Инсон учун хотиржамлик ва саломатликдан ортиқ неъмат йўқ. Аммо ҳаёт одам боласини баъзан оғир хасталик ва чорасизлик билан синайди. Шундай пайтда озроқ эътибор ва ғамхўрлик ҳам дардманд кўнгилларга катта далда, тузалишга илинж беради. Бу ҳамдардликни, айниқса, давлат раҳбари кўрсатса, юракдаги ишонч тоғ қадар юксалади, синиқ нигоҳларда эртанги кунга умид ёлқинланади.
Эсингизда бўлса, Президентимиз ўтган йилнинг 14 май куни Республика ихтисослаштирилган гематология ва онкология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, оғир хасталикдан азият чекаётган болалар ва уларнинг ота-оналари билан юзма-юз суҳбатлашганди. Шифохонадаги шароитларни кўздан кечириб, масъулларга вазиятни яхшилаш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берганди. Бир неча кун ўтиб, 27 май куни Президентимизнинг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда онкогематология соҳасини ривожлантириш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Сабаби, соғлиқни сақлаш тизимидаги қатор йўналишлар сингари онкология ва гематология соҳасида ҳам ечимини кутаётган муаммолар йиғилиб қолган эди. Жумладан, тиббиётдаги илғор тажрибалар амалиётга жорий этилмагани, зарур дори-дармон ва жиҳозлар тақчиллиги туфайли беморларнинг соғайиш кўрсаткичи пасайиб кетганди. Қисқаси, соҳадаги вазиятни яхшилаш учун комплекс, илмий ёндашувга эҳтиёж юқори эди.
Ўшандан бери бир йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бу орада Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Арнасой кўчасидаги янги барпо этилган замонавий тиббиёт муассасасининг муҳташам биноларига кўчирилди.
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Болалар гемотологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият бошлади.
Ўтган ҳафта Президентимиз янги марказда бўлиб, бемор болалар ҳолидан хабар олди. Ота-оналар билан суҳбатлашиб, уларнинг юрагига қувват бўладиган гапларни айтди. Бу галги ташрифда давлатимиз раҳбари янги марказнинг фаолияти, унда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Оналар стулда тонг оттирмаяпи
Янги марказда онкогематологик касалликларга чалинган болаларнинг узлуксиз ва протокол бўйича тўлиқ даволаниши учун барча шарт-шароит яратилган. Ўринлар сони олдинги 85 тадан 160 тага етказилган. Илгари уч-тўрт бемор бир палатада ётқизилган бўлса, ҳозир ҳар бир бола учун алоҳида хона ажратилган. Унда фарзандининг парваришига масъул ота-оналар учун ҳам етарли қулайликлар мавжуд. Айни пайтда марказда 101 нафар ўғил-қиз даволанмоқда. Уларга 130 дан ортиқ шифокор, жумладан, 38 нафар илмий ходим ва юзлаб ҳамшира ғамхўрлик кўрсатмоқда.
— Ўтган йилнинг май ойида давлатимиз раҳбарини эски биноларда, беморларга етарли шароит бўлмаган жойда кутиб олган эдик, — дейди Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказининг 1-онкогематологик болалар бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Наргиза Бобохонова. — Ўшанда Президентимиз болалар гематология-онкология клиникасига ташрифи чоғида ота-оналарга ҳам шароит яратиш кераклиги тўғрисида тавсияларини берганди. Шундан сўнг орадан кўп ўтмай, замонавий шарт-шароит яратилган янги бинога кўчиб ўтдик. Аввалги эски бино билан ҳозирги марказ орасида жуда катта фарқ бор. У бинода битта палатада уч-тўрт бемор бола ва ёнида оналари ётар, уларга шароит йўқ эди. Тўғри, кичик беморларнинг ёнида онаси мизғиб олиши мумкин, бироқ каттароқ ўғил-қизларнинг оналари стулда тонг оттирарди. Болаларнинг даволаниш жараёни камида бир-бир ярим ой давом этади. Энди оналарнинг бир-бир ярим ой стулда ўтириб тонг оттиришини тасаввур қилинг. Уларга ҳам руҳий, ҳам жисмоний томондан жуда оғир эди. Ҳозир ҳамма шарт-шароит яратилган янги бинода ҳар бир палатада бир бола даволанмоқда. Оналар учун алоҳида диван-кресло, кечаси дам олиш учун қулай шароит яратилган.
Ҳамма шарт-шароит бор, дори-дармони текин
Хавфли гематологик ва онкологик хасталикка чалинганларни даволаш катта маблағ ва ресурс талаб этади. Жаҳон миқёсида шундай. Давлатимиз мана шундай мураккаб вазиятда ҳам фуқароларни ёлғизлатиб қўяётгани йўқ! Оғир касалликдан азият чекаётган, даволанишга имкон тополмаётган юртдошларимизга, биринчи навбатда, кўмак бериш чоралари кўрилмоқда. Янги марказдаги замонавий шароитлар, қўлланаётган илғор тажрибалар шундан далолатдир.
— Ўғлим Забиҳилло бундан икки йил олдин шу оғир дард билан хасталанди. Аввалги шифохонада ҳам ётганмиз. Шароити йўқ, бунинг устига зарур дори-дармон харажати белимизни букиб қўярди. Айниқса, оналарнинг ётишига жой йўқ эди. Бир бемор бола кимётерапия олиб, безовта бўлса, бошқа болаларга ҳам уйқу бермасди. Чироқ ёруғи ёки шифокорларнинг гапиришидан безовта бўлиб, боламизни овутиб тонг оттирардик. Тасаввур қилишингиз учун айтаман: бир курс даволаниш 30 кундан 60 кунгача давом этади. Бундай курслардан 5-6 та олишимиз керак. Даволаниш муддати узоқ, сабр қилишдан бошқа чорамиз йўқ, — дейди наманганлик Эътибор Абдураҳмонова. — Ҳозир янги марказда ҳамма шарт-шароит бор, дори-дармони текин. Ўтган куни Президентимиз ҳолимиздан хабар олгани келганида жуда хурсанд бўлдик. Очиғи, кутмагандик. Юзма-юз суҳбатлашиш насиб этди. Президентимиз касаллик ҳақида батафсил сўраганда ўғлимга илик кўчириш операцияси зарурлигини айтдик. У киши хориждан яхши мутахассисларни олиб келиб, шу ерда, мамлакатимизда илик кўчириш амалиётини йўлга қўямиз, деганида кўнглимда кечган гапларни айтгани сўз тополмайман. Ахир бу шу ерда даволанаётган ҳар бир ота- онанинг орзуси-ку. Болаларимизнинг тузалишига юрагимизда умид уйғотган ва шу хайрли ишнинг бошида турган Президентимиздан чексиз миннатдормиз!
Бетоб инсоннинг оғир хасталикдан халос бўлиб, тезроқ оёққа туриши учун дори-дармон ва тиббий муолажадан ташқари умид ва ишонч ҳам жуда муҳим. Буни улуғ табиб боболаримиз айтиб кетган. Замонавий медицина ҳам буни тасдиқлайди.
Энг илғор амалиёт қўлланади
Янги марказда айни пайтда замонавий жиҳозланган болалар онкогематологияси, гематология, онкология, реанимация, гемодиализ ва плазмоферез бўлимлари, стационар ва маслаҳат поликлиникаси фаолият юритмоқда. Бу йил аввалгиларига қўшимча 14 турдаги ускуна ва аппаратлар келтириб, ўрнатилди.
Шунга мутаносиб тарзда дори воситалари билан таъминлаш даражаси ҳам оширилди. Масалан, 2016 йили бунинг учун 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган бўлса, ҳозир бу сумма қарийб 60 баробар ошиб, 170 миллиард сўмга етказилди. Беморларга 91 турдаги онкогематологик дори воситалари давлат ҳисобидан текин бериляпти. Муолажаларга чет эллик малакали консультантлар жалб этилиб, даволаш ва диаг- ностика стандартлари янгиланди. Жумладан, ўзак хужайралари трансплантациясини ўтказиш кўрсаткичи ошди.
Илгари молекуляр генетика, иммуногистокимё каби мураккаб ташхисларни аниқлаш учун намуналар Ҳиндистон, Туркия, Россия каби давлатларга юбориларди. Энди бу шу ернинг ўзида амалга ошириляпти.
Келгусида гемапоэтик ўзак ҳужайраларини аллоген ва аутологик трансплантация қилиш учун 2 та асептик бино, ҳудудлардан узоқ муддатга келадиганлар учун 200 ўринли хостел барпо этилиши, йил якунигача марказга яна 67 турдаги жиҳозлар келтирилиши кўзда тутилаётгани инсон қадрини улуғлаш, унинг саломатлиги ва яшаш ҳуқуқини таъминлашга қаратилаётган юксак эътибор ифодасидир.
