Кенг қамровга эга, ҳаётимизнинг қарийб барча жабҳасини қамраб олган ушбу тарихий ҳужжатда ўтган йил давомида бажарилган ишлар ҳамда 2021 йилга мўлжалланган устувор йўналишлар, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатига дахлдор асосий вазифалар баён этилди. 

Энг муҳим ва долзарб қонунчилик ташаббусларини илгари суриш, инсон манфаатларини ҳимоясини янада такомиллаштириш, халқимизнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган самарали ишларни рўёбга чиқариш, жамиятдаги мавжуд муаммоларни тез ҳал этиш кераклиги айтилди. Фуқароларнинг ёрдамга муҳтож қатламлари — кексалар, пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган инсонларга тиббий-ижтимоий ёрдам бериш масаласида ҳам қатор муҳим вазифалар белгиланди.

Бу эса, ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ҳамда унинг ҳудудий тиббий-ижтимоий хизматлар бўлинмалари, туман (шаҳар) шўъбалари зиммасига ўта масъулиятли вазифа юклатилганидан далолат беради. Боиси, Ўзбекистон Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ва унинг бўлинмалари, туман (шаҳар) шўъбалари ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилиш, уларнинг жамият ҳаётига интеграциялашувига кўмаклашиш, жисмоний имконияти чекланганларга ижтимоий ёрдам беришга масъул.

Демак, агентлик 2021 йилда ҳам қонунчиликда белгиланган фаолияти доирасида янада салмоқли, самарадорлиги юқори бўлган қатор вазифаларни бажариши лозим. Хусусан, ногиронликнинг олдини олиш, ногирон шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш ҳамда уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишга учун комплекс дастурларни ишлаб чиқишда бундан-да фаол иштирок этиши керак. Шунингдек, агентлик ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш борасидаги суръатни жадаллаштиради. Ҳозир эскирган тиббий моделдан жаҳон стандартларига мос ижтимоий моделга, тиббий-меҳнат экспертизаси тизимидан тиббий-ижтимоий экспертиза тизимига ўтилади. Шу йилнинг ўзида 120 минг нафар кекса ва ногирон шахслар тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олинади.

Республика бўйича ногиронликни белгиловчи тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари тизими ташкил этилади. 18 ёшгача болаларга “ногиронлиги бор” деган хулосани берувчи педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари фаолияти йўлга қўйилади. Ногиронлик аломатлари яққол кўриниб турган, нохуш клиник ташхисга эга фуқароларга ногиронликни бюрократик тўсиқларсиз, қисқа муддатда белгилаш тизими жорий қилинади. Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига манзилли тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишга доир қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тайёрланиб, амалиётга жорий этиш учун барча зарур чоралар кўрилади. Нуронийлар ва аҳолининг ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд бошқа тоифалар ни реабилитация қилиш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг янги шакл ва механизмини қўллаш, тиббий-ижтимоий экспертиза фаолияти чуқур мувофиқлаштирилади.

Муҳтож фуқароларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Ногиронлиги бўлган шахслар ва уларни парваришлаш учун махсус ҳаракатланиш воситалари ва мосламалари ҳамда реабилитация учун зарур бошқа техник воситаларга эҳтиёж тезкор аниқланади. Уларни ишлаб чиқариш учун буюртмаларни шакллантиришнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилади. Ногиронлиги бўлган ва бошқа муҳтож шахсларга протез-ортопедия ёрдамини ташкил этиш, вазирликлар, муассасалар ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларни тайёрлаш технологияларини ривожлантириш, уларнинг янги турларини ишлаб чиқаришга қаратилган қатор вазифалар бажарилади.

Янги реабилитация қилиш ва протезлаш марказлари қурилиб, ишга туширилади. Реабилитация марказларида амбулатор-поликлиник бўлимлар ташкил қилинади. Бунинг натижасида тиббий-ижтимоий реабилитация қамрови йилига 160 минг нафаргача етказилади.

Ушбу йўналишда жойларда мавжуд бўлган муаммолар ўрганилади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий-ижтимоий реабилитацияси масалалари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилади. Ногиронлик муаммоларининг ечими борасида амалга оширилаётган илмий изланишларни бюджет томонидан молиялаштириш бўйича асосли таклифлар тайёрланади.

Агентлигимиз “Саховат” ва “Мурувват” интернат-уйлари, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларда кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни такомиллаштириш, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар, ногиронлик белгилаш, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларнинг манзиллилигини таъминлайди.

Агентлик тасарруфидаги “Мурувват” ва “Саховат” уйларида тўлиқ давлат таъминотига олинган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш чоралари белгиланди. “Саховат” ва “Мурувват” уйлари фаолиятида янги хизмат турларини жорий қилиш орқали васийликка олинганларни соғломлаштириш ва реабилитация қилиш ишлари янада яхшиланади.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда “Саховат” ва “Мурувват” интернат-уйларига қабул жараёни ва уларда давлат таъминотига олинган шахсларнинг автоматлашган ягона маълумотлар базаси яратилади. Мазкур интернат-уйларга жойлаш учун расмийлаштиришда фуқаро билан хизмат кўрсатувчининг бевосита мулоқотини кескин камайтириш, бу жараёнларни босқичма-босқич электрон ҳужжат алмашинуви, онлайн режимда Ягона давлат хизматлари тизими орқали амалга ошириш режалаштирилган. Ваҳоланки, ушбу тиббий-ижтимоий муассасаларда тўлиқ давлат таъминотига олинган кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ихтисослашган, индивидуал ёрдам кўрсатиш, парвариш қилиш ва ҳамширалик хизматини талаб этади. Шу боис, ўрта тиббиёт ходимлари узлуксиз таълим жараёнида геронтология ва психиатрия бўйича ҳамширалик иши йўналишлари асосида ўқитилади.

Алоҳида рўйхатга олинган, ўзгалар парваришига муҳтож ҳамда ёлғиз истиқомат қилувчи пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан доимий хабар олиш тизими янада кучайтирилади. Уларнинг ҳаётини мазмунли ташкил этиш борасида кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар кўлами кенгайтирилади. Ижро этувчи ҳокимият вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга уйида ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш бўйича ишлар янада такомиллаштирилади.

Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам дастурларини молиялаштириш учун маблағларни жалб этишга оид ишларда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўзаро изчил ҳамкорлиги таъминланади. Республикамиздаги барча аэропортларида Халқаро авиатранспорт ассоциациясининг талаблари ва ички меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун зарур шароитлар яратишга қаратилган ишлар янада шиддат билан давом эттирилади.

Ҳар йили навбат асосида уруш ногиронларига тенглаштирилган шахслар, республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчилар, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган ёки Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган фуқаролар, ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар, ёлғиз кексалар санаторийга йўлланмалар билан таъминланади. Эътиборлиси, ушбу йўналишда ҳам қатор самарали ишлар бажарилмоқда. Масалан, ўтган йили Қашқадарё ҳамда Хоразм вилоятларида ҳар бири юз ўринли кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун бепул санаторийлар ишга туширилган бўлса, 2021 йилда Бухоро вилоятида худди ана шундай санаторий фойдаланишга топширилиши юзасидан саъй-ҳаракатлар бошланди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, ҳозирги кунда республикамизда алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган 150 минг нафар фарзандимиз бор. Уларнинг таълим олиши, муайян касбни эгаллаши учун кўмаклашиш, оғир касалликка чалинганларни даволаш, чин етимларга ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш, уй-жой билан таъминлашдек долзарб, масъулиятли, шарафли вазифалар ҳам кун тартибига қўйилди. Эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилади.

Бу борада агентлигимиз ва Халқаро меҳнат ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, Европа Иттифоқининг мамдакатимиздаги делегацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегия концепцияси ишлаб чиқилади. Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда, санаторий туридаги мактаб-интернатларда таълим-тарбия олаётган, ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳолидан хабар олиш борасидаги ишлар кўлами оширилади. Брайль ёзувидаги китоблар чоп этиш, аудиокитоб яратиш каби вазифалар янада жадаллик билан бажарилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз кириши ва фойдаланиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида махсус акциялар, ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бепул юридик маслаҳат хизматлари мунтазам ташкил этилишига жиддий эътибор қаратилади.

Шунингдек, одам савдоси оқибатида жабрланган фуқароларнинг тиббий-ижтимоий реабилитацияси ва кейинчалик ижтимоийлашуви бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан самарали ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилган. Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича манзилли чораларни кўриш юзасидан бажарилаётган ишлар ҳам такомиллаштирилади.

Бу каби эзгу амалларни, хайрли ишларни бажаришга ҳамкор ташкилотлар ҳамда саховатпеша ҳамюртларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшади. Барчамиз “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилидаЯнги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик! деган ягона мақсад атрофида бирлашиб ишлаймиз.

Алишер ИНАКОВ,

Тиббий-ижтимоий хизматлар

агентлиги директори