Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг мажлисида ҳам шу ҳақда сўз борди. Сенаторлар, Қўмита экспертлари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди ва муҳокама этилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялар ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг мамлакатимизни Интернет тезлиги бўйича халқаро рейтингдаги ўрнини яхшилаш, шунингдек, аҳолининг Интернет тармоқлари орқали эркин ва тезкорлик билан ахборот олиш имкониятлари бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда соҳага оид қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларнинг ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги интернетга уланиши зарурлиги ҳақида бир неча бор таъкидлаган эди. Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, Интернет тезлигини ошириш юзасидан мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда ўрнини яхшилаш мақсадида вазирлик томонидан ўтган 5 йил мобайнида қатор чора-тадбирлар ишлар амалга оширилган. Хусусан, интернет тезлигини ошириш мақсадида магистрал телекоммуникация тармоғи ўтказувчанлиги вилоятлараро даражада 400 Гбит/с тезликка, туманлараро тармоқлар тезлиги эса 40 Гбит/сга етказилган.

Республика ҳудудини оптик толали алоқа линиялари узунлиги 4,5 баробарга кенг полосали портлар сони 3,5 баробарга оширилган. Вазирлик томонидан мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида 2021 йилда 9 000 та база станциялари қурилиб ишга туширилган, уларнинг умумий сони 40  мингтага, республика аҳоли масканларини мобил алоқа билан қамрови даражаси 98 фоизга ва мобил Интернет тармоғига кенг полосали уланиш қамрови даражаси 93 фоизга етказилган.

2021 йилнинг III чораги якунига Давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 276 та турдаги хизматлар онлайн шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилган.

Бугунги кунда Ягона портал (my.gov.uz)да рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 850 мингдан ортган. Улар томонидан Ягона портал хизматларидан жами 2,3 млн. маротаба фойдаланилган.

Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда қулайликлар яратиш мақсадида, ҳудудларда 750 та почта алоқаси объектларида Ягона интерактив давлат хизматлари портали платформасидан фойдаланган ҳолда 30 турдаги давлат хизматларини тақдим этилмоқда.

Почта хизматлари яхши йўлга қўйилишига қарамасдан, афсуски, чекка ва олис ҳудудлардаги аҳолининг туман ва шаҳарларидаги Давлат хизматлари марказларига мурожаатлари сони камаймаган.

 Мажлисда сенаторлар ва экспертлар томонидан АКТ соҳаси фаолиятини янада яхшила борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати.