Истиқлол берган ижод эркинлиги ўзбек санъатида янги давр бошланишига замин яратди. Хусусан, Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Манзура Юсупова сингари изланувчан, санъатсевар инсонларнинг эзгу ғоялари ҳам кенг қулоч ёза бошлади. Манзурахон опа мустақиллик йилларида қайта дунёга келиб, камол топган халқ амалий санъатининг анъанавий ўзбек миллий қўғирчоқбозлик йўналиши андижон мактабининг асосчиси сифатида эътироф этилади.

Унинг момолардан қолган ва қадимий анъаналар асосида дунёга юз тутган илк қўғирчоқлари 1990-йиллар охирида пайдо бўлди. Миллий қўғирчоқ санъатини ривожлантириш йўналишида Америка Халқаро жамғармаси грантини қўлга киритгани санъат йўлидаги дадил одимлар учун муҳим омил бўлди. Бу Манзура Юсуповага миллионлаб нусхаларда ишлаб чиқарилаётган хорижий фирмалар қўғирчоқларида етишмаётган ҳаётийлик, табиийликни яратиш устида изланишга ундади. Юксак эстетик дид, ижодкорлик, касбга садоқат, тадбиркорлик ва ташаббускорлик Манзурахонни болалар дунёсига олиб кирди. У қўғирчоқ санъатига меҳр қўйди. Интилишлари натижасида қўғирчоқ тайёрлашнинг турли усулларини ўрганди. Ўз ўрнида тарихга ҳам мурожаат қилди. Жаҳон халқлари, айниқса, Шарқ халқларининг миллий қўғирчоқлари Манзурахонни ўзига мафтун этгани фикримизнинг дилилидир.

Бир неча йиллар давомидаги илмий-амалий изланишлар натижасида фақат қўл меҳнати, табиий миллий матолар, кашталар, умуман маҳаллий ҳом ашёларга асосланган ўзига хос ўзбекона, андижонча “Манзура опа қўғирчоқлари” дунёга келди.

Ижодкорни нафосат оламига олиб кирган эзгу туйғу — аввало бир меҳрибон она, ўзбек аёли сифатида миллий либослар билан ясанган ўзбек қўғирчоқлари орқали мурғак қалбларда гўзаллик, миллийлик, ватанга муҳаббат, ғурур ва ифтихор ҳисларини шакллантириш, десак хато бўлмайди. Қолаверса адрас, атлас, беқасам каби ўзбек миллий матолари жозибасини дунёга ёйишга хисса қўшиш истаги унинг фаолиятида самарали натижа берганига гувоҳ бўламиз.

Манзурахоннинг “Келин”, “Куёв бола”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Тўй бола”, “Ўзбек халқ эртаклари қаҳрамонлари”, умуман, миллий тимсоллардаги турли хажм, шакл ва қиёфадаги қўғирчоқлари қарийб 18 йил давомида вилоят, республика миқёсида ўтказилган Мустақиллик ва Наврўз байрамларини безади. “Ташаббус”, “Энг улуғ, энг азиз” каби маҳаллий, “Буюк ипак йўли”, “Базар-арт”, “Оймо” (Қирғизистон), “Ипак йўли ва зираворлар”, “Шарқ тароналари” каби халқаро форум, ярмарка, фестиваль ҳамда кўргазмаларда намойиш этилди. Францияда бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданияти ва санъат кунлари фестивали” экспонатлари қаторидан жой олди.

“Манзура опа қўғирчоқлари” юртимиз бўйлаб кенг тарқалиб ўзбек боғчалари, хонадонлари, қизалоқларимиз қалблари, гўзаллик шайдолари эътиборини тортиб келяпти. Улар энг аввало ўзбек халқининг миллий турмуши ва санъатини намоён қилувчи жаннатмакон Ўзбекистондан совға сифатида хорижий сайёҳлар орқали дунёнинг барча мамлакат халқларининг хонадонларидан, турли даражадаги музей ва коллекцияларидан ўрин олмоқда.

Бугун нафақат вилоятда, балки, бошқа ҳудудларда ҳам Манзурахоннинг шогирдлари — Андижон қўғирчоқ мактабининг истеъдодли давомчилари ўзларининг янгидан-янги миллий қўғирчоқлари билан халқаро ва республика миқиёсидаги кўргазма, ярмарка ва фестивалларда иштирок этиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат қиляпти. Бу эса юртимизнинг туризм салоҳияти ошишида ҳам муҳим омил бўляпти.

Яқинда Манзура опанинг “Миллий қадриятлар ва асрий анъаналар давомийлиги” номли кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма барча қатнашчилар, айниқса, хорижий сайёҳларда ўзига хос таассурот қолдиргани, қизиқиш уйғотганига шубҳа йўқ. Зеро, кўплаб иштирокчиларда шундай қўғирчоқлар соҳиби бўлиш истаги туғилди.

– Қўғирчоқлар нафақат бола учун овунчоқ, балки тарбия воситасидир. У орқали бола миллий анъаналарни, миллатга хос қадриятларни ҳис этади. Керак бўлса, ўрганади ҳам. Сўз фарзанд саломатлиги, унинг камоли хусусида кетар экан, бу ишга ниҳоятда катта эътибор ва масъулият билан ёндашмоқ лозим. Қўғирчоқларни яратиш чоғида, аввало, унинг миллийлигига, нафис кўринишига, либосларнинг ва ундаги ишлатиладиган бўёқларнинг сифатига алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ. Фарзандларимизнинг тажовузкор, ғарбона ўйинчоқларни эмас, аксинча ички кечинмалари юзида акс этиб, ибо-ҳаё, миллийлик нафаси уфириб турган, инсоний туйғулар ифодаланган шарқона қўғирчоқлар билан дўст бўлишини истардим. Шунинг учун ясаётган қўғирчоқларим орқали ўзбек миллатининг танти, меҳнаткаш, олижаноб қиёфасини ифода этишга уринаман, – дейди Манзура Юсупова.

Дарҳақиқат, миллийликка ҳурматни болалар боғчасидан, фарзандларимиз ҳали гўдаклигидан бошласак, улар ана шу руҳда камол топади, миллийликни, ўзликни муносиб баҳолай олади. Фақат уларни тўғри йўналтира олсак, нима яхшию, нима ёмонлигини онгига сингдира олсак бас!

Дилфуза МАВЛОНОВА,

Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи ходими