Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган ушбу тадбир Жаҳон банкининг “Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш дастури (CAMP4ASB)” лойиҳасини амалга ошириш доирасида олиб борилмоқда ҳамда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (РЭЦЦА) унинг ижро этувчи агентлиги ҳисобланади.

Унда Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон дипломатлари ҳамда парламент аъзолари, шунингдек, донорлик жамиятлари (Германия Ташқи ишлар вазирлиги) ва халқаро ташкилотлар (Жаҳон банки, Европа Иттифоқи, Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти – GIZ, Швейцариянинг ривожланиш ва ҳамкорлик агентлиги – ШАРС) вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон делегациясига Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алиханов бошчилик қилди.

Иштирокчилар CAMP4ASB лойиҳаси доирасида эришилган натижаларни ҳам миллий, ҳам минтақавий миқёсда ижобий баҳоладилар. Ушбу форматдаги учрашувлар иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг минтақадаги оқибатларини юмшатиш соҳасидаги минтақавий ҳамкорликнинг қонунчилик ва сиёсий асосларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.

Тадбир давомида Оролбўйи минтақасидаги иқлим ўзгариши оқибатларининг олдини олиш ва хавфини бошқариш соҳасида мамлакатимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зоналари деб эълон қилиш бўйича илгари сурган ташаббусининг долзарблиги таъкидланди.

Келгуси йилда иқлим ўзгариши бўйича тўртинчи Марказий Осиё конференцияси (ЦАКИК-2021) доирасида ташқи ишлар вазирликлари ва парламентлари форматидаги навбатдаги учрашувини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати