Ватанимиз истиқлоли, халқимиз озодлиги, келажак авлодларнинг фаровон эртаси йўлида жонини фидо қилган миллат фидойилари — қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш борасида юртимизда қатор эзгу ишлар амалга ошириляпти. Уларнинг рамзий сиймолари яратилаётгани, қатағон қурбонларига атаб музейлар барпо этилаётгани, қолаверса, ижод мактаблари ташкил этилаётгани фикримиз далилидир.

Бу ишларнинг не чоғли аҳамиятли эканини эса давлатимиз раҳбари жорий йил 31 август куни «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасига қилган ташрифи чоғида жуда чуқур асослаб берди. Шунингдек, президентмизнинг жорий йилнинг 8 октябрь куни «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойишида бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар аниқ белгилаб берилган.

Фармойишда назарда тутилган чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида таъминлаш юзасидан Республика ишчи гуруҳининг иш режаси ишлаб чиқилиб, ушбу ишчи гуруҳ аъзолари ҳудудларга ҳам бириктирилган, қатағон қурбонларини номма-ном аниқлаш мақсадида ҳудудларда ҳам илмий ишчи гуруҳлар тузилган эди. Уларга 200 дан ортиқ туман ва шаҳарлардаги Нуронийлар жамоатчилик кенгашларининг, маҳаллалардаги «Кексалар маслаҳати» гуруҳининг 10 мингга яқин аъзолари бириктирилди.

Бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида эса Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасаларидаги музейлар илмий ходимларига Вазирлик ва идоранинг архивларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Имкониятдан фойдаланиб олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2500 минг нафарга яқин қатағон қурбонларининг номлари аниқланди. Қатағон қурбонлари бўлган чет элдаги ватандошларимиз билан боғлиқ манбаларни топиб, ўрганиш мақсадида 20 га яқин турли хорижий давлатлардаги архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатиш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бўлиб ўтган йиғилишда Фармойиш асосида тасдиқланган «йўл харитаси»да кўрсатилган ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Айниқса, олий таълим, халқ таълими тизимида бу борада жиддий амалий ишлар олиб борилиши, умумтаълим мактабларида қатағон қурбонлари бурчаклари ташкил этилиши, уларнинг қандай даврийлик асосида бўлиши юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Тадбирда шунингдек, ташкилий-амалий тадбирларнинг ижроси, жойлардаги илмий-ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш, қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш бўйича илмий тадқиқот ишлари, уларнинг ибратли фаолиятини тарғиб этиш каби йўналишлар бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, қизғин муҳокама этилди. Ҳудудлардаги илмий ишчи гуруҳлар раҳбарларининг ҳам ахборотлари, фикр-мулоҳазалари эшитилди.

Йиғилиш якунида юқоридаги Фармойишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар, бу бўйича кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, ишчи гуруҳлар фаолиятига кўмаклашиш, «Инсон азиз — хотира муқаддас» ғояси асосида туманлар ва шаҳарларда, маҳаллаларда мустақиллик ва адолат тантанаси учун курашган фидойи ота-боболаримизнинг ибратли ҳаётини тарғиб этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.