Давлатимиз раҳбари ташриф давомида ушбу марказ негизида илмни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Шунинг дек, бу соҳа юксак ривожланган Германия тажрибаси асосида даволаш протоколини янгилаш, мутахассислар жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Ҳар бир фоизда 10-15 боланинг тақдири бор
Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифида биз яна битта катта масалани кўтардик, — дейди Наргиза Бобохонова. — Энг катта муаммомиз суяк илигини кўчириб ўтказишдир. Бу метод ҳали мамлакатимизда йўлга қўйилмаган. Катта ёшли беморларда ўзидан ўзига илик кўчириб ўтказиш амалиёти жорий этилган, аммо болаларга қўлланмаяпти. Кимётерапия курсларини қабул қилгандан кейин касаллик чекинмаса, беморга илик кўчириб ўтказиш керак бўлади. Хаста болаларнинг 20-30 фоизи шунга муҳтож. Бу амалиёт айрим хорижий мамлакатларда 100 минг долларгача туради. Даволаниш муддати эса 3 ойдан кўпроқни талаб қилади. Бунча маблағни унча-мунча оила тополмайди. Чунки касал бола билан чет элда яшаш, шифохона, дори-дармон, озиқ-овқат харажати ҳар қандай оиланинг тинкасини қуритади. Шу боис, Президентимизнинг хориждан энг яхши мутахассисларни жалб этиб, илик кўчириш амалиётини юртимизда йўлга қўйиш бўйича масъулларга топшириқ бергани барчамизни қувонтирди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 апрелдаги “2022-2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарорида Республика ихтисосл аштирилган гематология илмий- амалий тиббиёт маркази ҳамда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ҳудудида илик кўчириш амалиётини йўлга қўйиш учун 2022 йилда янги махсус амалиёт комплекси биносини қуриш ва жиҳозлаш кўзда тутилган. Бу мақсадда Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасидан зарур маблағ ажратилади.
Шифокорнинг таъкидлашича, айни пайтда бу оғир хасталикдан тузалиш 70-75 фоизни ташкил этаётган бўлса, илик кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиши билан бу кўрсаткич 90-95 фоизгача кўтарилиши мумкин. Ҳар бир фоизда 10-15 нафар боланинг тақдири ётибди. Бу шунча оилага қувонч бағишланади, тугаллик қайтиб келади, дегани.
Ҳаммаси – инсон қадри учун!
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида бу йил 1 майдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган бемор болаларга қаровчи шахслар (ота-она ва бошқалар) учун бепул овқатланиш йўлга қўйилиши белгиланди. Айни пайтда бу эзгу иш ҳам ўз ижросини топди. Авваллари бир кунлик овқатланиш учун 11 минг сўм ажратилган. Айни пайтда болалар 5 маҳал витаминга бой иссиқ овқат тановул қиляпти. Худди шундай бемор болага ҳамроҳлик қилувчи ота-онаси ёки яқинларининг бепул овқатланиши йўлга қўйилгани хасталик ҳоритган оиланинг моддий таъминотига сезиларли ижобий таъсир кўрсатди. Қолаверса, оналарнинг бола парваришида ҳам маънан, ҳам жисмонан тетик бўлишига хизмат қилади. Чунки бир-бир ярим ой давом этадиган муолажа даврида озиқ-овқат масаласи ҳар қандай оилани моддий толиқтириши табиий. Қолаверса, бу чора-тадбирлар ташқаридан гигиена стандартларига номувофиқ озиқ-овқатларнинг шифохонага келтирилиши, турли ичак инфекцияларининг олдини олишда катта аҳамиятга эга.
— 2020 йили ўғлим Нурмуҳаммад иситмалаб, оёқ оғришидан шикоят қилгани учун дўхтирга бордик, — дейди ғиждувонлик Назира Салимова. — Шифокорларга кўрсатсак, оққон ташхисини қўйишди. Дунё кўзимга тор кўринди. Турмуш ўртоғим ишлаш учун бошқа мамлакатга кетган, ёлғиз бошимга боламни йўқотиб қўяманми, дея йиғлардим. Ўша пайтда яхши инсонларнинг кўмаги билан аввалги гематология шифохонасига келиб жойлашдик. Ўшанда жуда қийналганмиз. Ҳамма дори-дармон ўзимизнинг ҳисобимиздан, бунинг устига озиқ-овқат харажати тинкамизни қуритганди. Шифохонанинг биринчи бўлимида 58 кун даволанди болам. Кейин кундузги бўлимда 6 ой даволанишига тўғри келди. Шу орада ижарада яшаган пайтимиз бўлди. Бор будимизни сотиб, дори-дармон ва озиқ-овқатга пул топдик. Ҳозир оналарга алоҳида уч маҳал иссиқ овқат бепул бериляпти. Аввалгига нисбатан шароит жуда яхши.
“Меҳрли мактаб”дан таралаёган тафт
Марказда болаларнинг даволаниши билан бирга таълим-тарбияси учун ҳам етарли шароит яратилган. Бу ерда 40 ўринли мактаб ва 30 ўринли боғча ташкил этилган. “Меҳрли мактаб” ва “Илк қадам” номли ушбу муассасаларда болалар билим олиб, қизиқарли машғулотларда қатнашмоқда.
“Меҳрли мактаб”нинг асосий вазифаларидан бири шифохонада даволанаётган болаларни ҳаётга ижтимоий мослаштириш, мактабгача таълим ҳамда умумтаълим муассасаларида ўқишни давом эттиришига кўмаклашишдир. 16 майдан ҳозирга қадар марказда даволанаётган 215 нафар ўғил-қиздан 162 нафари (78 нафари мактабгача, 92 нафари мактаб ёшидаги болалар) 12 та фан бўйича дарсларда қатнашди. Тўгарак шаклида ташкил этилган мусиқа, тасвирий санъат ва технология машғулотлари бемор болалар билимидаги бўшлиқни тўлдиришга ёрдам бермоқда.
Шунингдек, марказда даволанаётган болалар ва ота-оналарининг рухиятини ўрганиш ҳамда уларга амалий ёрдам бериш мақсадида психологик хизмат ҳам йўлга қўйилган. Ҳозир таътил мавсуми бўлгани учун мактабда фақат тўгараклар ташкил этилган. Жумладан, мусиқа, арттерапия ҳамда фан тўгараклари болаларнинг вақти мазмунли ўтишига, руҳиятидаги тушкунлик ва хасталикни енгишига, руҳан кўтаринки кайфиятда юришига кўмак бермоқда.
Алланнинг орзуси
Давлатимиз раҳбарига қорақалпоғистонлик Аллан Маратов ўзининг орзулари ҳақида сўзлаб берди. У робототехникага жуда қизиқиши, келгусида “Тесла” компаниясига раҳбар бўлишини айтганида кўпчиликнинг юзига табассум югурди.
— Ўғлимни шу йилнинг 22 март куни бу ерга оғир аҳволда олиб келдик, — дейди Алланнинг онаси, қорақалпоғистонлик Муҳаббат Аллембергенова. — Нукусда онкологияга йўлиққанини билгач, бир муддат болам у ерда даволанди. Кейин бизни Тошкентга — Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказига юборишди. Самолётда боламнинг аҳволи оғирлашиши мумкинлигини айтишганди. Шу сабабли Тошкентга поездда келдик. Нукусдан Тошкентгача ҳар бир бекатда “Тез ёрдам” машинаси бизни кутиб турар, ўғлим нафас ололмас, кислород берилгач, бир оз ўзига келарди. Шифохонага етиб келгач, тўғри реанимация бўлимига жойлаштирилди. Шифокорларга минг раҳмат, масъулият ва эътибор билан қарашди. Ўғлим секин-аста тузала бошлади. Ҳозир аҳволи яхши. Аммо илик кўчиришга муҳтожмиз.
Алланнинг нега айнан “Тесла” компаниясига раҳбар бўлиш орзуси ҳақида сўраганимизда у экологияга зарарли таъсир кўрсатмайдиган, табиатни асраб- авайлашга хизмат қиладиган электромобиллар ишлаб чиқаришни исташини айтди. Кичкина хаста вужуддаги тоза ва беғубор бу орзулар эртага қанот ёзиб, рўёбга чиқиши, инсониятнинг ҳаёт тарзини яхши ўзанга буриши учун бор имконият ишга солинмоқда. Бунга давлат раҳбари даражасида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Аллан сингари мурғак вужудида дардни кўтариб юрган болалар ва кўзида ёш билан фарзандининг эртанги кунига умид билан яшаётган Муҳаббат Аллембергенова каби оналарга далда бераркан, жумладан, шундай деди: “Ёнингизга яна келишдан мақсадим — сизларга куч бериш, умидни икки карра кўпайтириш. Бу ҳаммамизга синов. Биз давлат бўлиб, ақлимизни, кучимизни ишга солиб, бу касалликларни енгишимиз керак. Ота-оналарга кўмак бериб, болаларнинг дардига малҳам бўлиб, уларни соғайтиришимиз зарур”.
Ҳа, бу учрашув болаларга ҳам, оналарга ҳам куч бериши, шифо топишга умидини янада ошириши шубҳасиз. Давлатимиз раҳбари айтганидек, бу — бир синов. Вақти келиб, бу имтиҳондан муваффақиятли ўтган болалар дуркун, навқирон йигит-қизлар бўлиб улғаяди. Ўшанда дил қатидаги энг ажойиб эсдалик Президент билан учрашув, унинг далдаси бўлиб қолади. Уларнинг шуурида инсон қадри улуғланаётган бу кунлар ёди бир умрлик эзгулик дарси бўлиб муҳрланади.
Рисолат Мадиева,
“Янги Ўзбекистон” мухбири