2022 йил 8 ойи давомида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси бўйича 2 664 та текшириш ўтказилиб, 15 615 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Бунда қонунга зид бўлган ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилиш ҳамда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш борасида 17 449 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 5,7 млрд. сўмлик етказилган зарар ихтиёрий қопланган, судларга қиймати 53,1 млрд. сўмлик даъво аризалари киритилган. Натижасига кўра, 54 387 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яратиш соҳасида ўтказилган назорат тадбирларда 9 428 та ҳолатда тадбиркорларнинг ҳуқуқи бузилганлиги аниқланган. Жумладан, уларнинг 537 таси банк хизмати кўрсатиш тартибини бузиш ва 105 таси ер ажратиш қоидаларига риоя қилмаслик билан боғлиқ. Масалан, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Ангор туман бўлими катта инспектори Э.Нормуродов ва бошқалар 31 та фермер хўжаликлари фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказганлиги аниқланиб, агроинспекциянинг жами
8 нафар ходимлари маъмурий жавобгарликка тортилди.
Ўтган даврда прокуратура органлари томонидан 17 672 та тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада 6 763 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, фаолият кўрсатмаётган 3 976 та тадбиркорлик субъектлари фаолияти тикланди ва 12 965 та янги иш ўринлари яратилди. Мисол учун, Сурхондарёдаги “Боботоғ Бодомзори” фермер хўжалигига аукцион орқали 38 гектар ер майдони ажратилишига кўмаклашилиб, 13 та янги иш ўринлари яратилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналиши бўйича прокуратура тергов органларига алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Жумладан, 2022 йил ўтган даврида прокуратурага ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қийнаш ҳақида 126 та хабар келиб тушган, текширув натижаларига кўра 4 та жиноят иши қўзғатилган.