Айни пайтда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишини таъминлаш, қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида улкан ишлар бажарилмоқда. Бу борада қилинаётган ишлар самарасини Навоий давлат педагогика институти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Замонавий ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълим тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Инсоният фан ўқи атрофида айланаётгандек гўё. Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқ.

Кейинги йилларда Навоий давлат педагогика институтида қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди. Таълим йўналишлари ва мутахассисликлар сони кўпайди. Жумладан, бакалавриат йўналишлари 28, магистратура мутахассисликлари 17 тага етди. Ҳозир муассасамизда 15 минг 582 нафар йигит-қиз таълим олмоқда.

Янги ўқув йили учун бакалавриат ва магистратура йўналишлари қабул квоталари иш берувчиларнинг талабидан келиб чиқиб, ўтган йилги қабул режасига нисбатан 30 фоиз оширилди.

Бугунги глобал ўзгаришлар инсон саломатлиги масаласини кун тартибига чиқариб, тиббий таълимга кўпроқ эътибор қаратиш заруратини юзага келтирди. Шу боис, институтимизда 2021/2022 ўқув йилидан эътиборан янги тиббиёт факультети ҳамда ижтимоий иш сиртқи таълим йўналиши очилади.

Узлуксиз таълим тизимининг асосий мақсади — мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим ҳамкорлигидир. Институт жамоаси бу борада ҳам қатор амалий ишларни йўлга қўйди. Таълим сифатини ошириш учун вилоятдаги қатор мактабларга педагог ходимлар бириктирилди. Ўқувчиларнинг фанга қизиқишини ошириш, олий таълимга кириш кўрсаткичини яхшилашни назарда тутиб, институт профессор-ўқитувчилари мактабларда кимё, биология, тарих, математика ва бошқа фанлар бўйича тўгараклар ташкил этди. Олий таълимга кирувчилар тавсия ва йўл-йўриқлар ишлаб чиқди.

Институт олимлари томонидан 20 дан ортиқ инновацион ишланма яратилди. Шулардан 5 таси ҳудудий ишлаб чиқариш муаммолари ечими бўйича молиялаштириш дастурига киритилгани таълимнинг амалиёт билан узвийлиги таъминланаётгани, янги технологиялар ҳаётга татбиқ этилаётганини кўрсатади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Британия кенгашининг юртимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида олий таълим сифатини оширишга йўналтирилган “Ўзгаришлар академияси” номли умумий қиймати 200 минг фунт стерлинг бўлган халқаро грант лойиҳаси бажарилмоқда. Қолаверса, етакчи хорижий олий таълим муассасаларидан ўндан ортиқ профессор-ўқитувчи институтимиз ўқув жараёнига жалб қилиняпти.

Жамият ривожини илм-фандаги кашфиётлар, қўлга киритилаётган ютуқлар белгилайди. Шу маънода, институтимиз профессор-ўқитувчилари ҳам кейинги йилларда қатор муваффақиятларга эришди. Шу йилнинг ўзида институт профессор-ўқитувчилари 20 дан ортиқ фан докторлиги ва фалсафа докторлиги диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Докторант ва мустақил изланувчилар устоз-шогирд анъанаси асосида тадқиқотлар олиб бормоқда.

Институтимизда “Таълим, фан ва ишлаб чиқариш инновацион ҳамкорлик” тадқиқот маркази фаолият олиб бормоқда. Ҳозир унда Навоий давлат педагогика институтининг 24 та кафедраси профессор-ўқитувчилари ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Институт кафедраларини ўз ичига олувчи 18 та инновацион гуруҳ ташкил этилган. Улар Халқ таълими вазирлигига тегишли ўқув муассасалари билан 36 та, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташкилотлари билан 22 та, вилоят ташкилотлари билан 11 та инновацион ҳамкорликни йўлга қўйган.

Навоий вилоятидаги 229 та маҳаллада институт профессор-ўқитувчилари иштирокида “Бир зиёли — бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ташкил қилинди. Бундан ташқари, институтга Навоий шаҳридаги 10 маҳалла бириктирилган бўлиб, уюшмаган ва банд бўлмаган ёшлар билан самарали ишлар олиб борилмоқда.

Юртимизда илму маърифатга бўлган иштиёқ, интилиш азалдан қадрлаб келинади. Буюк бобокалонларимиз ўзларининг юксак ақл салоҳиятлари билан дунё тамаддунига  салмоқли ҳисса қўшган. Илмли инсон ҳар қандай жамиятда қадрланган, унинг шаъни, нуфузи жамият олдида юксак бўлган.

Шу маънода, бугун Навоий давлат институти мисолида юртимизда таълимга, илм-маърифатга қаратилаётган эътиборни янада юксалтириш муҳим аҳамият касб этаётгани ва шунга монанд кенг кўламли ишлар қилинаётганини таъкидлаш лозим. Зеро, илм-фан тараққиёти ҳар қандай давлат куч-қудрати, тараққиётининг кафолатидир.

Баҳодир СОБИРОВ,

Навоий  давлат  педагогика институти ректори