Куни кеча ана шу масала юзасидан Фарғона вилоят адлия бошқармасида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Айтиш жоизки, мазкур қарор билан Ўзбекистон тарихида илк маротаба 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Айни кунларда қарор мазмун моҳиятини тадбиркорлар ва ишбилармонларга тушунтириш ва яратилган имкониятларни етказиш мақсадида жойларда кенг қамровли тарғибот тадбирлари олиб бориляпти. Ана шу тадбирлар самараси ўлароқ адлия органларининг ҳуқуқий кўмаклашишлари натижасида биргина Фарғона вилоятида 280 га яқин тадбиркорлик субъектлари ортиқча сарсонгарчиликларсиз ўз брендларига эга бўлди.
Тадбир давомида таъкидландики, мазкур қарорга кўра, эндиликда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича Давлат божхона қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентликларига қўшимча вазифалар юклатилди. Республика божхона чегараси орқали интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш тартиблари такомиллаштирилиб, божхона органларининг бу соҳадаги фаолияти фаоллаштирилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, қарорга биноан тизимли равишда «қароқчи»лик билан шуғулланувчи ва ижодкорларнинг ҳуқуқларини бузувчи кўнгилочар веб-сайтлар фаолиятига чек қўйилади.
Интеллектуал мулк муҳофазаси ва қонуний ҳимоя тизимининг тўғри йўлга қўйилиши эса, инвестицияларнинг тўғридан-тўғри жалб этилиши, ихтирочилик салоҳияти ва технологияларининг кенг ёйилишига йўл очади. Бу эса, ўз навбатида, инсон капиталининг ривожланиши ва қўшимча моддий даромадларнинг ошишига олиб келади.
Тадбир якунида интеллектуал мулк соҳасида ўз брендларига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига гувоҳномалар топширилди.
Элёржон Эксанов,
Фарғона вилоят адлия бошқармаси
жамоатчилик билан алоқалар
бўйича етакчи маслаҳатчиси.