Унда шаҳарда янги инвестиция лойиҳалари, яратиладиган иш ўринлари ҳамда ишга туширилиши режалаштирилаётган йирик корхоналар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида 2020-2022 йиллар давомида умумий қиймати 3 триллион 249 миллиард  204 миллион сўм бўлган 108 та  лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Натижада 4 минг 925 та янги иш ўринлари яратилади.

 2020 йилнинг ўтган даврида белгиланган режа ортиғи билан уддаланди ва 71 та лойиҳа амалга оширилиб, 473 миллиард 617 миллион сўм ўзлаштирилди.

Жорий йил якунига кўра жами 83 та лойиҳа ишга туширилиши ва 1,2 триллион сўм  қийматидаги сармоялар ўзлаштирилиши, натижада 1 минг 523 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Жумладан, “SAM ANTEP GILAM” МЧЖ негизида умумий қиймати 30,2 миллиард сўм бўлган гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш, “SAM TURK BETON” МЧЖ  негизида умумий қиймати 10,3 миллиард сўм бўлган бетон маҳсулотлари, “Sam Fiorenta” МЧЖ негизида умумий қиймати 12,3 миллиард сўм бўлган газ плиталари ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилди.

2021 йилда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича шакллантирилган дастурга кўра жами 3,5 триллион сўмлик, 220 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар ишга туширилгач 2021 йилда қўшимча  5 минг 400  нафар иш ўринлари яратилиши режалаштирилди.

Самарқанд шаҳрининг 2020 йил тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўйича режаси 64,5 миллион доллар бўлиб, бугунги кунда 59 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хорижий кредитлар ўзлаштирилди. Жорий йил якунга кўра 65 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хорижий кредитлар ўзлаштирилиши кутилмоқда.

Мисол учун, Самарқанд шаҳрининг Хишрав-2 массивида “AZIA METALL PROF” масъулияти чекланган жамиятининг йирик инвестицион лойиҳаси босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Корхонанинг хорижий ҳамкори Хитойнинг “Xinjifng Zhongde Jiarun Trade Co.Ltd” компанияси ҳисобланади.

– Лойиҳанинг умумий қиймати 80 миллион АҚШ долларини ташкил этади, – дейди корхона раҳбари Одилжон Болтаев. – Шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция миқдори 31,5 миллион АҚШ доллари бўлиб, қолган маблағ ўз маблағларимиз ҳисобидан қопланади. Бу ерда қурилиш – монтаж ишлари 2017 йилда бошланган. 3 босқичдан иборат лойиҳанинг биринчи босқичи 2018 йил август ойида тўлиқ қувват билан иш  бошлади. Мазкур цехимизда бугун 31 турдаги турли ўлчамдаги металл қувурлар ишлаб чиқарилмоқда. Иккинчи цехимизда қурилишда импорт ўрнини босувчи тунука маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича технологиялар ўрнатилмоқда. Ушбу лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 500 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши белгилаб олинган. Корхона йилига 190 минг тонна металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.

 Хитойнинг "Urumqi Tongyale International Trade Co., Ltd" компанияси билан тузилган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ, металл қувурлар ва сендвич панеллар ишлаб чиқариш цехининг йиллик қуввати 30 минг тонна. Сендвич панел ишлаб чиқариш цехида ойига 30 минг квадрат метр маҳсулот тайёрланмоқда. Ҳар икки цехда 260 нафардан ортиқ ишчи  меҳнат қилмоқда.

– Бир неча йил давомида Россияда, оиламдан узоқда меҳнат қилдим, – дейди корхона ишчиси Шеҳроз Шайманов. – Ўзим Пастдарғом туманида яшайман. Бир нафар фарзандим бор. 2019 йил мазкур корхонага ишга кирдим. Мана энди ўз юртимда, оилам бағрида ишлаяпман. Бу ерда барча шарт-шароитлар яратилган. Келиб-кетиш учун транспорт ажратилган. Маошларимиз ўз вақтида бериляпти. Юртим тараққиётига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман.

Айни пайтда бу ерда учинчи цех қурилиши қизғин давом этаётир. Хорижлик ҳамкорларнинг 16 миллион 500 минг АҚШ доллари қийматидаги инвестицияси иштирокида махсус ишлов берилган қурилишбоп металл профил ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур металл профиллар саноат усулида ранглангани ва полемерлангани учун узоқ муддат сифатини йўқотмайди. Энг муҳими, мазкур цехда яна 300 та янги иш ўрни яратилади.

Лутфулла Сувонов,

“Янги Ўзбекистон” мухбири