Жумладан, янги олий таълим муассасалари ташкил этилиши, кадрлар тайёрлашнинг замонавий йўналиш ва мутахассисликлари ҳамда сиртқи ва кечки бўлимлар очилиши, қабул квоталарининг оширилиши мазкур йўналишдаги муҳим ислоҳотлардир.
Таълим даражаси ва сифати давлат учун ҳам, фуқаролар учун ҳам зарур. У инсон капиталининг сифат кўрсаткичи ва иқтисодий ўсишни таъминловчи муҳим омил. Ҳозир таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёнида юртимиз кўп позициялар бўйича ривожланган мамлакатлар даражасига эришди. Бироқ ёшларни касбга тайёрлаш билан боғлиқ айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам кадрлар тайёрлашни сифат жиҳатидан яхшилаш масаласини ҳал этиш мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Айтиш жоизки, ҳозир маълум маънода дунё бўйича таълим сифати пасайиб боряпти. Бу тараққиёт даражаси турлича бўлган мамлакатларда умумжаҳон муаммосига айланмоқда. Мавжуд камчиликлар касбий таълим, айниқса, олий таълим муассасаларида яққол намоён бўлмоқда. Кўпчилик тадқиқотчилар муаммонинг илдизи сифатида мактабдаги ўқитиш самарадорлиги ҳамда абитуриентларни тайёрлаш даражаси пасайганини қайд этади.
Мутахассислар фикрича, ҳозир талабаликка тайёрлаш даражаси ўтган асрнинг 70-80 йилларидагига нисбатан анча паст бўлиб, бундай ҳолат жамиятда таълимнинг умумий инқирозидан далолат беради. Тадқиқотчиларнинг бир гуруҳи бундай инқирозни илм-фан ва интеллектуал фаолиятнинг бошқа турларига қизиқишнинг пасайиб кетиши оқибати, деб ҳисоблайди.
Касбий таълимдаги муаммоларнинг бир неча тури мавжуд. Бир томондан, ўқув муассасаларини молиялаштиришнинг бозор тамойилларига ўтгани аҳоли ижтимоий заиф қатламининг таълим олиш имкониятини чегаралаб қўйди (талабаларнинг ярмидан кўпи тўлов шартномаси асосида ўқийди).
Иккинчи томондан, муайян тарихий ва маданий қадриятлар, оилада қизлар тарбияси борасида шаклланган анъаналарга кўра, қизлар ва аёлларнинг оила ва ижтимоий ҳаётдаги роли тўғрисида маълум қарашлар мавжуд. Бундай омиллар хотин-қизларнинг таълим олиши ва касб танлашига таъсир қилмай қолмайди.
Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, шаклланган анъаналарга кўра, қизларнинг ўқиши тўғрисидаги қарор ота- онасининг уйида ҳам, турмушга чиққандан сўнг турмуш ўртоғининг уйида ҳам катталар томонидан қабул қилинади. Қизлар, ҳатто аёллар ҳам уларнинг қарорига бўйсунишни табиий, деб ҳисоблайди. Ўзбекистонда бу масалага давлат даражасида катта эътибор қаратилиб, ижобий ечимларга эришилди.
Жумладан, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклида ва магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилади. Унга кўра, тижорат банклари таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий ставкасида (ҳозирги кунда 14 фоиз) ажратади. Ресурслар Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилади.
Таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Бу эса ота-оналар учун ҳам жуда катта енгилликдир. Таълим кредитини расмийлаштириш ва уни қайтаришда талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандларидан эса, таълим кредити учун гаров ва кафиллик талаб этилмайди.
Таълим кредити бўйича тижорат банкларини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ташкил этилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий қилинади. У давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади. Шу ўринда яна бир масалага тўхталиб ўтсак. Ўзбекистон аҳолисининг ёш ва гендер хусусиятларини инобатга олган ҳолда миллий таълим тизимига, хусусан, илм-фан, технология, муҳандислик, санъат ва математика таълимига алоҳида эътибор қаратиш даркор.
Ўзбекистоннинг бугунги ижтимоий-иқтисодий муаммолари орасида ёшлар ишсизлиги қаттиқ хавотир уйғотмаса-да, уларни меҳнатга фаол жалб қилиш марказий ўриндаги масаладир. Шунинг учун ҳам юртимиз меҳнат бозорида ёшларнинг ўрни жамият иқтисодий-ижтимоий ҳаётидаги муҳим кўрсаткичлардан бири саналади. Шу билан бирга, ёшлар иқтисодий фаол аҳолининг меҳнатга лаёқатли, тез ўрганувчи, юқори жисмоний кучга эга гуруҳи ҳисобланса ҳам ҳозирги меҳнат бозорида уларнинг ишсизлигини тадқиқ этиш жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Шунинг учун ҳам уларнинг бандлигини таъминлаш, ёшлар меҳнат бозорини тартибга солишга давлат сиёсатининг долзарб муаммоларидан бири сифатида қаралади. Дунё рейтингида юқори ўринда турувчи Массачусетс технология институти, Кембриж ва Оксфорд университетларининг йиллик даромади айрим давлатларнинг кўрсаткичидан юқори. 12 минг нафарга яқин талаба ўқийдиган биргина Массачусетс технология институтининг жамғарма капитали 18 миллиард доллардан ошади.
Мазкур маблағнинг катта қисми илмий тадқиқотлар, битирувчилар ва хайрия ҳисобидан шакллантирилган бўлса, таълим олиш учун тўланадиган контракт маблағлари улуши институт жамғарма капиталида 20 фоизнигина ташкил этади.
Олий таълим муассасалари иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда таълим ва тадқиқотлардан тортиб, то тадбиркорлик ва ҳамкорликка қадар функционал йўналишларни кенгайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқ. Бу жараён олий таълим муассасаларининг нафақат таълим хизматини кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятини рағбатлантириш, балки уларнинг долзарб йўналишларда тадқиқот олиб бориши, ўз тадқиқотларини тижорийлаштириш орқали даромад кўриши ва бу орқали мамлакат иқтисодиётида муҳим роль ўйнаши, бир сўз билан айтганда, “тадбиркор олий таълим муассасалар”га айланиши учун ҳам муҳим.
Агар олий таълим муассасалари тадбиркор бўлса, илмий тадқиқотлар янги хизмат, фаолият ёки маҳсулот ишлаб чиқариш билан якунланади. Бундай бўлмаса, илмий тадқиқотлар камдан-кам ҳолларда инновацияларга айланади ҳамда кўпинча кутубхоналарда сақланади. Шу сабабли университетлар ички ва ташқи тадқиқотлар ўтказиши, бу жараёнда атроф-муҳит шароитини ҳисобга олган ҳолда уларнинг тузилиши, ишлаши, жараёнлари ва инфратузилмаси учун модел ишлаб чиқиши керак.
Статистик маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, мамлакатимизда 2020 йилда меҳнатга лаёқатли аҳоли улуши 58-59 фоиз орасида ўзгариб турди. Юртимизда иқтисодий фаол аҳолининг 41 фоизини 16 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Уларнинг 13,9 фоизи олий, 60,2 фоизи ўрта махсус, 25,9 фоизи ўрта маълумотга эга кадрлардир.
Бундан кўринадики, ёшлар меҳнат бозорида олий маълумотлиларга нисбатан ўрта махсус маълумотга эгалар ўртасида рақобат, иш ўрнига талаб юқори. Агар 2030 йилгача битирувчиларни олий таълимга қамров 50 фоизга етказилса, иш ўрни учун рақобат кучаяди. Иш берувчи ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда талабгорни танлаб олади. Албатта, юқори билим ва малакага эга талабгор яратилган иш шароити билан танишиб, сўнг даъвогарлик қилади.
Ҳар тарафлама оқилона ташкил этилган иш ўрни учун рақобатда ўз ишининг мутахассислари устунликка эришади. Лекин бугунги кунда иқтисодий нофаол аҳолининг 69 фоизини 16 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилиши яхши ҳолат эмас. Бундай вазиятда ёшлар меҳнат бозорини ривожлантириш, уларнинг касбий ҳаракатчанлигини ҳисобга олган ҳолда талаб ва таклифларини ўрганиш, ёшларни касбга йўналтириш дастурларини амалга ошириш ғоят муҳим аҳамият касб этади. Юртимизда меҳнат бозорини давлат томонидан тартибга солиш механизмини такомиллаштириш, айниқса, COVID-19 пандемияси шароитида янада долзарблашмоқда.
Шу билан бирга, пандемия даврида “Буюк ёпилиш” атамаси билан кириб келган иқтисодий ҳолат халқаро хўжалик алоқаларига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, Халқаро меҳнат ташкилотининг 2020 йил биринчи чораги якуни бўйича эълон қилган мониторинги натижаларига кўра, COVID-19 пандемияси туфайли глобал миқёсда миллионлаб иш ўринлари тўлиқ ёки қисман ёпилди.
Бу эса жаҳондаги иш билан банд аҳолининг 81 фоизига таъсир қилган. Меҳнат бозорига кириб келаётган иш кучи ресурслари, жумладан, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, малакасини ошириш, иш берувчилар талабига мослаштириш, талаб ва таклифни мувофиқлаштириш, меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади.
Ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади. Ортиқча ишчи кучининг мамлакатдан ташқарига чиқиб, иш билан банд бўлишига табиий ҳолат деб ҳам қараш мумкин, аммо меҳнат ресурсларининг норасмий тарзда юртни тарк этиши ва чет элларда меҳнат қилиши уларнинг ҳуқуқий асосини йўққа чиқариш хавфини юзага келтиради. Норасмий мигрантлар чет мамлакатларда асосан норасмий секторда банд бўлади. Бунинг натижасида уларга ҳеч қандай ҳуқуқий кафолат берилмайди. Шунинг учун меҳнат бозоридаги аҳволни ўрганган ҳолда ички миграцион сиёсатни фаолроқ олиб бориш мақсадга мувофиқ.
Ички миграция туфайли янги-янги табиий бойликларни ишга солиш, янги ерларни ўзлаштириш, ижтимоий ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш мумкин. Аммо миграциянинг давлат манфаатларига мувофиқ бўлмаган йўналиши, яъни аҳолининг меҳнат ресурслари билан тўла таъминланган ҳудудларга кўчиб ўтиши юзаки қараганда ижобий кўринса-да, аслида салбий натижага олиб келади. Бу ўринда олий таълим муассасалари ва иш берувчи ташкилотлар ўртасида узвий алоқаларни мустаҳкамлаш долзарб масаладир. Жумладан, таълим даргоҳида иш берувчиларнинг амалий лабораторияси, ўқув-амалиёт аудиториялари, илмий-тадқиқот марказларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Бу иштирокчи томонлар учун ҳам манфаатли бўлади. Иш берувчи малакали кадрга, олийгоҳ сифатли таълим бериш имкониятига, талаба назарий ва амалий билимга эга бўлади. Бугунги кунда Ўзбекистон меҳнат бозоридаги ҳолат халқаро ташкилотлар томонидан ўрта даражада ривожланаётган деб баҳоланмоқда. Мамлакатимизнинг ўзига хос демографик ривожланишини, шунингдек, ҳар йили меҳнатга лаёқатли аҳоли сони ортиб бораётгани, меҳнат бозорига биринчи маротаба қадам қўйганлар сони йилига ўртача 500 минг кишини ташкил этаётганини инобатга олсак, ҳозирги кунда шаклланаётган рақамли иқтисодиётнинг меҳнат бозоридаги вазиятга қўшимча юклама бериши эҳтимоли мавжуд.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналиши аҳоли бандлигини янги барқарор иш ўринлари яратиш орқали оширишга қаратилган вазифаларни ўз ичига олади. Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятига оид ислоҳотларнинг қайта кўриб чиқилгани мамлакатимиз меҳнат бозорида устувор мақсадларга эришиш йўлида қатъий қадамлар қўйганидан далолат.
Ҳозирги ахборот асрида жамият янада барқарор ривожланиши ва тараққиётга эришиши учун рақамли билим ва ахборот технологияларига кўпроқ эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки дунёнинг кўп давлатларида, айниқса, ривожланган мамлакатларда рақамли иқтисодиёт тез суръатда ўсмоқда. Лекин унинг тушунчаси ва миқдорий кўрсаткичлари, алоҳида соҳа ва тармоқларга таъсир доираси тўғрисидаги маълумотлар зиддиятли ва чекланганлигича қолмоқда. Энди рақамли давр келиб чиқишини аниқ тушунишнинг ўзигина етарли бўлмайди.
Унинг истиқболи, ижтимоий-иқтисодий тармоқларга кириб келиши ва уларга қай даражада таъсир этишини прогноз қилиш жуда муҳим. Замонавий ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши даражасига кўра, ҳозирги кунда энг ривожланган мамлакатларда “Саноат 4.0” ёки “Рақамли иқтисодиёт” деб номланган янги саноат инқилоби кузатилмоқда. Олдинги тараққиёт босқичларини ўз ичига олган янги инновацион иқтисодиётда ҳаётнинг жисмоний, рақамли, ижтимоий ва биологик жабҳаларидаги чегаралар аста-секин йўқолиб бораётганини XX аср охири — XXI аср бошидан ривожлана бошлаган мамлакатлар тажрибаси мисолида яққол кузатиш мумкин.
Рақамли технологияларни яратиш ва бошқариш бўйича янги касблар ҳамда иш ўринлари пайдо бўлди. Келгусида касб тушунчасининг ўзи ҳам туб ўзгаришларга юз тутади: ишчининг маълум мутахассислик бўйича олган билим ва кўникмаси турғун ва барқарор бўлмай қолади. Янги иқтисодиётда рақобатбардош бўлиш учун ишчилардан бир неча босқичли кўникмалар талаб этилса, иш берувчилар ишчилар сонига эмас, балки “skills stock”, яъни “кўникмалар портфели”га эътибор қаратиши зарур бўлади.
Тўлқин ТЕШАБОЕВ,
Тошкент молия институти ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор