Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва бир қатор давлат органлари ва ННТлар ҳамкорлигида “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органларининг ҳамкорлиги” мавзуида нодавлат нотижорат ташкилотларининг миллий форуми ташкил этилди.Унда миллий ва хорижий экспертлар, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Қайд этиш жоизки, 2022 йилда илк маротаба инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган ҳужжатлар ва уларнинг ижроси, энг асосийси, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари учун соҳа доирасида фикр алмашадиган конструктив мулоқот майдонини яратиш мақсадида айни мавзуда нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми ўтказилди. Унда кўтарилган мавзулар долзарблиги, мамлакат ривожи йўлида муҳим аҳамият касб этишини инобатга олиб, ушбу форумни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиш учун ўзига хос замин яратилди.
Шуни инобатга олиб жорий йилда ҳам форум доирасида яратилган давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги умумий мулоқот платформасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ҳамда 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш ҳамда ННТларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилиш, улар бўйича мамлакатимиз фуқароларига хизмат қиладиган таклиф ва қарорлар қабул қилиш учун соҳа вакиллари яна жам бўлди.
Форум иштирокчиларининг эътироф этишича, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди. Уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 62 банд бўйича ишлар бажарилган, 16 бандни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда. Биргина 2022 йилнинг ўзида Миллий стратегия доирасида янги Меҳнат кодекси қабул қилиниб, меҳнатга оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш асослари инсоннинг меҳнат ҳуқуқларига оид халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилди.
Шунингдек, 2022—2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Унинг мантиқий давоми сифатида давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган истиқболли хотин-қизларнинг ягона электрон базаси яратилиб, унда 25 мингдан ортиқ раҳбарликка номзод хотин-қизларнинг захира рўйхати шакллантирилди.
Қолаверса, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш миллий дастури тасдиқланди. Унга кўра, 2022 йилда 12146 нафар имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш белгиланиб, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилиши мустаҳкамланди.
Энг асосий эътироф этиш зарур бўлган ютуқ - мамлакатда болалар меҳнатига батамом барҳам берилди. Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кескин қисқарди, одам савдоси қурбонлари учун бошпана ташкил қилишга маблағ ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Буларнинг натижасида 2021-2022 йилларда қонун устуворлиги, норма ижодкорлиги сифати, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, бизнесни олиб бориш шарт-шароитлари каби рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш бўйича муайян ютуқларга эришилди. Жами 24 та рейтингнинг 15 тасида Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланди, 3 та рейтингда давлатимиз илк маротаба эътироф этилди.
Мазкур ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш мақсадида форум ялпи мсажлисида сўз олганлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда давлат органлари ҳамда ННТларнинг ўзаро ҳамкорлигида эришилган натижалар ва ривожланиш истиқболлари ҳамда ННТларнинг соҳага оид ташаббуслари ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш масалаларида маърузалар қилиб, фикр-мулоҳаза алмашдилар.
Форум давомида қилинган хулоса ва таклифлар жамланиб, миллий форумнинг якуний натижаси бўйича ҳужжат қабул қилинди. Унда қонунчилик ташаббуси субъектлари томонидан тайёрланган инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига дахлдор бўлган қонун лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжлари ва талабларига мувофиқлигини танқидий таҳлил қилишни амалга оширишда ННТларнинг фаол иштирокини рағбатлантириш ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари тўғрисиадги конверцияларининг мазмун-моҳияти ва инсон ҳуқуқларининг турли жиҳатларига оид янги қабул қилинган қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни амалга ошириш тартибини, бузилган ҳуқуқларни тиклаш усулларини фуқаролар, айниқса, чекка ҳудуд аҳолисига тушунтиришда ННТларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш каби ўндан ортиқ масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, форум якунида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 80 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари тақдирланди.
ЎзННТМА Ахборот хизмати