Мазкур тадбир Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия томонидан ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад давлат сектори корхоналари мутахассисларининг давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш бўйича билимини ошириш, салоҳият ва кўникмаларини такомиллаштиришдан иборат.
Конференцияда Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия бўлинмалари раҳбарлари, тадқиқот ва таҳлилий тузилмаларнинг етакчи экспертлари, Хитой, Эрон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Таиланд, Сингапур, Малайзия расмий доиралари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда барқарор, ҳаётий ва рентабель лойиҳаларни тайёрлашда техник кўмак кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар танланган лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлайдиган амалий тадқиқотлар, жумладан, нарх ва сифат нисбати таҳлили, техник-иқтисодий асослар ва бизнес-режаларни ишлаб чиқиш ҳолати билан танишди.
Халқаро видеоконференцияда Ўзбекистон номидан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Умид Обидхожаев тақдимот қилди ва иштирокчиларни молиялаштиришнинг марказлашган манбалари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари самарадорлигини баҳолаш бўйича методика билан таништирди.
Методика марказ томонидан Осиё тараққиёт банкининг инфратузилма лойиҳаларини иқтисодий баҳолаш бўйича кўрсатмаси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, талаб, фойда ва харажатлар, хатарлар ва ресурсларни тақсимлаш таҳлилини ўз ичига олган қатор масалаларни қамрайди.
Марказ директори ўринбосари ўз тақдимотида солиқ тўловчилар ёки ташқи қарз ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари рентабеллигини баҳолаш кўплаб ривожланаётган мамлакатлар учун долзарб эканини таъкидлади.
Давлат кафолати остидаги ташқи қарзларни қисқартириш режалаштирилган бўлиб, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларига кўпроқ хусусий капитал жалб қилинади. Бу йил давлат-хусусий шериклик асосида қирқдан ортиқ йирик ва ўрта лойиҳани бошлаш режалаштирилган.
— Бугунги тақдимотдан мақсад халқаро экспертларнинг методикамиз тўғрисидаги конструктив фикр-мулоҳазаларини олишдир. Марказ методикасида келтирилган тавсиялар молиялаштиришнинг марказлашган манбаларидан, шу жумладан, ташқи қарз ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини иқтисодий таҳлил қилишга умумий ёндашувни белгилайди. Бунда лойиҳаларни танлаш, амалга ошириш ва тўлиқ лойиҳалаш параметрларига эришилгунга қадар инвестициядан кейинги давр босқичлари назарда тутилган, — дейди У.Обидхожаев.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
жамоатчилик билан алоқалар хизмати