Бу жараёнда ҳудудларда амалга оширилиши мақсад қилинган лойиҳалар ва уларнинг назорати жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, фаровонлик йўлидаги режалар давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди ва уларни ўз вақтида, сифатли бажариш юзасидан муҳим кўрсатмалар берди.

Қаҳрамон САРИЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси:

– Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси навбатдан ташқари сессиясида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича берган кўрсатмалари ижроси бўйича маълумот тақдим этдик.

Ўтган йили 712 лойиҳа амалга оширилган. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида эса 52 лойиҳани ишга туширдик.

Навбатдаги янги лойиҳалар тақдимотида ҳозирги кундан йил якунигача олдимизда қандай вазифалар турибди, “Темир дафтар”да кимлар қолади, “Ёшлар дафтари”да кимларни иш билан банд қиламиз, “Аёллар дафтари” билан қандай шуғулланамиз, бунинг учун қанча маблағ жалб қиламиз, экспорт, энг асосийси, иш ўринлари нима бўлади, деган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдик.

Йил якунигача 711 лойиҳани ишга туширишни режа қилганмиз. Бу лойиҳалар асосан туманларда аниқланган драйверлардан, ҳар бир туманнинг “ўсиш нуқтаси”дан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди.

Мисол учун, Пахтакўпир туманида чорвачилик, Нукус туманида мева-сабзавотчилик, Қораўзак туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби лойиҳаларни амалга ошириш мумкин. Ҳозирги кунда бу лойиҳалар бўйича иш бошланган. Ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ўтган йили Ахборот технологиялари парки ишга туширилди. Унда ёшларимиз ўзининг лойиҳаларини ишлаб чиқишни бошлади. “Асака” банк ёрдами билан лойиҳалар фабрикасини йўлга қўйдик. Шулар асосида йил якунигача қўшимча 22 минг иш ўринларини яратишни режа қилганмиз.

Қорақалпоғистон учун муҳим бўлган чорвачилик билан бирга, балиқчиликка ҳам эътибор қаратдик. Балиқчиликни интенсив ривожлантириш, яъни уйда ёки сеткаларда боқиш йўлига ўтишимиз зарур.

Мева-сабзавотчилик ҳам муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Қорақалпоғистон шароитига мос бўлган мева-сабзавотларни етиштириш олдимиздаги муҳим вазифадир. Узумзорлар, олма боғларини барпо этишимиз керак. Шу билан биргаликда шоли ҳамда сувни кам талаб қиладиган кунжут етиштириш ва уни саноат усулида ишлаб чиқиш бўйича лойиҳаларимизни тақдим қилдик.

Вермикулитдан фойдаланиш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида топшириқ берилди. Яна бир соҳа – Қорақалпоғистон учун муҳим бўлган қизилмия илдизини қайта ишлаш занжирини ривожлантирган ҳолда, уни плантация усулида етиштирсак, катта даромад олиш имконимиз мавжуд бўлади. Орол денгизида артемия цистасини қайта ишлаш ҳам яхши самара беради.

Бир сўз билан айтганда, тақдимот қилинган инвестиция лойиҳалари юзасидан Президентимиз берган кўрсатмаларни амалга оширсак, Қорақалпоғистонда янги ривожланиш босқичига йўл очган бўламиз. Пировардида, халқимиз турмуши фаровонлиги янада ошади.