Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, халқ, миллат ва жамият фаровонлигига қаратилганлиги билан муҳим ҳисобланади.
Туб ислоҳотлар амалга оширалаётган кейинги беш йилда мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз кундалик ҳаётида теран ҳис этаётган муҳим ўзгариш ва янгиланишлар даври бўлди. Жамиятнинг ривожланишига қараб Конституция ҳам ўзгариб боради.
Ўзбекистонда ўтган давр мобайнида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналишлариига асосланган Ҳаракатлар стратегияси” асосида олиб борилган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари давлатимиз раҳбари таъкидлаган “инсон-жамият-давлат” тамойилини амалда ифодасини кўрсатиб берди.
Олиб борилган ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқларини барқарор таъминлаш, мажбурий меҳнатни чеклаш, инсон қадр-қимматини улуғлаш ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. Амалда ушбу тамойилни Бош қонунимизда акс эттириш бугунги ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида қонуний мустаҳкамланишига хизмат қилган бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бугунги кунда элликдан ортиқ инсон ҳуқуқлари акс эттирилган бўлиб, аксарят инсон ҳуқуқларини қамраб олган. Лекин жаҳон олимлари тадқиқотларида инсон ҳуқкуқларининг юздан ортиғи маълум эканлиги таъкидланган.
Бугунги олиб борилган ислоҳотлар жамиятимизда инсон ҳуқуқларини кенгайтириш ва уларга амал қилишнинг амалий ифодасини намоён этмоқда.
Сўнги йилларда “инсон-жамият-давлат” тамойилини амалдаги ифодаси сифатида жамоат ташкилотларида фуқароларимиз фаолияти кенгайиб бораётганлигини таъкидлаш мумкин. Бош қонунимизда давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб берилиши мустаҳкамлаб қуйилган. Шунингдек Конституциянинг 56-моддасида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашишига, шунингдек жамоат бирлашмаларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Шу ўринда жамоат ташкилотларини молиялаштириш масаласи ушбу моддада акс эттирилмаган.
Ҳорижий мамлакатлар конституциялари ўрганилганда жамоат бирлашмаларининг фаолияти, молиявий манбалари жамоат бирлашмаларига давлат органларининг вазифаларини белгилашга ва жамоат бирлашмаларини давлат томонидан молиялаштиришга йўл қўйилмаслиги аниқ таъриф билан берилганлигини кўзатишимиз мумкин. Шу билан бирга жамоатчилик ташкилотларининг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳарбий тузилмалар, шунингдек давлат корхоналари, таълим муассасалари ва бошқа давлат муассасалари ва ташкилотларида ижро этувчи ва суд ҳокимияти ва бошқа давлат органларида сиёсий партияларнинг ташкилий тузилмаларини яратиш ва фаолиятига йўл қўйилмаслиги аниқ кўрсатиб ўтилади.
Мисол учун, Украина Республикаси Конституцияси 36-моддасида ушбу сўзлар билан бу масала мустаҳкамлаб қуйилганлигини кўришимиз мумкин. Юқорида таъкидланган “инсон-жамият-давлат” тамойилини амалда намоён бўлиши учун ушбу норма Конституциянинг 56-моддасида акс эттирилиши, жамиятда кўп фикрлилик яъни плурализм ғояларини, демократик тамойилларни янада мукаммалроқ қарор топишига хизмат этган бўларди.
Мамлакатимиз олиб борилаётган ислоҳотлар жамоатчилик ташкилотлари, сиёсий партиялар фаолиятини ҳам такомиллаштириб, жамиятимизда фаоллигини оширишга хизмат қилиб келмоқда. Ушбу йирик ҳуқуқий ислоҳот Ўзбекистонда “инсон-жамият-давлат” тамойилини мустаҳкамлашга ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини барқарор таъминлашга, провардида жамиятимизни янада тараққий этишига хизмат қилади. Шу билан бирга халқимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги янада такомиллашувига турки бўлади.
Бу муҳим ислоҳот хусусида давлатимиз раҳбари “Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда биз етти марта эмас, етмиш марта уйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилишимиз зарур” деб таъкидлаган эди. Мана шундай муҳим ислоҳот буюк келажак қуришимизда, мамлакатимизда Учунчи ренессанс пойдеворини яратишда долзарб аҳамиятга эга ҳам ҳисобланади.
Шуҳрат ҲАТОМОВ,
Асроржон САТТОРОВ
-
- Ўзбекистон Республикаси Жамоат
- хавфсизлиги университети доцентлари