20 тоифадаги 250 га яқин ҳафталик Google қидирув натижалари, алоҳида маҳсулотлар учун нархлар сметалари ҳамда ялпи импорт ва захираларнинг асосий кўрсаткичларига асосланиб ҳафталик ЯИМ прогнози тузилди.

Прогнозлар ялпи ички маҳсулотнинг чорак якунлари кўрсаткичларида аниқланмаган ўзига хос жиҳатларини очиб берди. Хусусан, пандемиянинг ўткир даврида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти сезиларли даражада секинлашган. Айниқса, сезиларли пасайиш 2020 йилнинг март-апрель ойларида кузатилган. 2021 йилнинг биринчи ярмида эса иқтисодий ўсиш сезиларли даражада кўтарилган.

Ялпи ички маҳсулот ўсишининг ҳафталик прогноз кўрсаткичларини жамлаган ҳолда, Ўзбекистон иқтисодиётининг 2022 йил биринчи чорагида кутилаётган ўсиш даражаси аниқланди. Унга кўра, 2022 йил 1-чорагида ЯИМнинг реал ўсиш сурати 2021 йил 1-чорагига нисбатан 4,92% даражасида прогноз қилинмоқда.

Ўсишнинг асосий омиллари пандемиядан кейин халқаро савдонинг тикланиши, пул ўтказмалари ва ички инвестицияларнинг пандемиядан аввалги даражага тикланиши бўлади. Шу билан бирга, иқтисодий ўсиш "омикрон" штаммининг янги тўлқини ва иқтисодиётдаги тенденциянинг ўзгариши каби бир қатор хавф омилларига ҳам боғлиқ бўлади. Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда иқтисодий ўсишнинг прогноз оралиғи 4,5%-5,3%даражасида белгиланди.

Ноукастинг усули - Google қидирув тенденциялари, веб-саҳифаларда жойлаштирилган реклама ва эълонлар, янгиликлар матни маълумотларига асосланган ҳолда қўлланилади. Бу усул бир қатор ривожланган мамлакатлар - Англия банки, Европа Марказий банки ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан миллий иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқишда кенг қўлланилади. Жорий усул муҳим статистик маълумотлар, айниқса, ЯИМ кўрсаткичларининг сезиларли даражада кечикишлар билан чоп этилиши сабабли долзарб ҳисобланади. Ушбу прогноз иқтисодиётнинг меҳнат бозори ва аҳоли фаровонлиги каби ўзига ҳос жиҳатларини баҳолаш учун ҳам қўлланилади.

Ушбу усулнинг афзаллиги, ЯИМни қисқа интервалларда баҳолаш ва вақтли статистик маълумотлар базасига эга бўлишдадир. Ушбу тоифадаги моделлар анъанавий моделларга ўхшаш хусусиятларга эга, аммо "инқироз" ҳолатларида (масалан, 2008-2009 ва 2020 йиллар) улардан сезиларли даражада устундир.

Асрор Ниғмонов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Бош илмий ходими