Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилиши ҳақида айтган, бунда қийноқларнинг олдини олиш бўйича омбудсман ваколатларини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига мониторинг ташрифларини уюштириш зарурлигини таъкидлаган эди.

Омбудсман жорий йил бошидан ана шу тизим асосида ишларни бошлаб юборди.

Мониторинг ташрифлари тизими доирасидаги навбатдаги жамоатчилик назорати тадбири Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 1-тергов ҳибсхонасида бўлди.

Бу ерда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги эксперт гуруҳи, оммавий ахборот воситалари вакиллари Миллий превентив механизми доирасида амалга оширилаётган ишлар, маҳбусларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий ёрдам олиш шароитлари, санитария-гигиена талабларига риоя этиш ҳолатларини ўрганди.

Тергов ҳибсхонасида жиноят иши бўйича тергов ёки суд жараёни кетаётган маҳбуслар вақтинча ушлаб турилади. Муассаса масъул ходимларининг айтишича, бу ердаги маҳбуслар сони кун ёки соат сайин ўзгариб туради. Кимдир келади, кимдир кетади.

Маҳбуслар учун қисқа ва узоқ муддатли учрашув, телефон сўзлашуви хоналарида яратилган шароитлар яхши. Почта ва бандеролларни қабул қилиш жараёни ҳам аниқ тартиб асосида йўлга қўйилган. Тергов хоналарида камералар бор, адвокат билан учрашув хонаси дахлсиз сақланади.

Аёллар жойлашган ҳудуд. Узун даҳлиз бўйлаб ҳибсхоналар. Қалин темир эшик ортида ким борлигини ҳозирча билмаймиз...

Соқчилар эшикни очади. Хонада икки қаватли иккита каравот жойлашган. Ўртага овқатланиш учун стол-стул қўйилган. Панжара ортидаги деразанинг очиқ қисмидан кўклам нафаси уфуриб турибди. Токчага пардоз ашёлари, гигиеник воситалар териб қўйилган. Ўрин устида бадиий китоблар. Ёши 40-45 лардаги икки аёлнинг юз-кўзлари хомуш боқади, эндигина 23 ёшга кирган қиз эса ҳаёти барбод бўлаётганидан эзилиб йиғлайди. Нажот кутади.

Бири товламачилик, бири босқинчилик, яна бири қотиллик содир этгани учун бу ерда ушлаб турилибди. Омбудсман улардан ҳол-аҳвол сўраб, шароитлар билан қизиқади.

Жавоблар ўхшаш: “Шароитлар яхши, ҳуқуқларимиз поймол қилинмаяпти. Фақат адашдик, ота-онамизни, болаларимизни соғиндик, пушаймонмиз...”.

Ошхонада маҳбуслар учун овқат тайёрланаётган экан. Тушликка қовурма шўрва, кечки нонуштага балиқ.

– Бизга олиб келинган маҳсулотлар сифатсиз бўлса, қабул қилмаймиз. Сифатли маҳсулот келтиришини сўраймиз, – дейди ошхона масъуллари.

Кутубхона, спорт майдончалари ҳам бор. Муаассаса ичидаги поликлиникада дори-дармон етарли. Ётиб даволаниш учун ҳам бўлмалар ташкил қилинган. Шифокорларнинг айтишича, маҳбусларни кўпроқ қон босими кўтарилиши безовта қилади.

– Ўзбекистонда кейинги 4 йилда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида жуда катта ўзгаришлар бўлди, – деди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) котибиятининг сектор мудири Темурбек Ҳайитов. – Бунга Президентимизнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир сиёсий иродаси билан эришганимизни алоҳида таъкидлаш жоиз. Оддий мисол: олдинлари жазонинг энг енгил тури ўталадиган манзил колонияларга кириб, маҳкумларга яратилган шароит билан танишишнинг ўзи бўлмасди. Бугун нафақат биз каби мутахассислар, балки сиз, журналистлар ҳам жазони ижро этиш муассасаларида бўлиб, маҳбуслар билан мулоқот қилиш ҳуқуқига эгасиз.

Тергов ҳибсхонасида Миллий перевентив механизми иштирокчилари маҳбуслар билан суҳбатлар ўтказди. Ўрганиш натижалари бўйича хулосалар умумлаштирилиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қийноқларга барҳам бериш борасида яхши кўрсаткичларга эришди. Бу халқаро миқёсда ҳам тан олинмоқда. Бунинг яққол мисоли сифатида жазони ижро этиш муассасаларида яратилган шароитларни келтириш мумкин. Лекин бир тамойил борки, уни ҳеч биримизнинг унутишга ҳаққимиз йўқ: ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар.