Халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлаш ўзбек давлатчилиги тарихида шунчаки маъмурий жараён эмас, балки давлат бошқарувининг адолат ва ишончга асосланганини кўрсатувчи асосий мезонлардан бири ҳисобланади. Аҳолини тинглаш, муаммоларини ҳал қилиш давлатнинг ҳам, ҳар бир бўғиндаги раҳбарнинг ҳам эл-юрт олдидаги доимий вазифаси ва бурчидир.
Шу маънода, Президентимиз
томонидан асос солинган Халқ қабулхоналари тизими ўзбек давлатчилик мактабига хос
“Куч — адолатда” концепциясининг мантиқий давоми сифатида ишлаётган халқчил
ва ҳаётий институт. Бу эса давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва бугун
халқимиз ҳаётида чуқур ўрин олган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари
халқимизга хизмат қилиши керак” тамойилининг ижтимоий адолатни таъминлаш борасидаги
ўзбек давлатчилик мактабининг янги тараққиёт босқичи бўлди, дейишга етарлича асос
бор.
“Президент портали”нинг
ибтидоси
“Сизда
ҳал этилмаган масалалар, муаммолар, ариза,
шикоят ёки таклифлар борми? У ҳолда мурожаатингизни тўғридан тўғри Ўзбекистон
Республикаси Бош вазирига юборишингиз мумкин”.
Бу янгилик 2016 йил 24
сентябрь куни бутун мамлакатимизни қамраб олди. Оддий муаммоларини ҳал қила
олмай давлат идоралари эшигида ҳафталаб-ойлаб сарғайган одамлар ўшанда
Ўзбекистон ҳукумати порталида очилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасини катта
нажот қўрғони сифатида қабул қилди.
Буни мазкур виртуал
қабулхонага дастлабки куниёқ юртимизнинг турли жойларидан мингга яқин ариза,
шикоят ва таклиф тушганидан ҳам билса бўлади.
Ўша даврда “Виртуал
қабулхона сайловдан кейин ҳам ишлайдими?” деган савол нафақат ислоҳотларга
шубҳа билан қараган хорижий ОАВлар мақолалари сарлавҳасига, балки оддий
инсонлар хаёлидаги доимий фикрга айланганди.
Виртуал қабулхонанинг
2016 йилдаги илк уч ойлик фаолияти:
- мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлаш соҳаси туб ислоҳотга муҳтожлигини;
- мурожаатлар билан ишлаш масаласига иккинчи даражали иш сифатида қаралганини;
- оддий инсонлар мурожаатларига ҳатто жавоб ололмагани, аксарият ҳолда расмиятчилик, бюрократизм ва сансалорлик ҳолатларига дучор бўлганини;
- раҳбарларда хоҳиш ва ирода бўлса, аксарият муаммоларни қисқа вақтда самарали ҳал қилиш мумкинлигини керагича исботлаб берди.
Шу боис, Президентимиз
Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали
маросимда 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон
қиларкан, қуйидаги ташаббусларни илгари сурди:
- давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш;
- аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этиш;
- аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтиш;
- барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш;
- ҳар бир туман ва шаҳарда Халқ қабулхоналарини ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш;
- Халқ қабулхоналарининг ҳуқуқий мақомини, уларнинг ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилаб қўйиш.
“Бизнинг асосий
мақсадимиз Халқ қабулхоналарига қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз
қолмайдиган тизим яратишдан иборат. Мухтасар айтганда, одамларнинг дардини
эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш аҳолининг давлат
ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади” деб таъкидлаганди ўшанда
давлатимиз раҳбари.
Орадан бир ҳафта ўтиб —
2016 йил 14 декабрда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимига киришиш
тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги
нутқида буюк мутафаккир Алишер Навоий меросидан келиб чиқиб, “Инсонларнинг
дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир” ғоясини
илгари сурдики, бу фикрғоя ва даъват бугунга қадар Президент халқ
қабулхоналарининг асосий шиори, бош вазифаси, фаолият мезони бўлиб келмоқда.
10-00 қисқа рақами ва
pm.gov.uz платформаси эса “Президент портали” деган халқона ном олиб, бугун
халқимиз ҳаётининг муҳим бир қисмига айланди.
“Адолат
овози жаранглаб туриши керак”
Давлатимиз раҳбарининг
2016 йил 28 декабрда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг
мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар
тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси Президент
виртуал қабулхонаси, Президент девони ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси сифатида қайта ташкил
этилди, Қорақалпоғистон, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва барча туман-шаҳарда бир
хил мақомдаги Президент халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди.
Президентимиз 2017 йили
Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва
Қорақалпоғистондаги Халқ қабулхоналари фаолияти билан бевосита танишиб,
фаолиятни самарали ташкил этиш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Ҳар
бир мурожаат — ижтимоий сигнал, индикатор
Халқ қабулхоналари
институти Президентимиз сиёсий иродаси билан давлат идораларини
халққа яқинлаштириш борасида ўз вақтида амалга оширилган муҳим ислоҳот ва
оқилона ташаббуслардан бири эканини ўтган 10 йил давомида ҳаётнинг ўзи
исботлаб берди.
Аҳоли муаммолари билан
ишлашнинг мазкур янги тизими йўлга қўйилиши натижасида ҳар бир фуқаронинг Президентга
бевосита мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқи рўёбга
чиқарилиши учун шароит, мурожаатларни қонунчиликда белгиланган уч шаклда —
оғзаки (0-800-210-00-00 ёки 10-00 қисқа рақамлари), ёзма (Халқ
қабулхоналари) ва электрон (pm.gov.uz) тарзда юбориш учун имконият
яратилди. Давлат идоралари билан аҳоли ўртасида мулоқот тизими
мустаҳкамланди. Барча даражадаги раҳбарлар одамларни тинглай бошлади. Энг
муҳими, халқ ҳар қандай муаммоси билан ҳадиксиз-қўрқувсиз, эмин-эркин мурожаат
қилиши мумкин бўлган ягона манзил пайдо бўлди.
2017 йил 11 сентябрда
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда
қабул қилиниши билан илк бор “видеоконференцалоқа”, “оммавий қабул”,
“Президент халқ қабулхонаси”, “Виртуал қабулхона” каби янги ҳуқуқий
истилоҳлар юридик амалиётга киритилди.
Муаммоси ечилган инсон
кўксини тўлдириб нафас олади, унинг ҳаётида ҳаловат, хотиржамлик пайдо бўлади.
Ўзини елкасидан тоғ ағдарилгандек ҳис қилади. Шу маънода, ўтган 10 йил давомида
давлатимиз раҳбари номига келиб тушган 11,6 миллиондан зиёд мурожаат
кўриб чиқилиб, унинг 7,9 миллиондан ортиғи (68,2 фоизи)
қаноатлантирилгани замирида миллион-миллион инсонлар ҳаётидаги ижобий
ўзгаришлар мужассам.
Халқ билан мулоқотнинг
янги тизими оддий одамлар ва раҳбарлар ўртасидаги мавжуд баланд деворларни
қулатди. Амалдорларни ҳамма томони қалин панжаралар билан ўралган биноларнинг
салқин кабинетларидан халқ орасига олиб чиқди. Сайёр ва оммавий қабуллар
қизғин, жонли мулоқот майдонига айланди, мансабдорлар мурожаатчи келишини кутиб
ўтирмай, фуқароларнинг олдига бориб, уларни ўйлантираётган масалалар ҳақида
юзма-юз гаплашиб олиши оддий ҳол бўлиб қолди.
Энг муҳими,
мурожаатларда акс этган энг долзарб муаммолар ечимига оид таклифлар асосида
тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши узоқ йиллар давомида тўпланиб
қолган ўткир ижтимоий-ҳуқуқий масалалар ҳал этилишига хизмат қилди.
Айтайлик, валюта
айирбошлаш (конверсия, конвертация) масаласида 2016 йилнинг IV чорагида 4826
та, 2017 йилда 22 098 та мурожаат келиб тушган эди. 2017 йил
сентябрь-декабрь ойларида Президентимизнинг сиёсий иродаси билан
мамлакатимизда валюта ислоҳотлари амалга оширилгач, бу тизимли муаммо тўлиқ ҳал
этилди.
Ёки яқин тарихимизда
Ўзбекистонда фуқаролик олиш энг қийин масалалардан бири бўлган. 1991-2007
йилларда қарийб 500 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2007-2016
йилларда ҳеч кимга фуқаролик берилмаган. Бу дегани минглаб инсонлар амалда мамлакатимизда
яшаб, унинг тараққиётига ҳисса қўшиб келаётган бўлса-да, юридик жиҳатдан
Ўзбекистон фуқароси мақомидан маҳрум бўлиб келганди.
