Давлатимиз раҳбари олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида мамлакатимизда катта маъмурий ислоҳотлар бошланганини маълум қилди. Президентимизнинг шундан сўнг имзоланган “янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, вазирлик ва идоралар сони 61 тадан 28 тагача камайтирилиши, давлат хизматчилари сони ҳам босқичма-босқич 30-35 фоиз қисқартирилиши назарда тутилди.

Биринчи босқичда вазирликларни ислоҳ қилиш, ҳукуматнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, давлат аппаратидаги такрорланиш, кераксиз штатлар, юқори марказлашувга барҳам беришга эътибор қаратилди. Бу кейинги йилларда амалга оширила бошлаган энг йирик институционал ўзгариш бўлди. Ҳар қандай жамият муайян институтлар доирасида фаолият юритади ва ривожлана боради. Мамлакатимизда мустақиллик даврида иқтисодиётнинг янги хўжалик юритувчи субъектлари — йирик акциядорлик жамиятлари, холдинг компаниялар ва хусусий мулкчиликнинг турли шакллари пайдо этилди.

Шу билан бирга, улар учун фаолият юритиш шартларини белгилаб берувчи расмий қоидалар (конституция, қонунлар, фармонлар, қарорлар, маъмурий­ҳуқуқий ҳужжатлар) ҳамда миллий қадриятлар, урф­одатлар, менталитет ва бошқа норасмий меъёрларни ўз ичига олувчи институционал асослар яратилди. Бу жамиятда мулкчилик, ишлаб чиқариш, тақсимот ва истеъмол муносабатлари такомиллашуви, моддий, табиий ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга кучли таъсир кўрсатди.

Институционал ўзгаришлар муттасил такрорланиб, такомиллашадиган динамик жараён. Биринчиси, янги ҳаётий заруратларнинг пайдо бўлишидир. Масалан, юртимизда янги давлатчилик шаклланиши, бозор муносабатларига ўтиш билан қатор янги институтларга эҳтиёж пайдо бўлди. Иккинчиси, мавжуд институтларни такомиллаштириш, уларнинг ихтисослиги ва вазифаларини конкретлаштиришдир.

Илмий адабиётларда институционал ўзгаришларнинг учта гуруҳи фарқланади. Биринчиси, инкремент институционал ўзгаришларда ноформал қоидалар, меъёрлар, нисбатан кичик гуруҳларда оила­туғишганлик алоқалари ҳисобига мустаҳкамланади. Бунда гуруҳ аъзолари учун транзакцион харажат пасаяди. Иккинчиси, эволюцион институционал ўзгаришларда ноформал амалиёт аста-­секинлик билан умумий қабул қилинган формал институтларда мустаҳкамланади. Учинчиси, инқилобий институционал ўзгаришларга эса институтларни экзоген тарзда ташқаридан қабул қилиш ёки импорт қилиш орқали эришилади.

Институционал ўзгаришларнинг икки турини бир­биридан фарқлаш лозим. Эндоген иқтисодий тизимнинг институционал трансформацияси институтларнинг асоси бўлган мавжуд қоида ва меъёрларни эволюцион ўзгартириш орқали амалга оширилади. Экзоген институционал ўзгаришлар эса ўз табиатига кўра кескинроқдир. Кўпинча институтлар импорти орқали содир бўлади.

Институтлар импорти фақат бир ҳолатда — мамлакатдаги инс титутларнинг ривожланиш вектори жорий қилинаётган институтлар талабига мос келса, ҳеч бўлмаса, улар ўртасида зиддият кузатилмаганда амалга ошади. Экзоген институционал ўзгари ларга 1917 йилдаги октябрь тўнтаришидан кейин шаклланган янги иқтисодиётни ва ўтган аср охирларида бозор муносабатларига ўтиш туфайли шаклланган янги иқтисодий тизимни мисол келтириш мумкин.

Мустақиллик йилларида институционал ислоҳотлар бозор муносабатлари таъсирида бир неча босқични босиб ўтди. Уларни шартли равишда 4 босқичга ажратиш мумкин. Биринчи босқич 1991­1994 йилларни ўз ичига олиб, бу даврнинг характерли хусусияти давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодиётда кичик хусусийлаштиришни амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш муносабатларини йўлга қўйишдан иборат жараённи ўз ичига олади.

Иккинчи босқич 1995 йилдан 2000 йилларнинг бошигача бўлган даврни ташкил этади. Бу давр ўрта хусусийлаштириш, давлат ва хўжалик бошқарувининг янги шакллари вужудга келиб, холдинг, уюшма, концерн, компания каби тузилмаларнинг ташкил топиши ва қайта тузилиши билан характерланади. Учинчи босқич 2005-­2016 йилларни ўз ичига олиб, бу паллада анча йирик корхоналар, банк, суғурта каби тузилмаларда ҳам давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёни ўтди, хусусий сектор ривожланди.

Тўртинчи босқич 2017 йилдан бошланиб, бу даврда хийла йирик, нисбатан муваффақиятли фаолият кўрсатаётган корхоналарни ҳам хусусийлаштиришга кенг йўл очилди. Давлат ўз акцияларини сотувга чиқара бошлади. Айрим тижорат банкларидаги давлат улушлари ҳам аукционга қўйилди. Чунки бозор муносабатларини чуқурлаштириш шуни талаб қиларди. Бу қадар институционал ўзгаришлар самарасини бермасдан қолмади, албатта. Аммо институционал қайта қуриш суръати жамият ва иқтисодиётдаги ўзгаришлар динамикасидан ортда қолмаслиги керак.

Ижтимоий-­иқтисодий ва сиёсий ҳаётда давлатнинг ўрни ва ролига талабнинг ўзгариб туриши, маъмурий­буйруқбозликдаги бошқарувнинг иқтисодий (бозор) муносабатларига ўтиши, давлат ва хусусий сектор шериклигини ривожлантириш шуни тақозо этарди. Марказий ва ҳудудий (горизонтал) бошқарув муносабатларини уйғунлаштириш ҳам долзарб масалалардан. Буларнинг ҳаммаси 2022 йил охирида йирик институцонал ўзгаришларни бошлашга олиб келди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ана шундай ўта долзарб жараённи ҳисобга олиб ташкил этилган эди. Чунки инновациялар, юқори технологияли ишлаб чиқариш бўйича ривожланган мамлакатлар билан ўртамиздаги фарқ чуқурлашиб бораётган, бу борадаги дастлабки имкониятларни бой бериб бўлган эдик. Вазиятни баҳолар экан, давлатимиз раҳбари “Олдинлари эътибордан четда қолиб йўқ бўлиб кетиш арафасида бўлган соҳаларни оёққа турғизиш учун олти йил давомида янги вазирлик ва идораларни ташкил этишга тўғри келди. Шундай қилишга мажбур эдик, акс ҳолда, ҳозирги ютуқларимиз бўлмас эди”, деб таъкидлади.

Инновациялар соҳасида фақат сўнгги йиллардагина кўрилаётган жиддий чора­тадбирлар ҳисобига вазият бирмунча ўнглана бошлади. Лекин охиригача эмас. Масалан, инновацион ривожланишнинг муҳим сегменти бўлган ахборот технологияларининг ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссаси бўйича жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан камида 2 баробар орқадамиз.

Постиндустриал давлатларнинг техник ва технологик ривожланиш даражасидан анча ортда эканмиз, жадал чоралар кўрилмаса, бу фарқ янада катталашиши сир эмас. Масалан, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти маълумотларига кўра, илмий тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишланмалари харажатининг 5 фоизи юқори технологияли, 2,5­5 фоизи ўрта юқори технологияли, 1­2,5 фоизи ўрта технологияли, 1 фоиздан камроғи паст технологияли тармоқларга сарфланмоқда.

Бу ҳар қандай мамлакат учун юқори, салмоқли кўрсаткичдир. Маҳсулотнинг умумий қийматида фан сиғими юқори технологияларга илмий тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишланмалари харажатининг 8,5 фоизи тўғри келмоқда. Компьютер, электроника, ахборот технологиялари, дастурий таъминот, маиший электроника яратадиган “Apple” компаниясида капиталлашув қиймати 2,4, “Microsoft”да 1,9, “Alhhabet”да 1,5, “Amazon”да 1,2 триллион АҚШ долларини ташкил этади.

Бу ҳар қандай ўртача мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти қийматидан кўпроқдир. Ярим ўтказгичлар, интернет реклама, электрон тижорат, қидирув тизими, хотира чиплари, мобиль телефонлар, телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарадиган “Meta”, “TSMC”, “NvIDIA”, “Tencent”, “Samsung”, “Alibaba” компанияларининг ҳам бу борадаги кўрсаткичи юқори. Юқори технологияли маҳсулотлар экспортининг 60 фоизидан зиёдроғи Хитой, Гонгконг, Жанубий Корея ҳиссасига тўғри келмоқда.

Юқори технологияли товарлар экспортида Хитойнинг улуши (28 фоиз) юқорилиги, асосан, мобиль телефонлар, маълумотларни қайта ишлаш техникаси, хотира карталари, электрон интеграл микросхемалар, товушли, график сигнал ва тасвир узатиш ускуналари, процессорлар, назорат жиҳозлари, ярим ўтказгич қурилмалар, светодиодлар, оптик асбоблар, маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш қурилмалари ҳисобига таъминланмоқда.

Тўғри, бизда Калифорния (АҚШ)даги сингари Кремний (Силикон) водийсида жойлашган трансмиллий корпорациялар ёки Хитойдаги каби юқори технологияли инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга старт бериладиган, экспортга ишлайдиган эркин иқтисодий зоналар йўқ. Стэнфорд каби инноватор кадрлар етиштириб чиқарадиган университетларимиз билан ҳам фахрлана олмаймиз.

Кичик корхоналар ва хусусий тадбиркорлик билан эса бу қадар улкан муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Улар ҳисобига иш билан таъминлаш, рақобат муҳитини яратиш, бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш мумкин. Бунинг ўзи ҳам ёмон эмас. Лекин инновация учун катта маблағ, илмий, илмий­-техник салоҳият, ривожланган илмий тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишланмалари базаси зарур.

Қўшни Қозоғистон саноат маҳсулотлари экспортида юқори технологияли товарлар улуши бўйича кейинги йилларнинг ўзида 15 та илғор мамлакат қаторига кириб олди. Бундан 10 йилча аввал бу тўғрида гапириш ҳам қийин эди. Қандай қилиб, ниманинг ҳисобига қўшниларимиз бунга эришди? Улар, аввало, Россияга электроника товарлари экспортини кескин оширди. Кейинги бир йилда Россияга смартфонлар етказиб бериш, процессорлар экспортини ўн, юз баробардан зиёдга оширди. Бундан ташқари, чипли смарт карталар, флешка ва хотира карталари, видео ва фотокамералар, кир ва идиш ювиш машиналари экспортини кескин кучайтирди.

Қозоғистоннинг Россияга юқори технологияли товарлар экспортини аномал даражада оширганининг иккита сабаби бор, албатта. Биринчиси, ўтган йили март ойидан бошлаб Ғарб брендлари Россия бозоридан чиқиб кетди. Европалик аксар ишлаб чиқарувчилар ўз ташаб буси билан бизнесини тўхтатди. Энди уларнинг ўз маҳсулотини Россияга Қозоғистон орқали киритиши параллел импорт кўринишини олди.

Иккинчиси, Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг аъзоси бўлгани сабабли ишлаб чиқарган товарининг ҳудуд бўйлаб эркин ҳаракатланиш имконияти бор. Бироқ барибир бу тажриба халқаро бизнеснинг бозор конъюнктурасига мослашувчан бўлиш, вазиятни тез англаб олиш, жаҳон бозорида ҳосил бўладиган бўшлиқларни тўлдиришга тайёр туришни тақозо қилади. Янги ва қайта ташкил қилинаётган иқтисодий, ижтимоий институтлар худди ана шу муаммоларга шай турмоғи зарур. Институтларнинг рақобатбардошликни таъминлаш ва муваффақиятли ривожланишдаги ўрни ҳамда аҳамияти катта.

Институтлар эволюцияси такрор ишлаб чиқариш жараёнини мувозанатлаштиришнинг муҳим шартидир. Чунки улар давлат ва тадбиркорларга трансакция харажатини камайтириш имконини беради. Хўжалик субъектларининг иқтисодий манфаатларига ижобий таъсир қилади. Биз ишлаб чиқариш корхоналаридан самарадорлик, яъни нафақат кетган чиқимни қоплаш, балки фойда билан ишлашни талаб қиламиз. Бу тўғри. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, кенгайтириш, янги техника ва технология билан жиҳозлаш, малакали кадрлар жалб қилиш ва уларни моддий рағбатлантириш зарур.

Лекин нима учун институтларга бундай талабни қўйишимиз керак эмас? Самарадорлик тушунчаси институтларга ҳам хос бўлиши лозим. Аммо ҳеч қачон институционал хаос ёки вакуумга йўл қўйиб бўлмайди. Қачонлардир қабул қилинган қарорларни бирдан бекор қилиш қийин. Ёки эскисига ўрганиш, кўникиб қолиш мумкин. Бу эса институционал “тузоқ”ни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Натижада узоқ муддатли иқтисодий ўсишга тўсиқ пайдо бўлади. Хўш, институтларнинг самарали ёки самарасиз фаолият юритаётгани қандай ўлчанади ёки баҳоланади? Институтлар бозор муносабатлари шароитида натижадорлик нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим. Институтлар координациялаш механизми бўлиб, бирининг самарадорлиги, бошқасининг эса самарасизлиги институционал метарақобат натижасида аниқланади.

Агар иқтисодиётни ташкил қилишнинг қайсидир шакли барқарор бўлса, демак, у самарали. Чунки рақобат курашида кучлилар, яъни самаралироқ институтлар яшаб қолади. Институтлар самарали “ўйин қоидалари”ни яратиш билан фаолияти натижадорлигини максималлаштиради. Шу орқали халқнинг фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Акс ҳолда, улар қайта қурилади, ўзгартирилади, баъзида эса бутунлай тугатилади.

Миллий иқтисодиётда қайси соҳа (тармоқ) самарали, қайси бири самарасиз ишлаётганини аниқлаш қийин эмас. Янги иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бири ахборот­коммуникация технологиялари бўлгани сабабли бу йўналишнинг етакчи институционал тузилмаси Рақамли технологиялар вазирлигидир. Албатта, мазкур жараёнда бошқа манфаатдор идора ва вазирликлар ҳам фаол иштирок этиши талаб қилинади.

Бу институтнинг асосий вазифаларидан бири “Рақамли Ўзбекистон — 2030” дастурини амалга ошириш, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, IT технологиялар бозори салоҳиятини ошириш, умуман, ахборотларни самарали бошқариш тизимини яратишдан иборат. Демак, ушбу институт фаолияти самарадорлигини баҳолаш юқорида қайд этилган вазифаларнинг қай даражада уддаланишига боғлиқ бўлади. Қолган институтлар олдида ҳам шунга ўхшаш вазифалар тургани табиий. Ҳисоб­китобларга кўра, институционал қайта қуришлардан мамлакат бўйича 2,8 триллион сўм тежалади, транспорт харажати камаяди.

Лекин институционал ислоҳотлардан жамият кўрадиган фойда ёки ундан кўзланган мақсад шугина эмас. Бу муз тоғининг сув устидаги қисми, холос. Асосий самара барча ижтимоий­иқтисодий соҳаларда барчага баробар “ўйин қоидалари”ни яратиш орқали жамият ҳаётини янада бойроқ, жозибалироқ қилиш, халқнинг моддий фаровонлигини оширишдан иборат. Институтлар ва институционал ўзгаришларнинг аҳамияти катта. Зеро, ҳеч ким ишга ёки таълимга ўзининг қоидалари билан бормайди, балки мавжуд институционал қоидаларга амал қилади.