Қаҳрамонимиз — Темур Сейтжанов 1980 йилда туғилган. У “Амударё” ОФЙда “Хатеп” овулида умр йўлдоши Қутлихон Атенова ва ўғиллари Полат, Бегзод ва Рамазон билан бирга истиқомат қилмоқда. Каттаси 5-синф ўқувчиси, ўртанчиси беш ёшар, кичиги ҳали чақалоқ.
Биз юқорида айтиб ўтганимиздек, ўзининг ногиронлигига қарамасдан иссиқхона ва уй атрофидаги таморқасида меҳнат килишдан чарчамайди.
Ногиронлик нима сабабдан келиб чиққанига тўхталадиган бўлсак, у 2013-2017 йиллар оралиғида туман кўзи ожизлар жамиятига қарашли пахта тозалаш цехида ишлайди. 2017 йилнинг 24 май куни иш пайтида пахта станогида бахтсиз ҳодисага учраб, бир қўлидан айрилади. Бир аъзосидан айрилган бу инсон кўп қийинчилик кўради. Лекин, онаси, қариндошлари ва турмуш ўртоғи унга кўп суянч бўлди. Қийинчиликни бирга енгиб ўтишади.
Бироқ, у уйида бекор ўтирмади. Бир оила учун нима керак булса, барчасини муҳайё қилди. Унинг қилган ишлари соғлом, лекин, меҳнат қилишни хуш кўрмайдиган айрим ёшларимиз ва тенгдошларимизга ўрнак бўлиши аниқ.
Туман ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, шунингдек, бандликка кўмаклашиш маркази Темур ва унинг оиласини эътибордан четда қолдирмади.
Ўтган йили оиласи “Темир дафтар”га, умр йўлдоши эса “Аёллар дафтари”га киритилди. 2020 йил октябрь ойининг охирида уйи атрофида иссиқхона қурди. Унга бодринг, редиска, болгар қалампири, бақлажон, тарвуз, шивит, петрушка, саримсоқпиёз ва пиёз экиб, яхши ҳосил олмоқда. Саримсоқпиёз ва пиёздан олган биринчи ҳосилларини сотишга киришди. Бундан ташқари, мазкур оила паррандачилик билан ҳам шуғулланиб, товуқ боқмоқда.
Бу оила учун яқинда қувончли хабар келди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ёрдами билан кредит асосида иссиқхона қуриб бериладиган бўлди.
“Интилганга толе ёр”, деганлариидек, ўз олдига мақсад қўйган Темур ва Қутлихоннинг ишларига келажакда муваффақиятлар тилаймиз. Улар ўз уйи атрофидаги таморқалардан унумли фойдаланмоқда экан, бошқалар ҳам улардан намуна олиб, ўз-ўзини банд қилиб, фақат оиласини эмас, халқимизни ўзлари етиштирган ҳосил билан таъминлашдек улуғ ишларга бош қўшса, бу барчамиз ва жамиятимиз учун жуда фойдали бўлар эди.
Ф. Утемуратов,
Хўжайли тумани “Хўжайли ҳақиқати” газетаси муҳаррирининг ўринбосари,
“Шуҳрат” медали соҳиби