Виртуал
қабулхонага 2016 йил IV чорагининг ўзида ушбу масалада 4 мингдан зиёд
мурожаат келиб тушгач, у чуқур таҳлил қилинди. Президентимизнинг сиёсий иродаси
билан ўтган даврда фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши
ҳамда тартиб-таомиллар соддалаштирилиши натижасида 2016 йил декабрдан
буён фуқаролиги бўлмаган
25 339 шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди, 2020 йилдан
2026 йилнинг ўтган давригача яна 66
мингдан зиёд шахснинг Ўзбекистон
фуқаролиги тан олинди. Ёки 1991-2016 йилларда
мамлакатимизда 7 кишига судлар томонидан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса,
Президент халқ қабулхоналари ва Олий судга мурожаатлари асосида 2017-2026
йилларда 7454 та шахс судлар томонидан оқланиб, реабилитация қилинди.
Банкоматдан нақд пул
олиш, ойлик иш ҳақлари ва пенсияларни нақд пулда олиш, Тошкент шаҳри ва Тошкент
вилоятида доимий рўйхатдан ўтиш, паспорт расмийлаштириш, нотариал
тизимдан норозилик, хорижий диплом нострификацияси, афв этиш ва амнистия,
ҳаж ва умра зиёрати, интернет, мобил алоқа сифати каби ўнлаб тизимли
муаммоларнинг ҳал этилишида ҳам айнан мурожаатлар таҳлили асосида қилинган
хулосаларнинг ўрни катта бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг
2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча
чоратадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк
ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш
тўғрисида”ги фармони қабул қилинишига ҳам Президент виртуал қабулхонасига келиб
тушган 5 мингдан ортиқ, сайёр қабулларда қилинган 3 мингдан зиёд мурожаат
таҳлили асос бўлган эди. Бунинг натижасида уй қуриб, узоқ йиллар давомида
ўз уйига эгалик ҳуқуқини ололмаган 621 мингдан ортиқ фуқаронинг муаммосига
давлат раҳбарининг 2018-2019 йилларда эълон қилинган бир марталик умумдавлат
акцияси доирасида ечим топилди.
Президентимиз
2022 йил 18 ноябрдаги видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда 2,6 миллион аҳоли
хонадонининг кадастр ҳужжатлари йўқлиги, ушбу аҳоли томорқа учун кредит,
субсидия ҳамда уй-жойини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмаётгани ҳақида
Халқ қабулхоналарига мурожаатлар тушаётганини айтиб, мутасаддиларга
республиканинг барча ҳудудларида кадастри йўқ хонадонлар масаласини
узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича
топшириқ берди ва “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда
уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги
қонун қабул қилиниб, 2024 йил 8 ноябрдан кучга кирди.
Бу билан кадастр
ҳужжатларини расмийлаштириш ва маълумотлар базаси фаолияти билан боғлиқ
масалаларни ҳал этишнинг ҳуқуқий асоси яратилди. Айни шу йўналишда 2020-2026
йилларда 81 153 та, жумладан, 2020 йили 5883 та, 2021 йили 9158 та, 2022 йили
12 126 та, 2023 йили 13 327 та, 2024 йили 15 665 та, 2025 йили 13 699 та, 2026
йилнинг ўтган даврида
11 617 та мурожаат келиб тушган. Йиллар динамикасидаги бу кўрсаткичлар ҳам
мазкур масала нима учун айнан 2022 йили кўтарилгани ҳамда давлат раҳбарининг
сиёсий иродаси билан қабул қилинган бу қонун халқимиз учун қандай долзарб,
тизимли муаммо ечимига хизмат қилишини ойдинлаштиради. Хатлов жараёнида аҳоли
ва соҳа ходимлари ўртасида турли баҳслар бўлиши боис, бу йўналишда мурожаатлар
сони ошиши табиий.
Мурожаатлар таҳлили
кўплаб ҳаётий лойиҳаларга, лойиҳалар
дастурларга ҳамда амалий ишларга айланганига кўп бор гувоҳ бўлдик. “Обод
қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари, “Обод марказ” лойиҳаси билан минглаб
қишлоқ-маҳаллаларга янги Ўзбекистон қиёфаси кириб борди. Ногиронлиги бўлган,
оғир ижтимоий аҳволда қолган 11 мингдан ортиқ оила уй-жойлар билан таъминланди.
Буларнинг барчаси
давлат ҳар бир мурожаатни ижтимоий сигнал, халқ ҳаётини кўрсатувчи индикатор
сифатида қабул қилаётганига ёрқин ҳаётий мисол бўла олади.
Мурожаатлар
кўриб чиқилиши устидан назорат кучайтирилди
Халқ билан мулоқот
тизимини такомиллаштириш — бугуннинг муҳим ва ўткир талаби.
Жорий йил 13 март куни
Президентимиз раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини
такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва
жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан ўтказилган
видеоселектор йиғилишида илгари сурилган янги ташаббуслар, берилган
топшириқлар билан Халқ қабулхоналари фаолиятининг янги босқичи бошланди.
