Тошкент вилоят адлия бошқармасида Адлия вазирлиги, вилоят прокуратураси,  Божхона бошқармаси, Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 апрелдаги “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан семинар ўтказилди.

Тадбирда вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектлардан вакиллар иштирок этди.

— Тадбир давомида интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилиш, интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда контрафакт маҳсулотларга самарали қарши курашиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил тушунчалар берилди, — дейди Тошкент вилоят адлия бошқармаси интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Абдувакил Содиқов. — Шунингдек, амалий тарзда бўлиб ўтган семинарда интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича жорий этилаётган янги механизмлар, интеллектуал мулкнинг самарали ҳимоясини таъминлаш, жамиятда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуққа нисбатан ҳурмат билан қараш маданиятини шакллантириш, интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбиркорлар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилиб, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилганлиги, идоралараро мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш,  шунингдек, патент божлари ва тўловларини мақбуллаштириш ҳақида ҳам ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Ўтказилаётган бундай амалий семинарлар тадбиркорларда интеллектуал фаолиятни янада ривожлантиришга, жамиятда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуққа нисбатан ҳурмат билан қараш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.

Эркин Дорипов,

Тошкент вилоят адлия бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар
бўйича етакчи маслаҳатчиси