Вилоятларда бу хусусда қилинаётган ишлар кўламини ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси томонидан  ишчи гуруҳлар тузилган.

Уюшма раиси бош маслаҳатчиси Олимжон Жумаев бошчилигида ишчи гуруҳ Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жойлашган "Zilol silk" МЧЖ томонидан йўлга қўйилган чуқур қайта ишлаш лойиҳаси билан танишди. МЧЖнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 24 тонна ипак, 9.2 тонна ипак момиғи ва 50 дона ипак гиламни ташкил этади.

Бу ерда доимий 631 нафар, мавсумий 7 минг 410 нафар аҳоли иш билан таъминланган.

"Zilol silk" МЧЖ томонидан 2021 йилда 875,5 минг долларлик ипак маҳсулотлари экспорт қилинган, 2022 йилда жами 987,8 минг долларлик (шундан 2022 йил 1 чоракда 310,4 минг доллар) ипак махсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган.

Шунингдек,  жараёнда тут экиш семинари ҳам ўтказилди.

"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, 40 минг дона тут кўчати экиш каби хайрли ишга бош бўлишди. Семинарда 2022 йилда пилла етиштиришнинг муҳим жиҳатлари, давлатимиз томонидан пиллакорлар учун ажратиладиган субсидия бериш тартиби ва пиллакорлар учун яратилган имтиёзлар ҳамда пилла етиштириш агротехникаси бўйича кенг кўламли тушунтиришлар берилди. Тутчилик соҳасидаги етук олимлар, жумладан, Ипакчилик илмий тадқиқот институти ўқитувчилари томонидан соҳа вакилларига пилла етиштиришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тавсиялар берилди.

Маълумот ўрнида: "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси 2022 йилнинг баҳорги мавсумида 78.2 миллион туп тут кўчати ва ниҳоллари етиштиришни ўз олдига мақсад қилиб олган.

Шунингдек, йил якунига қадар эскирган  4.1 минг  гектар тутзорлар янгиланиши режалаштирилган.