Давлатимиз раҳбарининг
шу йил 1 апрелдаги “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича
қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси
Президенти халқ қабулхонаси ташкил этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимларининг
тегишли ҳудуддаги Халқ қабулхонасига жамоатчилик асосида раҳбарлик қилиши
белгиланди.
Янги тизим асосида 2026
йил 1 майдан Президент виртуал қабулхонаси ахборот тизимига келиб тушган
мурожаатлар бўйича назорат вақти режими ўрнатилди. Бунга кўра, белгиланган
муддатдан ўтган мурожаатлар ижро учун автоматик равишда юқори турувчи давлат
органига ўтказилмоқда.
Мурожаатларни қабул
қилишда уларни “шошилинч”, “одатий”, “маслаҳат талаб қилувчи” тоифаларга
ажратиш амалиёти йўлга қўйилди. Муддати кечиккан ва такрорий мурожаатларни
автоматик аниқлаш учун назорат индикаторлари ва “қизил сигнал”
тизими ишга туширилди.
Давлатимиз раҳбари
топшириғи асосида:
- Президент халқ қабулхонасида алоҳида назорат гуруҳи фаолияти йўлга қўйилиб, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан қатъий рақамли назорат ўрнатилди.
- Президент халқ қабулхонасида Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда фуқароларга ўз мурожаатини назорат қилиш имкониятини берувчи СМС хабарнома юбориш хизмати ишга туширилди.
Мамлакатимиздаги 8992 та
маҳаллада Президент виртуал қабулхонаси тизимида ишлаш учун алоҳида
кабинетлар очилиб, “маҳалла еттилиги” аъзолари мурожаатлар билан ишлаш
жараёнига жалб қилиниши таъминланди. Хусусан, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб 4289
та жамоавий мурожаат аҳоли вакиллари ва “маҳалла еттилиги” иштирокида
ўрганилди.
Мисол учун, ургутлик
Ф.Алиев мурожаати асосида Жўраптепа маҳалласида
3 километр, қизилтепалик Ж.Наврўзов аризасига кўра, Ҳафқориён
маҳалласининг 2 километр, бойсунлик С.Сафарова мурожаати бўйича
“Темирдарвоза” МФЙдаги 1,4 километр, пешкулик М.Суннатов мурожаати
асосида Гулистон маҳалласидаги 1 километр ички йўл асфальтланди. Асакалик
М.Мадаминова мурожаатига кўра, тегишли сув юбориш иншоотидаги электр қурилмалар
таъмирланиб, чекка адирли ҳудудда яшовчи 500 дан ортиқ аҳоли хонадонига сифатли
ичимлик сув етказиб бериш йўлга қўйилди. Қораўзаклик П.Сейтмуротов
мурожаати асосида Бердақ маҳалласидаги каналнинг 1,5 километр қисми қазилиб,
ҳудуддаги 5 та фермер хўжалиги учун ерни суғориш имконияти яратилди. Қувалик
Ф.Тиллабоева мурожаати бўйича “Тошкент” МФЙда 1 та янги трансформатор
ўрнатилиб, 1,5 километр тармоқ тортилди.
Аслида, мурожаатга
йўлланган жавоб фуқаро иштирокида ўрганилганда, ариза-шикоятга самарали ечим
топиш мумкин. Шунинг учун ҳам Халқ қабулхоналари томонидан жорий йилнинг ўтган
даврида 6296 та мурожаат жойига чиқиб ўрганилди, давлат идораларида
мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан 896 та ўрганиш, 3919 та
таҳлил ўтказилди.
Давлат органлари ва
ташкилотларига мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйган камчиликлари юзасидан
таъсир чоралари кўриш бўйича жорий йилнинг ўзида жами 5486 та ҳужжат,
жумладан, 1386 та тақдимнома, 642 та талабнома, 2963 та
кўрсатма, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари мажлисларига 495 та
ахборот киритилди.
Буларнинг натижасида
аҳоли мурожаатлари билан талаб даражасида ишламагани учун давлат идоралари масъул ходимларининг 151
нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 150 нафари
маъмурий, 89 нафари ойлик иш ҳақидан жаримага тортилди, 833
нафарига ҳайфсан эълон қилинди, 8 нафарининг лавозими
пасайтирилди, 3 нафарининг маънавий зиён учун
компенсация тўлаши, 1 нафари томонидан етказилган моддий зарар
қопланиши таъминланди. Бундан ташқари, яна 1335 масъул ходим расман
огоҳлантирилди.
Халқ
қабулхоналари диагностика марказларига айланмоқда
Давлатимиз раҳбарининг
шу йил 13 мартдаги видеоселектор йиғилишидаги топшириғи асосида Халқ
қабулхоналари фақатгина ариза қабул қилувчи орган эмас, балки Қарши шаҳри
намунаси асосида ҳудуддаги муаммоларни диагностика қиладиган марказга
айлантирилмоқда. Бу мурожаатлар билан ишлаш жараёнида “оқибатларга қарши
курашиш”дан “сабаблар билан ишлаш” босқичига ўтилаётганининг ҳаётий
исботидир.
Мазкур
топшириқ ижроси бўйича жорий йилнинг 16 мартидан Президент халқ
қабулхоналарига келиб тушган 104
680 та масала ҳал этилди. Жумладан, алимент
ундириш билан боғлиқ 11 993 та, газ баллонни тўлдиришга
доир 10 785 та, нафақа тайинлаш, моддий ёрдам ажратиш ва пенсияга
оид 9363 та, давлат идоралари ходимлари хатти-ҳаракатларидан
норозиликка доир 4123 та, меҳнатга ҳақ тўлаш ва
ҳисоблаш билан боғлиқ 2908 та, бошқарув сервис компаниялари (ширкатлар)
фаолияти билан боғлиқ 1811 та, ҳуқуқбузарликлар, суриштирув
ва терговга оид 1624 та, даволаниш учун моддий ёрдамга
доир 1572 та, ижро ҳужжатлари бўйича қарз ундиришга оид 1434 та
масала ҳал этилиши таъминланди.
Ҳудудлардаги
Халқ қабулхоналарида Қарши шаҳри намунаси асосида аҳоли мурожаатлари билан
ишлаш бўйича доимий ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар бир ҳудуддаги
жами мурожаатнинг камида 90-95 фоизи тегишли бўлган асосий идоралар (корхона,
ташкилот, муассасалар)дан бошлиқ ўринбосари даражасида соҳавий
координаторлар тайинланиб, доимий ишчи гуруҳларга бириктирилди.
Улар Халқ қабулхонасига
фақат заруратга кўра чақирилиб, ўз соҳаси бўйича фуқаролар қабулини ўтказиш, мурожаатларни
кўриб чиқиб, ҳал қилиш ҳамда тизимли муаммолар диагностикасини белгилаш бўйича
ишламоқда. Биргина июль-август ойларида Президент халқ қабулхонасига келиб
тушган 158 850 та мурожаат бўйича қилинган таҳлил асосида 494 та тизимли
муаммо аниқланиб, ечими туман-шаҳар, вилоят ё республика даражасига тегишли
бўлган 386 та таклиф ишлаб чиқилди.
Қорақалпоғистон Жўқорғи
Кенгеси, Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар
ҳокимлари ҳамда ўринбосарларининг Халқ қабулхоналарида шахсий қабуллар ўтказиш
сифати ва самарадорлиги оширилди.
Президентимиз
топшириғига кўра, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар
томонидан ўтказиладиган шахсий ва сайёр қабуллар тизимини тўлиқ рақамлаштириш
орқали қабуллар жараёни устидан назорат ўрнатиш мақсадида “Виртуал қабулхона”
тизимида “Рақамли қабул” модули ишлаб чиқилиб, тест режимида ишга туширилди.
Хулоса
қилиб айтганда, аҳоли муаммоларини тезкор ва манзилли ҳал этиш Ўзбекистон
Президенти раҳбарлиги юритилаётган халқчил сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Энди олдимизда турган
муҳим вазифалардан бири тизимни тўлиқ рақамлаштиришдан иборат. Шу мақсадда
фуқароларнинг барча турдаги мурожаатларини тўлиқ назоратга олиш, вазирлик ва
идораларнинг, маҳаллий ҳокимият органларининг мурожаатлар билан ишлаш
фаолиятини такомиллаштириш, ўзининг хусусиятига кўра ноёб бўлган “маҳалла
еттилиги” институти ва маҳаллий кенгашлар сўровлари асосида ҳудудларда
раҳбарлар қабулини ташкил этиб бориш тизимларини тўлиқ рақамлаштириш каби қатор
лойиҳалар устида ишланмоқда.
Асосий
мақсад давлатимиз раҳбарининг Президент халқ қабулхонаси олдига қўйган бош
вазифани сифатли бажариш, яъни халқимизнинг ҳар қандай масала бўйича тезкор ва
содда мурожаат қилиши учун янада қулай шарт-шароит яратиш, фуқаро кўтарган
масала ҳақиқатда ҳал этилганини рақамли тизим орқали объектив назорат қилишни
таъминлашдир.
Фаррух ОМОНОВ,
Президент
халқ қабулхонаси бошлиғи