Шу боис, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига асосан ишлаб чиқилган еттита устувор йўналишнинг тўртинчиси сифатида “адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш” масаласи алоҳида ўрин олган.
Мазкур йўналиш бўйича мамлакатимизда 2022–2026 йилларда касбга ўқитиш кўламини 2 баробар ошириб, 1 миллион нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш, умумтаълим мактабларининг касб ўрганиш истагидаги битирувчиларини давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизимни жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 2024/2025 ўқув йили якунига қадар 100 фоизга етказиш, мактабгача таълим тизимига хусусий сектор маблағларини жалб қилиш орқали 7 мингдан зиёд янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш каби вазифалар белгиланган.
Бундан ташқари, 160 мингдан зиёд педагог кадрларнинг малакасини ошириш, янги мактаблар қуриш, таълим сифатини оширишни назарда тутувчи миллий дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, 2026 йилга қадар 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини QS ва TНE халқаро рейтингларига киришга мақсадли тайёрлаш, Глобал инновацион индексда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш ва 2030 йилга қадар етакчи 50 мамлакат қаторига кириш каби масалаларга эътибор қаратилгани юртимизда инсон капиталини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва бу мақсадлар учун салмоқли инвестиция жалб этилаётганидан далолат беради.
Гап инсон капитали ҳақида кетар экан, ҳар бир давлатнинг ижтимоий-иқтисодий соҳада эришган муваффақиятлари замирида шу жамиятда яшаётган ва фаол меҳнат қилаётган инсонларнинг билими, малакаси, тажрибаси ва салоҳияти ётишини таъкидлаш ўринли. Зеро, инсон капитали мамлакатнинг эртанги кунини белгилаб берувчи энг муҳим мезонлардан биридир.
Мамлакатимизда, умуман, жаҳонда инсон капиталидан самарали фойдаланишга иқтисодий тараққиётнинг асосий омили сифатида қаралаётгани бежиз эмас. Иқтисодиёти ривожланган давлатларда инсон капиталининг миллий бойликдаги улуши 80 фоизгачани ташкил этади. Шу боис, дунёнинг тараққий этган мамлакатларида инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳукуматнинг аҳолини ўқитиши, саломатлигини асраши, ижтимоий ҳимояни кафолатлаши борасидаги чора-тадбирлар бугун инсоннинг нафақат шахс сифатида камолга етиши, балки мамлакатнинг янада рақобатбардош бўлиб равнақ топишида муҳим аҳамият касб этади. Албатта, инсон капиталининг шаклланиши ва ривожланишига ички ҳамда ташқи омиллар сезиларли таъсир кўрсатади. Ички омиллар инсоннинг ўзи билан бевосита боғлиқ бўлса, ташқи омиллар бошқа субъектларнинг инсон капиталини шакллантириш ва ривожлантиришга таъсири билан алоқадор.
Инсон капиталига киритилган ҳар қандай инвестиция етарли даражада юқори рентабеллик ва қопланиш муддатига эга бўлсагина ўзини оқлайди. Шунинг учун инсон капиталига инвестиция киритиш билан боғлиқ инвестиция сиёсатини амалга оширишда бу борадаги таваккалчиликларни таҳлил қилиш ва инвестицияларнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш долзарб масаладир.
Фан-техника ва сунъий интеллект ривожланаётган шароитда инсон капитали мамлакат келажагини белгилайдиган зарур омилга айланмоқда. Инсон капиталига инвестиция одамнинг қобилиятини, малакасини ошириш ва ривожлантиришга киритилган сармоя бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад самарадорликни оширишдир. Шунингдек, у инсоннинг таълим олиши, билимини мустаҳкамлаши, соғлиғини тиклаш ҳамда яхшилашга ёрдам бериш учун сарфланган вақт, куч ва молиявий ресурсларни ўз ичига олган стратегияни ифодалайди. Ушбу концепция шахснинг ўзига хос қийматини тан олади ҳамда инсоннинг ижтимоий-иқтисодий ўсиши ва фаровонлигига инвестиция киритиш натижасида юзага келадиган узоқ муддатли фойдани оила хўжалиги ва жамият даражасида эътироф этади.
Таълимга сармоя киритиш инсон капиталини ривожлантиришнинг муҳим жиҳатидир. У мактаб, коллеж ва университетда олинадиган расмий таълимни, шунингдек, касбий ўқитиш дастурларини ўз ичига олади. Ҳар бир янги босқичда эгалланган касбий компетенциялар келажакда инсон капиталининг иқтисодий самарасини оширишда ижобий натижа беради. Таълим одамларни доимий ўзгарувчан дунёда зарур бўлган муҳим билим, танқидий фикрлаш ва мослашиш қобилияти билан таъминлайди. Шунингдек, юқори иш ҳақи, яхши мартаба, моддий фаровонлик ва молиявий барқарорликни кафолатлайди. Ўқиш ва ишлаб чиқаришга тайёргарлик инсоннинг билим даражасини оширади. Бу, ўз навбатида, инсон капиталининг ҳажми ва сифатига ижобий таъсир этади. Олиб борилган тадқиқотларга кўра, таълим даражасининг 10 фоиз ўсиши унумдорликни 8,6 фоиз оширади.
Саломатлик ва фаровонликка сармоя киритиш ҳам инсон капиталини ривожлантиришнинг ажралмас қисмидир. Сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш, профилактика чоралари ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш меҳнат унумдорлигини оширишга ёрдам беради. Касаллик туфайли йўқотилиши мумкин бўлган иш кунлари сонини камайтиради. Соғлиқнинг қониқарсиз ҳолати маҳсулдорликни пасайтиради. Чунки жисмоний жиҳатдан заиф ва бемор ишчилар қобилиятини тўлиқ рўёбга чиқара олмайди. Шу сабабли корхона ва ташкилотлар ўз ходимлари соғлиғига инвестиция киритади.
Тадқиқот ва инновация соҳалари ҳам инсон капиталига сармоя киритишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Илмий-тадқиқот ва ишланмаларга инвестиция киритиш инновациялар ва технологик ютуқларни рағбатлантиради, иқтисодий ўсишни таъминлайди. Илм-фан ривожланиши жараёнида нафақат интеллектуал янгиликлар ҳаётга татбиқ этилади, балки бу жараёнда иштирок этаётган инсонларнинг янги имконияти ва қирралари очилади.
Бундан ташқари, ижтимоий ва иқтисодий инклюзивликни рағбатлантириш инсон капиталига сармоя киритишнинг яна бир муҳим жиҳати. Жинси, этник ва ижтимоий-иқтисодий келиб чиқишидан қатъи назар, инсонларга тенг имконият ва ресурслардан эркин фойдаланиш таъминланиши зарур. Инклюзив сиёсат ва дастурлар барча шахсларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш ва жамият ривожига ҳисса қўшишини қўллаб-қувватлайди.
Инсон капиталига сармоя киритиш ҳукумат, корхона ва ташкилотлар ҳамда жисмоний шахсларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу борада ҳукумат махсус дастур ишлаб чиқади, таълим ва соғлиқни сақлаш учун маблағ ажратади ва малака ошириш учун қулай муҳит яратади. Корхоналар ходимларини ўқитиш ва ривожлантиришга сармоя киритади. Шунингдек, инсон ўзини ўзи бошқариш, узлуксиз таълим ва фаол шахсий ҳамда касбий ривожланиши учун ўзига сармоя киритиши мумкин. Корхона ва мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши кўп жиҳатдан инсон капиталини ривожлантириш учун ажратилган маблағ миқдорига ҳамда сармоянинг ўз вақтида ажратилишига боғлиқ.
Эгамқул НОСИРОВ,
Тошкент молия институти кафедра мудири,
иқтисодиёт фанлари номзоди.
Шоира АСАМХЎЖАЕВА,
Тошкент молия институти доценти
вазифасини бажарувчи