Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, муқаддам безорилик жинояти учун судланган 37 ёшли эркак турмуш ўртоғи билан «осон пул топиш» мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали инсонларда раҳм-шафқат уйғотувчи видеолар тарқатган. Улар шу йўл билан фуқароларни ўз аъзоларини сотишга ундаб келган.

Тезкор тадбирлар давомида гумонланувчи донорларни операция қилиш учун Душанбе шаҳридаги «Истиқлол» клиникасига юборишни йўлга қўйгани аниқланган. Шунингдек, у ўзига ҳам буйрак кўчириш операциясини амалга оширгани ва бу жараёнда ёрдам берган шахслар борлиги маълум бўлган.

Қўшимча қилинишича, мазкур фаолиятда Telegram, Instagram ва YouTube тармоқларида канал юритувчи шахс ҳам иштирок этган. Улар донор ва мижозларни топишда воситачилик қилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 133−1-моддаси 2-қисми (Инсон аъзоларининг ёки тўқималарининг олди-сотдиси) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

ИИВ инсон аъзолари трансплантацияси фақат қонун доирасида ва белгиланган тартибда амалга оширилиши шартлигини, соғлиқ билан боғлиқ ҳар қандай ноқонуний келишув оғир жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатди.