураббийлар олдида турган муҳим вазифалар кўлами жуда кенглигини, масъулияти юқорилигини яна бир карра ҳис этдим. Таъкидланганидек, сифатли таълим доимгидек долзарб масала. Дарҳақиқат, тақдиримизни муаллим ва мураббий ҳал қилади.

Янги йилга берилган расмий номдаги сўзлар эътиборимни тортди. Мурожаатнома матнида «инсон» сўзи кўп қўлланди. Илмий ишим мавзуси ҳам «Инсон капитали» ҳақида. Яқинда бу йўналишда социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини муваффақиятли ёқладим.

Инсон капитали инсон + таълим=моддий-маънавий фаровонлик, шу икки асосий компонентни ташкил этувчи феномендир. Инсон капитали ривожи шахснинг онги, билими, ахлоқ-одоби, дунёқарашига бевосита боғлиқ. Салоҳият эса капиталга айланади. Ўзбекистонда миллий бойлик яратишнинг ягона йўли – инсон капиталини ривожлантириш.

- Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир, - деди Шавкат Мирзиёев ўз Мурожаатномасида. 
Умуман олганда, мазкур Мурожаатнома тарихий ҳужжат бўлиши билан бирга барча соҳадагилар учун дастуриламал ва қимматли манбадир.

Муҳриддин СОДИРЖОНОВ,
Наманган давлат университети таянч докторанти.