Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ Матбуот хизмати хабар қилди.
Аниқланишича, Тошкентдаги олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олаётган Ғаллаорол туманилик талаба ўз шериги билан биргаликда виртуал жамоа тузиб, унга 18 нафарга яқин маҳаллий фуқароларни жалб қилган. Ушбу ёпиқ гуруҳда халқаро террорчилик ташкилотларининг ғоявий тарғиботчиларига тегишли бўлган, қонун билан тақиқланган аудио ва видео материаллар мунтазам равишда улашиб келинган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирувлар натижасида икки нафар асосий ташкилотчи процессуал тартибда ушланиб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 244¹-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, гуруҳнинг яна 9 нафар аъзоси маъмурий қамоққа олинди, қолган иштирокчилар билан эса профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Мутасаддилар фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги шубҳали контентлардан эҳтиёт бўлишга ва қонунга хилоф диний материалларни тарқатмасликка чақиради.