Бу бежиз эмас. Зеро, Бош қонунимиз ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилабгина қолмай, улар амалга ошишининг мустаҳкам кафолатларини таъминлайди.

Шуниси эътиборлики, Конституция­мизда давлат ва жамият тараққиётининг асосий мақсад ва тамо­йиллари белгиланиши баробарида ижтимоий ва иқтисодий ҳаётимизни ташкил этиш қоидалари ҳам ўрнатилган.

Жумладан, унинг 32-моддасида ­Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканликлари мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу моддада белгилаб қўйилган нормаларнинг амалий ифодасидан бири жорий йилга мўлжалланган давлат бюджетининг қонун шаклида қабул қилиниши бўлди. Ушбу чора, аввало, бюджет маълумотлари очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағлари шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида амалга оширилди. Бу эса Конституциянинг юқоридаги моддасида белгиланган нормаларга тўлиқ мос келади.

2020 йилдан бошлаб давлат бюджети қонун шаклида қабул қилиниб, халқ вакиллари томонидан назоратга олинди. Ушбу қонунга кўра, жорий йилдан бошлаб давлат бюджети устидан назорат, уни шакллантириш, тақсимлаш ва тасдиқлаш ваколатлари Олий Мажлис палаталарига ўтди. Бу эса, ўз навбатида, вазирлик ва идораларнинг парламентга ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилди. Зеро, давлат бюджети — халқ маблағлари. Парламент аъзолари — сенаторлар ва депутатлар халқ вакиллари сифатида эндиликда бу маблағларни тақсимлаш, вазирлик ва идораларнинг уларнинг сарфланиши ва фойдаланилиши ҳақида ҳисоботларини олиш ҳуқуқига эга бўлдилар. 

Конституциянинг иқтисодиётимизга бевосита дахлдор яна бир жиҳати шундаки, унда хусусий мулк дахлсизлиги ва мерос ҳуқуқи кафолатланган. Жумладан, Бош қонуннинг 12-бобида жамиятимизнинг иқтисодий негизлари алоҳида белгилаб қўйилган бўлса, 9-боби “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” деб номланиб, унда давлатимиз иқтисодий ҳаётига оид асосий нормалар белгиланган.

Хусусан, Конституциямизнинг 53-моддасида бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши қайд қилинган. Бунда давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза этилишини кафолатлаши, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани ҳам шу моддада белгиланган. Конс­титуциямизда ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли экани, мулкдорнинг  мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши ҳуқуқлари ҳам мустаҳкамланган. 

Бош қонунимиздаги мулк ҳуқуқига оид ана шу нормалар жорий йилда қабул қилинган тўғридан-тўғри таъсир кучига эга бир қатор қонунларда ўз аксини топди. Жумладан, Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган тўққизинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга   ўзгартишлар киритилмоқда. Улар мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари асоссиз бузилишининг олдини олишга қаратилган.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина қабул қилиниши белгиланди. Бу эса аксарият ҳолларда низо ва норозиликларни келтириб чиқараётган масалада адолат ўрнатилишига хизмат қилади.

Шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган ерни олиб қўйиш муносабати билан компенсация бериш тўғрисидаги келишув мажбурий тарзда нотариал тасдиқланиши шартлиги қонунда аниқ қилиб кўрсатилмоқда. Демак, эндиликда ушбу муносабатлар ҳужжатлаштирилади, бу эса мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқлари асосли равишда ҳимоя қилинади, деганидир.

Шу билан бирга, кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объекти мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган ҳолларда эса суд қарорида белгиланган компенсация тўлиқ тақдим этилгандан сўнг йўл қўйилиши белгиланмоқда. Шунга кўра, ушбу қонун кучга кириши билан “снос” масаласида шу пайтгача йўл қўйилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бартараф этилади.

Тадбиркорлик учун қулай шароит яратиш, асоссиз солиқ имтиёзларини бекор қилиб, барчага бир хил солиқ тартибини жорий этиш каби талабларни ифодаловчи, шу йилдан амалга киритилган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси меъёрларига ушбу қонун билан 11 та қонун ва 2 та кодекс талаблари мувофиқлаштирилмоқда.

Солиқ кодексидаги солиқ имтиёзлари индивидуал хусусиятга эга бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги талаб юзасидан “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги ва “Судлар тўғрисида”ги қонунлардаги судьяларнинг даромад солиғи тўламаслиги тўғрисидаги талабнинг бекор қилиниши каби ўзгаришлар киритилмоқда.

Жисмоний шахслар томонидан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган даромадларни солиққа тортишдан озод қилиш борасидаги талабга биноан кодексга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмаси қўмитаси, хайрия ва экология жамғармалари томонидан кўрсатилган ёрдам, жисмоний шахснинг манфаатини кўзлаб, товар ва хизматларни етказиб берувчидан сотиб олиш, пул кўринишидан ташқари хайрия мақсадида бошқа шаклларда қўллаб-қувватлаш каби аҳолининг моддий ҳолатини яхшилашга хизмат қиладиган бир қатор меъёрлар киритилган.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг эркин бозор шароитида, соғлом рақобат асосида ривожланиши борасида кенг имкониятларни таъминловчи бу каби янги қонун ҳужжатлари айнан Конституциямизда мустаҳкамланган тегишли нормалар асосида қабул қилинмоқда. Демак, мамлакатимиз фаровонлигини таъминлашда пойдевор бўлиб хизмат қилаётган Бош қонунимиз юртимизнинг янада равнақ топиши, унинг ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши йўлида асосий таянч, таъбир жоиз бўлса, йўлчи юлдуз бўлиб қолаверади.

Малика ҚОДИРХОНОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси